ТАБИАТ УЧУН БИРЛАШАЙЛИК
Ёз болажонлар орзиқиб кутадиган фасл. Чунки, бу даврда улар ўқишдан таътилга чиқишади, давомли дарс машғулотлари ўрнига турли дам олиш тадбирлари, кўнгилочар саёҳатларда, қизиқарли мусобақаларда қатнашиб мириқиб ҳордиқ чиқарадилар. Бу йил эса ана шундай тадбирлар кўлами кенгайган. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган “Долзарб 90 кун” тадбирлари ўғил-қизларимиз учун унутилмас таассуротларга бой бўлмоқда.
Бугун Ўзбекистон Экологик партияси Андижон вилояти Кенгаши фаоллари, депутатлар вилоятимизнинг қатор ёзги оромгоҳларида дам олаётган болажонлар ҳузурига ташриф буюрдилар. Бундан кўзланган мақсад уларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришига кўмаклашиш, экологик мавзудаги қатор қизиқарли тадбирлар, учрашув ҳамда жонли суҳбатлар ташкил қилиш эди.
Булоқбоши туманидаги “Шифокор” оромгоҳида ўтган тадбир “Она табиатни асраймиз” шиори остида бўлиб ўтди. Унда партия фаоллари болажонлар ҳамда уларнинг тарбиячиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 майдаги “2030-йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш консепсиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича сўзлаб бердилар. Чунки, ушбу қарор ва унинг асосида қабул қилинган Концепция нафақат ёш авлоднинг экологик маданиятини шакллантириш, балки катта ёшдаги юртдошларимизнинг ҳам экологик маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Вилоятимизнинг олис ва кенжа туманларидан саналган Улуғнордаги "Соғломлаштириш оромгоҳи"даги учрашув ҳам она табиат муҳофазаси, унинг табиий ва моддий бойликларини асраб-авайлаш, бу борадаги мавжуд қонунларни ўқиб ўрганиш, ёшларнинг ҳуқуқий ҳамда экологик маданиятини шакллантиришни мақсад қилди. Мазкур тадбирда ташкил этилган қизиқарли ўйинлар, викториналар ва ижодий машғулотларда болажонлар ғоят фаоллик кўрсатишди. Хусусан, “Она табиатни асрайлик” мавзусидаги саҳна кўринишлари барчага бирдек манзур бўлди. Болажонларнинг табиат мавзусида ёд олган ва ижро этган шеърлари ҳам қатнашчилар эътиборини тортди.
Олтинкўл туманидаги болалар оромгоҳидаги учрашувлар янада қизиқарли ўтди. Унда болажонлар ўзларининг “Она табиат менинг нигоҳимда” мавзусидаги табиатни асраш йўналишида чизилган расмларини намойиш этдилар. Атроф-муҳит муҳофазасига оид қизиқарли савол-жавоблар орқали борлиқ, унинг қатор ажойиботлари ҳақида кўпгина маълумотларга эга бўлдилар. Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Экологик партияси фаоллари уларни қизиқтирган қатор саволларга атрофлича жавоб қайтардилар.
Учрашув сўнггида ҳар соҳада бўлган фаол болажонларга Ўзбекистон Экологик партияси Андижон вилоят Кенгашининг "Табиат ҳимоячиси" ёрлиғи ва эсдалик совғалари топширилди.
Ҳуршидбек Юсупов,
Ўзбекистон Экологик партияси
Андижон вилоят Кенгаши раиси.