ТАБИАТНИ АСРАШ – ТИРИКЛИКНИ АСРАШ ДЕМАКДИР

ТАБИАТНИ АСРАШ – ТИРИКЛИКНИ АСРАШ ДЕМАКДИР

Жами жонзотларга ватан бўлмиш табиат бугун таназзул ёқасига келиб қолди. Курраи замин бағридаги барча табиий бойликлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсидан хўжасизларча фойдаланиш инсониятни қатор муаммоларга дучор этяпти. Ҳаво ва сув ҳаддан ортиқ ифлосланди, тупроқ таркиби керагидан ортиқча кимёвий моддаларга тўйиндики бу озиқ –овқат сифатига жиддий путур етказмоқда. Иқлим ўзгариши боис табиий офатлар кўпайди, аҳоли ўртасида касалликлар сони кескин ортиб боряпти. 

Шу боис давлатимиз раҳбари жорий йил 20 ноябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида сўзлаган маърузасида кириб келаётган 2025 йилни юртимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилди.  Албатта, йиғилганлар томонидан бу ташаббус тўла қўллаб-қувватланди. Чунки, Президентимиз таъкидлаганидек, бугун мамлакатимизда “яшил” технологияларни жорий этиш, сувни тежаш, кўкаламзор ҳудудларни кескин кўпайтириш, Орол фожиасининг оқибатларини юмшатиш, чиқиндилар муаммосини ҳал қилиш, энг муҳими, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш каби масалалар устувор аҳамият касб этмоқда. 

Ҳозир ҳар йили дунё бўйича ўртача 3-5 миллион гектаргача ўрмонзорлар кесиб юбориляпти. Бу ер юзидаги ҳароратни кескин кўтарилишига хизмат қиляпти. Саноат ишлаб чиқариши, транспорт воситаларидан чиқаётган ҳамда атмосферада тўпланаётган чанг ва тутун ердан қайтаётган қуёш нурини тўсиб қолиши оқибатида юзага келган “иссиқхона эффекти” оқибатида сайёрамиздаги асрий музликлар, Антарктида, Арктика, Гренландия каби ороллардаги музликлар тез суратларда эриб бормоқда. Жараён шундай давом этса, 2050 йилларга бориб океан сувлари ҳозирги сатҳидан 1,5-2 метргача кўтарилиши мумкин ва минглаб ороллар, орол давлатлар бутунлай сув остида қолади. Соҳил бўйи мамлакатларининг катта қисмини сув босади. Бундан ташқари чиқиндилар муаммоси ҳам ғоят долзарб бўлиб қолди. Ҳозирда мавжуд уммонларнинг 60 фоизи чиқиндига тўлди. Чексизликларга чўзилган сув ҳавзаларида саноат ва ишлаб чиқариш жараёнларида ҳосил бўлган ахлатларни қўятуринг, биргина пластик идишлардан ҳосил бўлган катта-катта оролларни кўриш мумкин. Мутахассисларнинг шоҳидлик беришича, ана шу турдаги ахлатлар уммон тубида, олти километргача бўлган чуқурликкача тушиб борди. Бу эса улкан ҳалокат белгиси. Маълумотларга кўра, ҳозирда дунё уммонларида 60 миллиард тоннадан ортиқ ана шундай чиқиндилар катта-кичик оролчаларни ташкил қилган. Энг ёмони шуки, пластик чиқиндилар уммон юзасини қоплаб олиб унинг флора ва фаунасига жиддий зарар етказаётганини, кўплаб ўсимлик ва ҳайвонот дунёси вакиллари тез фурсатларда қирилиб кетаётганлигини ҳисобга олсак, уммонлар яқин келажакда инсон учун ҳаёт манбаи эмас, балки ҳалокат майдонига айланади. 

Айни йўналишдаги муаммолардан яна бири сифатида ичимлик сувини алоҳида таъкидлаш жоиз. Чунки, сув она сайёрамизда қанча катта майдонни эгаллаган бўлмасин, унинг атиги икки фоизигина ичишга яроқли, холос. Шу боис ҳозирда курраи заминнинг кўплаб минтақаларида ичимлик суви бошқа табиий бойликлар, хаттоки нефт маҳсулотларидан қиммат туради. Дунё аҳолисининг тўртдан бир қисми ичимлик суви муаммо саналган ҳудудларда яшашини ҳисобга олсак, оби ҳаётнинг нақадар азиз эканлигини тушуниб етамиз. Қишлоқ хўжалигида кимёвий модда ва ўғитлардан кенг кўламда фойдаланиш натижасида тупроқ таркиби зарарланди. Етиштирилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг таркибида нитрат миқдори ортиб кетган. Мева-сабзавотлар парваришида органик ўғитлар, хусусан биогумусдан фойдаланиш имкониятига алоҳида эътибор қаратиш вақти аллақачон етиб келди. Чунки, бунда табиий тоза, экологик соф маҳсулот етиштирилади. У аввало иқтисодий жиҳатдан фойдали, иккинчидан кишилар саломатлиги учун асло хавф туғдирмайди. Қолаверса, биогумус осил салмоғини 60-70 фоизгача ошириш билан бирга уни пишиб етилиш даврини 15-30 кунгача эртаки қилиб беради. Шунингдек, атроф-муҳит муҳофазасининг бош омилларидан бири – ўрмонзорларни кўпайтириш талаб этилади. 

Бу борада мамлакатимизда аллақачон амалий ҳаракат бошлаб юборилган. Биргина “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доираси ҳар йили миллионлаб туп дарахтлар экиляпти. Катта-катта дарахтзорлар яратиляпти. Ўз навбатида “яшил” иқтисодиётга интилиш доирасидаги тадбирлар ҳам ўзининг амалий самарасини беради.              

Мухтасар қилиб айтганда, 2025 йилни юртимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилиниши табиат муҳофазаси йўлидаги катта қадам ҳисобланади. Чунки, бугунги экологик муаммолар ечими умумбашарий аҳамиятга эга. Уларни глобал ва маҳаллий даражага ажратиш ҳам нотўғри, негаки, заминнинг бошқа бурчидаги ҳалокат албатта бошқа қисмига ҳам етиб бориши аниқ. Табиатни асраш – тирикликни асраш, ўзлигимизни асраш демакдир. Бу ҳаётий ҳақиқатни ҳар бир юртдошимизга етарлича тушунтириш, улар орасида экологик маданиятини ошириш долзарб вазифадир. Зеро, табиатга меҳр берсак, у ҳам меҳрини дариғ тутмайди. Эътиборсизлик қилсак, қаҳрини ҳам кўришимиз мумкин. 

Абдукарим Қувватов,

бош муҳаррир.