ТАБИАТ МУҲОФАЗАСИ – ШАРАФЛИ БУРЧ
Йигирма биринчи аср инсоният бошига жуда кўп синовларни солди. Улардан бири бу – атроф-муҳит муҳофазаси билан боғлиқ муаммолар. Хусусан, авваллари унчалик аҳамият касб этмагандек кўринган экологик вазият бугунга келиб ўзининг жиддийлиги билан одамлардан кечиктириб бўлмайлиган чоралар, ечимларни кутяпти. Айни дамда 5 июнь – Бутунжаҳон табиатни муҳофаза қилиш куни қарши олаётган Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари ҳам экологик муаммолар ечими борасида самарали фаолият олиб бормоқдалар.

Бугун асосий глобал экологик муаммо – иқлим ўзгариши натижасида келиб чиқаётган кўнгилсизликлар ортида Она ернинг ўпкаси ҳисобланмиш дарахтзорларнинг кескин камайиб кетиши асосий сабабдир. Шу боис бу масалага юртимизда катта аҳамият қаратиляпти. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ижроси доирасида Андижон вилоятининг шаҳар ва туманларида “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили”нинг кўкламида 10 миллион 900 минг туп манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари ҳамда қаламчалари экилди. Кузги мавсумда эса яна 5 миллион 780 минг туп мевали, манзарали дарахт ва бута кўчатларини экишни режа қилинган. Шу тариқа амалдаги йилда экиладиган дарахт кўчатларининг умумий сони 16 миллион минг тупдан ортиб кетади. Бу вилоятимиздаги умумий яшил ҳудудлар, дарахтзорлар майдонини янада кенгайишига хизмат қилади.
Галдаги вазифамиз табиат муҳофазаси борасидаги қонунчилик ижросини таъминлаш бўлиб, бу борада аҳолининг ҳуқуқий, экологик маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунга қарамай жойларда қатор қонун ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари кузатиляпти. Бошқармамиз давлат инспекторлари томонидан 2025 йилнинг май ойи ҳолатига жами 1030 нафар ҳуқуқбузарлар аниқланиб, уларга нисбатан 1 миллиард 76 миллион сўмлик маъмурий жарималар қўлланилди. Ҳозирга қадар уларнинг 707 тасидан 352 миллион 643 минг сўм ундириб олинди.
Атмосфера ҳавосининг тозалигини таъминлаш ҳам асосий вазифаларимиздан ҳисобланади. Бунинг учун вилоятда фаолият кўрсатаётган йирик саноат корхоналари фаолияти доимий назоратга олинган. Хусусан, 2024 йилда биринчи ва иккинчи тоифага кирувчи “As-Kam Pharma”, “Xo’jaobod Fayz-M”, “Skorton Tekstil”, “Everest Metall Grand”, “Khantex Cotton”, “Taijou-Inovator”, “Cottonville”, “Ekotibbiyot”, “Reco Brend Sement” масъулияти чекланган жамияти сингари 9 та йирик саноат корхоналарига чанг-газ тозалаш ускунаси ўрнатилиши белгиланган бўлиб, жорий йилнинг биринчи чорагида “Reco Brend Sement” масъулияти чекланган жамияти томонидан 3 дона чанг-газ тозалаш ускунасига ўрнатилди. Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқилган 5402 дона янги, замонавий 1800-2000 градус иссиққа чидамли қўлқопчалари алмаштирилди.
Шунингдек, Андижон вилояти экология бошқармаси ҳамда вилоят ички ишлар бошқармасининг тегишли бўлимлари ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган “Тоза ҳаво” ойлигининг биринчи босқичида автокорхона ва ташкилотларга қарашли 10 350 дона автотранспорт воситаларининг атмосфера ҳавосига чиқарилаётган зарарли газлари меъёри назоратдан ўтказилди. Натижада 37 дона автотранспорт воситаларидан атмосфера ҳавосига зарарли моддалар чиқариш миқдори белгиланган талабдан ортиқ эканлиги аниқланиб, шундан 31 тасига шу вақтнинг ўзида созлатиб огоҳлантириш берилди, 6 тасига токсиклик ва тутун қалинлиги меъёрдан ортиши бўйича тегишли тартибда ЙҲХБ давлат инспекторлари томонидан чора кўрилди. Вилоят прокуроратураси билан ҳамкорликда тузилган ишчи гуруҳи эса вилоятимиздаги 71 та иссиқхоналарда атмосфера ҳавосига ҳар хил турдаги чиқиндилар - резина, пластмасса, мазут ёқишни олдини олиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари ўтказилди.Натижада, атмосфера ҳавосига зарарли моддаларни чиқараётган 6 та иссиқхона эгаларига нисбатан маъмурий жавобгарликка оид иш қўзғатилди.
Бугунги экологик муаммолар орасида чиқиндилар масаласи ҳам ўз долзарблиги билан ажралиб туради. Чунки, йилнинг ўтган даврида вилоятимизда аҳоли томонидан ташкил қилинган 145 та ноқонуний чиқиндихоналар аниқланди. Бундан 76 та ҳолат ўз тасдиғини топди. Ҳудудларга бириктирилган санитар тозалаш корхоналарининг махсус техникалари ёрдамида бу жойлардан 138 тоннадан зиёд чиқиндилар йиғиштириб олинди ва маиший чиқинди полигонларига жойлаштирилди. Шунингдек, айрим фуқаролар томонидан белгиланмаган жойга чиқинди ташлаш юзасидан 458 та ҳолат аниқланиб, уларга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 91-модда прим- 1 бўйича 203 миллион сўм жарима қўлланилди ҳамда ҳозирги кунда ноқонуний чиқиндихоналар бўйича текширув ишлари амалга оширилмоқда. Чиқинди масаласида шаҳар ва туманлардан биринчи чорак давомида жами 128 та мурожаатлар келиб тушди ва уларнинг барчаси ижобий ечимини топди.
Бошқарманинг шаҳар ва туман инспекторлари томонидан сув, ер ресурслари ва ер ости бойликларини муҳофаза қилиш борасида ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда. Айни йўналишдаги назорат-рейд тадбирлари 72 та автомобил ювиш шоҳобчалари ноқонуний фаолият олиб бораётганлиги сабаб фаолияти тўхтатилди. Уларга қонун доирасида 147 та маъмурий баённома расмилаштирилиб 174 миллион 375 минг сўм жарима қўлланилди.
Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш йўналишида эса вилоятимиздаги кўп йиллик дарахтларни хатловдан ўтказиб “Яшил макон” электрон платформасига жойлаштириб борилмоқда. Бу борада мавсум бошланганидан бери 2025 йил 1 май ҳолатига жами 71 минг 647 дона 5 ёшдан ошган дарахтлар платформага киритилиши таъминланди. Ўрмонлар, ўрмон-овчилик хўжаликлари, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини ҳамда камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар турларини муҳофаза қилиш борасида ҳам доимий тарзда экологик назорат тадбирлари олиб борилмоқда. Бунинг натижасида 40 та қонун бузилиши ҳолати аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан 298 миллион 125 минг сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилди.
Мухтасар қилиб айтганда, “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили”да Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари ўзгача шижаот, алоҳида масъулият билан меҳнат қилишяпти. Энг муҳими, уларнинг ҳар бири табиат муҳофазаси шарафли бурч эканлигини яхши англайдилар. Ушбу мақсад йўлида ўз билим ва салоҳиятларини аямайдилар. Биз эса фурсатдан фойдаланиб барча соҳа ходимлари, табиатни асрашга бефарқ бўлмаган юртдошларимизни сана муносабати билан қизғин қутлаймиз.
Санжарбек Дадамирзаев,
Андижон вилояти экология, атроф-
муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим
ўзгариши бошқармаси бошлиғи.