ЗАМИН – ЗАР, УНИ ҚАДРЛАГАН – ЗАРГАР
Она заминимизнинг ҳар қаричи тиллога тенг. Уни қадрлаган, авайлаган, ўз ўрнида, самарали фойдалана олган инсон тенгсиз бойликка эга бўлади. Ер унга ўз саҳоватини, неъматларини аямайди. Шу маънода Андижон туманидаги “Бўтақора ёғдуси” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Бахтиёржон Маҳкамовни заминни қадрлаган заргарга қиёслаш мумкин.
Бахтиёржон Маҳкамов 2016 йилда Андижон тумани Бўтақора қишлоғидаги адирликлар бағрида ўз фаолиятини тўхтатган ғишт ишлаб чиқариш корхонасини сотиб олди. Аввалдан турли муаммолар гирдобида қолган бу объектни ишга солиш осон бўлмади. Йиллар ўтди, сабр ва матонат, мақсад сари интилиш мевасини берди. Орадан беш йил ўтиб ғишт ишлаб чиқариш заводи зарар ўрнига фойда бера бошлади.
-Очиғи дастлабки йиллари қийинчиликлар дастидан шу корхонани сотиб олганимга пушаймон қилдим, кайфиятим ҳам тушиб кетди, қўлим сира ишга бормай қолди, - дейди Бахтиёржон Маҳкамов. – Аммо, ортга қайтмадик. Сабримиз охири хайрли бўлди. Бугун корхонамиз олтмиш нафардан ортиқ ишчиларни ўз сафига бириктирган каттагина меҳнат жамоасига айланди. Ҳар ойда ўртача бир миллион дона пишган ғишт ишлаб чиқаряпмиз. Ишчиларимиз учун барча шароит муҳайё. Уч маҳал иссиқ овқат, ётоқ жой, ювиниш ва дам олиш хоналари мавжуд. Ойлик маошлар юқори. Бир сўз билан айтганда, корхонамизда ишлашни хоҳловчилар етарли. Ҳозирда заводимизда ҳаттоки Қорақалпоғистон Республикасидан келиб ишлаётган йигитлар бор.
Таъкидлаш жоиз, объектдаги ишлар ўз-ўзидан юришиб кетгани йўқ. Сабр ва матонат билан бирга тадбиркор ердан фойдаланиш борасида аниқ ва режали иш ташкил қилди. Бу борада қонунчилигимизга асосланди. Адирлик бағридан олинаётган тупроқ ўрини қайта тиклаш ишларини бажарди, у ерларда яшил ҳудудлар ва боғлар барпо этди. Бундан ташқари корхона даромадидан маҳалла ободлиги, Бўтақора қишлоғидаги йўл четлари, кўча бўйларига қатор манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экишнинг ташаббускори бўлди. Маҳалладаги тадбирлар бошидан турди. Эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратишда маҳалла фаолларига яқин кўмакчи, маслаҳатчи бўлди. Хусусан, қишлоқдаги кексалар уйининг асосий ҳомийларидан бирига айланди. Энг муҳими, у табиатсевар мулкдор ҳисобланади. Бу йил кўкламнинг ўзида у адирликлар бағрига салкам икки юз туп павлония дарахтини, йўл четларига эса 40 туп гилос кўчатини экди. Бу билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига ҳам салмоқли ҳисса қўшди.
-Ер билан ишлаб кам бўлмаяпмиз, шунинг учун ҳам шукрини қилишимиз лозим, - дейди тадбиркор. – Эришган ютуқларимизда бизга мадад бераётган ташкилотлар қаторида вилоят экология, атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимларининг ҳам ўз ўрни бор. Улар вақти-вақти билан корхонамизга келишади. Қонуний фаолиятимизни таъминлаш, табиатни муҳофаза қилишга доир қонунларни ўрганиш, тупроғи олинган ерларимизни рекультивация қилишда амалий ёрдам беришади. Уларнинг бугунги ташрифи эса “Халқаро Ер куни” муносабати билан бўлди. Меҳмонларимиз корхона фаолияти билан яқиндан танишдилар, ҳар бир жараённи кўздан кечириб ўзларининг муҳим тавсияларини беришди. Ўзаро суҳбат давомида “Халқаро Ер куни” ва ердан самарали фойдаланиш борасиги қонунчилик хусусида қатор янги маълумотларга эга бўлдик.
Бахтиёр Маҳкамов камгап, камсуқум йигит. У билан суҳбатлашсангиз ҳар қандай саволга биргина оғиз жавоб қайтаради. Амалий ишни яхши кўради. Режалари ҳақида ўртоқлашар экан, яқин йилларда корхона атрофидаги қирларни тўла дарахтзорларга айлантириш нияти борлиги таъкидлади. Ҳудуд обод, сўлим ва салқин бўлади. Тоза ҳаво эса танга даво. Авваллари ғишт ишлаб чиқариш корхоналари табиий газ ва бошқа ёқилғилар сабаб ҳавони булғаган бўлса, эндиликда улар атрофини яшиллик билан буркашга хизмат қилиши керак, дейди. Табиатни асрасак, у ҳам бизни асрайди, неъматларини дариғ тутмайди, деган ғояни ҳаётий шиор қилиб олган.
Ўйлаймизки, ерни қадрлаётган, табиат муҳофазасини ўзининг бурчи деб билган Бахтиёр Маҳкамовнинг фаолияти бошқа тадбиркорларга, шу соҳада меҳнат қилаётган юртдошларимизга ибрат бўлади. Заминни қадрласанг, қадр топасан, уни эъзозласанг иззат топасан, дейишади. Бу айни ҳаётий ҳақиқат.
Оятилло Маматқулов,
Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши
бошқармаси ер, сув-ер ости бойликларини
муҳофаза қилиш соҳаси бош мутахассиси.