ЖОНСАРАК ВА ЖАСОРАТЛИ ДЕПУТАТ

ЖОНСАРАК ВА ЖАСОРАТЛИ ДЕПУТАТ

Аҳрорбек Ортиқов оддий қишлоқ йигитларидан. Ўзининг камтар ва камсуқумлиги, меҳнаткаш ва шижоатлилиги билан аллақачон маҳалладошлар меҳрини қозониб улгурган. Шу боис уни аввал Чордона маҳалла фуқаролар йиғини раислигига, кейинроқ эса Ўзбекистон Экологик партиясидан халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлигига сайлашди. 

 

Бугун Аҳрорбекнинг ишлари қизигандан – қизиди. Боиси, кўклам юмушлари, ободончилик, кўкаламзорлаштириш ва даладаги деҳқончилик тадбирларининг ҳар бирида маҳалла раисининг иштироки, ҳиссаси, маслаҳати, амалий ёрдами зарур. Ҳар куни тонгдан маҳалла фаоллари,  кўчабошилар, оқсоқоллар билан ўзаро маслаҳатлашган раис қишлоқдаги долзарб масалалар ечими сари отланади. Бугун эса далада муҳим тадбир бор. Ҳудуддаги "Мингбулоқ браво агро“  фермер хўжалиги томонидан ажратилган майдондан маҳалладаги  34 нафар ёшларга 0,15   сотихдан ер берилади. Бу ана шу ёшларни аввало иш билан таъминлашга, иккинчидан иқтисодий имкониятларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

photo_2024-04-17_17-20-40

Кейинги муҳим тадбир эса қишлоқ марказидан ўтган катта йўл жуда серқатнов бўлиб, ундан мактаб ва боғчага борадиган ёш болалар учун жиддий хавф мавжуд эди. Бу ўз навбатида йўл ёқасида пиёдалар йўлакчаси қурилишини талаб этарди. Айни масала ҳам маҳалла фаоллари кўмаги билан ҳал этилди. Ҳашар йўли билан узунлиги 1800  метр бўлган пиёдалар йўлакчасини барпо этиш ҳаракати бошлаб юборилди. Бугун унинг асосий қисми қурилиб, четига қатор манзарали дарахтлар экилди. Бундан ташқари, маҳалланинг барча кўчаларига “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида минг тупга яқин дарахт ва гул кўчатлари экилди.

photo_2025-02-28_12-50-33

-Ҳар йили баҳорда бажариладиган ишлардан бири бу – қабристонларни ободонлаштириш саналади, - дейди Аҳрорбек Ортиқов. – Шу боис кеча маҳалладаги барча оқсоқоллар, меҳнат фахрийлари билан бирга ҳудудимиздаги қабристонда тозалов ишларини бажардик. Ҳудудга соя салқин берувчи павлония дарахти кўчатларини жойлаштирдик. Бу тадбир нуронийларимизни ғоят мамнун қилди. 

CZ3B9836

Чордана маҳалласининг ўртасидан  Зардарё канали оқиб ўтади. Икки соҳилни боғловчи кўприклар эскирганлиги боис маҳалладошлар анча қийналишарди. Бу муаммонинг ечими учун ҳам раис-депутат маҳалла фаолларини бирлаштирди. Натижада бугун учта асосий кўчадаги кўприклар янгидан қурилди. Бунинг учун давлат бюджетидан 7,5 миллиард сўм маблағ сарфланди. Пишиқ  ва пухта, замонавий    қилиб барпо этилган кўприк ҳамқишлоқлар узоғини яқин қилди.

photo_2025-03-17_05-22-24

Маҳалла раиси ҳамда депутат мақомидаги бу йигитнинг ҳар куни шундай мазмунли ўтади. У ўзининг жонсаракалиги билан барча ишга бирдек улгуришга ҳаракат қилади. Қолаверса, унинг жасорати ҳам ўзига яраша. Чунки, қишнинг қировли кунларидан бирида ҳудуддаги Зардарё каналига тушиб кетган 17  ёшли қизни қутқариш учун сира иккиланмай ўзини сувга отди. Икки чети нишоб, чиқиш қийин бўлган каналдан қизни тез фурсатда қутқариб чиқди. Ўзи ҳаво ҳарорати бир неча даража минусда бўлган бир пайтда сувнинг нақадар  совуқлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Қолаверса, мутахассисларнинг таъкидлашида Зардарё каналининг юзасидаги сув оқим тезлиги секундига 3-5 метрни, сув ости тезлиги эса 10-15 метр секундни ташкил этади.  Лекин, бу ҳолат тўсиқ бўлмади. Аҳрорбекнинг фавқулодда тезлик билан қилган ҳаракати ва шижоати сабаб ёш қизнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Аҳрор Ортиқовнинг ушбу жасорати Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси томонидан муносиб қадрланди. Уюшма раиси Қаҳрамон Қуронбоев томонидан у «Маҳалла ифтихори» кўкрак нишони билан тақдирланди. Шунингдек, Аҳрор Ортиқовга 10 миллион сўм миқдорида пул мукофоти берилди.

photo_2025-01-16_22-31-12

Қаҳрамон Қуронбоев бу каби ҳаракатлар бутун жамият учун намуна эканлигини таъкидлади. У Аҳрор Ортиқовнинг жасорати маҳалла ва кенг жамиятдаги инсонийлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилганини қайд этди. Унинг бу одамийлиги бутун республикадаги маҳаллаларга алоҳида намуна қилиб кўрсатилди.

CZ3B9815
Ҳа, Мингбулоқнинг чекка қишлоқларидан бири – Чорданада мана шундай оловқалб депутат бор. Эл хизматини ўзига шараф деб билган Аҳрорбек Ортиқов ўзининг раис ва депутат сифатидаги фаолияти билан янада ҳурмат, обрў топаётир. Тўғри-да, элни ўйлаган асло кам бўлмайди. Шундай экан, мана шундай жонсарак фаолларимиз тобора кўпаяверишига тилакдошмиз.

Улуғбек   Сатторов,

Ўзбекистон Экологик партияси

Мингбулоқ тумани Кенгаши раиси.