ЎЗИ КИЧКИНА, ХАВФИ ЖУДА КАТТА

ЎЗИ КИЧКИНА, ХАВФИ ЖУДА КАТТА

Инсонлар бугун ўз ҳаётини кичкинагина дастёрлар – турли электрон қурилмаларсиз тасаввур қила олмайди. Улар хоҳ мобиль алоқа воситалари,  хоҳ гаджет ва қўл соатлари  ёки бошқа жиҳозлар бўлиши мумкин. Мазкур ёрдамчиларимиз биз учун қанчалик зарур ва қулай бўлмасин, шунчалик катта хавф манбаи эканлигини ҳам унутмаслик керак. Хусусан, ўша ихчам қурилмаларни ишлатувчи литий-ионли батареялар ёнғин, портлаш ва бошқа кўнгилсиз ҳодисаларни келтириб чиқариши мумкин.

 

Литий-ионли батареяларнинг атроф-муҳитга етказадиган зарари жуда жиддий. Хизмат муддати тугагандан сўнг, ушбу кичик қувват манбаи ахлат қутисидан жой олади. Уни махсус машина чиқиндихонага олиб бориб ташлайди. Вақт ўтиши билан батарея бу ерда парчалана бошлайди ва зарарли моддаларни чиқаради. Бу моддалар атроф-муҳитга ва одамларга катта зарар етказади. Бу қандай ва нима учун содир бўлади? 

Aслида, жавоб сиртда ётади. Бунга ўзимиз – одамлар айбдор. Aксарият одамлар ишлатилган батареяларни махсус чиқинди йиғиш жойларига олиб бормайди, балки уларни дуч келган жойга, кўчага ёки ахлатга ташлайди. Афсуски, келтирадиган жиддий зарари сабаб ишлатиб бўлинган, яроқсиз ҳолга келган батареяларни дуч келган жойга ташлаб бўлмайди. Шунинг ривожланган давлатларда чиқинди  қутилар қаторида улар   учун галваник элемент белгиси туширилган махсус урналар қўйилган бўлади. 

photo_2025-05-14_10-59-39

Батареяларнинг асосий зарарлари қуйидагича таърифланади.

- қувват берувчи элементлар таркибига зарарли моддалар – магний, симоб, қалай, қўрғошин, никель, рух, кадмий киради. Улар организмда тўпланиб, касаллик келтириб чиқаради.

- уни чиқинди сифатида ёндирилганда одамларни заҳарлайдиган махсус диоксин газларини чиқаради.

- кичик болалар галваник элементни ютиб юбориши ва ўзларига зарар етказиши мумкин.

- батареялар портлаши ва шу орқали кутилмаган зарар етказиши мумкин.

- қисқа туташувда нотўғри фойдаланиш куйишга, жароҳатланишга  олиб келади. 

Бундан ташқари литийли батареяларнинг  атроф-муҳитга ҳам каттагина зарари бор. Олимларнинг таъкидлашича, битта кичкина батарея ёки аккумулятор 20 квадрат метр ерни ифлослантиради. Aтроф-муҳитга бундай таъсир оғир металлар орқали етказилади. Тупроққа қўшимча равишда бундай галваник батарея 400 литргача сувни заҳарлаши, сифатини бузиши аниқланган. Исталган жойга чиқинди сифатида ташланган галваник цилиндрлар ҳар ой табиатга худди шундай зарар етказади  ва етказиб келмоқда. 

CZ3B0659

Ўз навбатида заҳарланган тупроқ ўсимликларнинг яшашига ва сайёрамизни кислород билан бойитишига тўсқинлик қилади. У бепушт бўлиб қолади. Ерга бундай зарарни тузатиш учун ўнлаб йиллар керак бўлади. Оғир металл тузлари тупроққа кириб, кейин уларнинг бир қисми ер ости сувларига сингиб кетади. Оқар сувлар барча кимёвий моддаларни тўғридан-тўғри дарёларга олиб боради. Натижада бир ҳудуддан бошланган зарарланиш аввало регионал, кейинчали глобал ҳудудга таъсир қилиши мумкин.

Батареялар ёнган вақтида қувват манбалари яна бир зарарга олиб келади. Улар булутларга етиб борадиган заҳарли моддаларни чиқаради. Ундан кейин бу кимёвий моддалар ёмғирлар воситасида яна ерга тушади ва атроф-муҳитни ифлослайди. Шу тариқа табиатга етказилаётган зарар кўлами жуда катта бўлади. Оқибатда жамики флора ва фауна вакиллари  бундай таъсирлардан жиддий  азият чекади. Галваник ҳужайралар таркибида қўрғошин моддаси ҳам мавжуд бўлиб, унинг  хужайраси парчаланганда, қўрғошин қолдиқлари бутун ҳавога ёйилади ва атрофдаги барча тирик мавжудотларга салбий таъсир кўрсатади.

photo_2025-05-14_10-59-30

Батареялар одамлар  ва уларнинг саломатлиги учун ҳам тўғридан-тўғри катта хавф туғдиради. Жумладан, ишлатилган кичик электр манбалари   таркибидаги қўрғошин кишилар генитоурия тизими – буйракларга зарар етказади. Суяклар ва асаб тўқималарини шикастлайди. Баъзида танадаги қизил қон ҳужайраларини нобуд қилади.  Кадмий моддаси эса ўпка ва буйракларга жиддий зарар етказишга қодир. Симоб  оғир металл сифатида одам танасининг ҳамма органи учун бирдек хавфли. Нафас олиш тизимини бузади, буйраклар ва асаб тизимига кириб, уни парчалайди, йўқ қилади. Меркурий овқат ҳазм системаси фаолиятини издан чиқаради, уларнинг иш жараёнини бузиб юборади. Батареялар таркибдаги цинк ва никель мия шикастланишига олиб келади ва ошқозон ости безини йўқ қилади. Бундан ташқари, уларнинг таъсири ичакларга зарар етказиши мумкин. Галваник ҳужайрада инсон саломатлиги учун зарарли бўлган гидроксиди мавжуд. У тери ва тананинг шиллиқ пардаларига салбий таъсир кўрсатади.

CZ3B0654

Цилиндрсимон электр манбаи бўлган батареялар яна соғликка қатор тузатиб бўлмайдиган зарар етказиши, саратон ва репродуктив дисфункцияни ҳам келтириб чиқариши мумкин.   Дастлаб, ҳар қандай ўзгаришларни сезиш қийин. Aммо вақт ўтиши билан кичик қувват манбалари ўзининг салбий таъсирини юзага чиқаради. Aхир улар танада тўпланиши мумкин. Шунинг учун энергия манбаларини ахлат қутисига ташлаш яхши оқибатларга  олиб келмайди. Бошқачароқ айтганда, ахлат қутисига ташланган батареяни ҳисоблагичга уланган вақтли бомбага қиёслаш мумкин. Фурсати келиб у парчалана бошлагач, дунё заҳарнинг яна бир янги қисмини қабул қилиб олади. 

Демак, бугун батареяларни ахлат сифатида ҳар томонга улоқтириш фикридан қайтиш лозим. Бугун мамлакатимиз шаҳар ва туманларида ҳам ривожланган давлатлардаги каби мана шундай литийли батареялар учун алоҳида, махсус чиқинди қутилари  жойлаштириляпти. 

CZ3B0646

Республика чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги кўрсатмасига асосан агентликнинг вилоят бошқармаси мутахассислари батареялар учун махсус, ихчамгина қутиларни тайёрлашди. Бу қутиларга фақатгина мана шундай батареялар ташланади ва уларни  зарур хавфсизлик қоидалари асосида ташиб кетилади. Ҳозирда бундай жиҳозларни вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидаги мавжуд чиқинди йиғиш масканларига ўрнатиб чиқилмоқда. Илк қутиларни жойлаштириш даставвал Хонобод шаҳридан бошланган бўлса, кейинги биринчи қути Андижон шаҳрида, рамзий тарзда  табиат ҳимоячилари –Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва  иқлим ўзгариши бошқармаси ҳудудига ўрнатилди. Чунки, эндиликда  экологлар шаҳар ва туманларда ишлатиб бўлинган батареяларни махсус қутиларга ташлаш зарурати ҳақида аҳоли орасида доимий тушунтириш-тарғибот ишларини олиб борадилар. Жойлардаги мана шундай қутиларга йиғилган батареяларни белгиланган тартибда, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмаган ҳолда йўқ қилиш чоралари кўрилади.

CZ3B0635

Бугунга келиб дунёнинг қатор ривожланган давлатларида батареяларни зарарсиз усулда йўқ қилиш йўлга қўйилган. Бу борада Хитой, Америка Қўшма Штатлари ва Европа Иттифоқи давлатлари яхши натижаларга эришмоқдалар. Ҳозирда хавфсиз қайта ишланаётган батареяларнинг саксон фоизи ана шу давлатлар ҳиссасига тўғри келади. Айни йўналишда кўрилаётан чора-тадбирлар нитажасида мамлакатимизда ҳам ижобий натижалар сари қадам ташланган. Демак, яқин йилларда юртимизда ҳам батареяларни хавсиз қайта ишлаш борасида зарур натижаларга эришилади.

Бизнинг юртдошларимизга мурожаатимиз шуки,  ишлатилган ва яроқсиз ҳолга келган батареяларни дуч келган жойда қолдирманг, уларни бир жойга тўпланг ва жойларга қўйилган махсус чиқинди қутиларига олиб келиб ташланг! Бу билан нафақат ўзингиз, балки оила аъзоларингиз, яқинларингиз, энг асосийси табиат ва жамият хавфсизлигига катта ҳисса қўшган бўласиз!

 

Искандарбек Мирзаев,

чиқиндиларни бошқариш  ва циркуляр 

иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг 

Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи.