ҚУШЛАР - БИЗНИНГ ДЎСТИМИЗ

ҚУШЛАР - БИЗНИНГ ДЎСТИМИЗ

Дунёда ҳар йили 1 апрель – Қушлар куни сифатида нишонланади. Шу муносабат билан Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг шаҳар ҳамда туман бўлими инспекторлари умумтаълим муассасалари, олий ўқув юртларида ёшлар билан қатор учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказдилар. 

 

Маълумки, қушлар табиатнинг энг муҳим, ажралмас бўлаги ҳисобланади. Уларнинг тириклик занжири, инсоният ҳаётида тутган ўрни ҳақида истаганча мисоллар келтириш мумкин. Олимларнинг таъкидлашича, ҳозирда ер юзида 10 694  турдаги қушлар учрайди.    Ўзбекистонда эса уларнинг 440 дан кўпроқ тури маълум экани қайд этилган.  Улар орасида вазни жуда енгил миттигина колибридан тортиб, оғирлиги бир  юз килограммдан ортадиган туяқушларларгача бор. Асосан ўрмонзор, сув ҳавзаларида яшовчи бу қушлар таибатнинг санитарлари, турли ўсимликларни чанглантирувчи ва уларнинг уруғини атрофга  тарқатиш сингари муҳим  вазифаларни бажаради. 

куш3-1

Жойларда ўтган тадбирларда эколог-инспекторлар ўқувчиларга қушларнинг шу каби қатор аҳамияти ҳақида жонли мисоллар келтирдилар.  Қатор саволларга батафсил жавоб қайтардилар.  Шу ўринда биз ҳам уларга хос турли маълумотлар билан ўртоқлашишни лозим топдик.  Жумладан, ҳажми бўйича дунёда энг катта қуш –бўйи 2 метрдан ошадиган  туяқуш тухумини қайнатиш учун 1,5-2  соат вақт зарур бўлади. Киви эса дунёда ягона қанотсиз қуш ҳисобланади. Шунингдек, қушларнинг тана ҳарорати одамникига нисбатан 7-8 даражага юқори, чунки, улар кўпроқ ҳаракатда, парвозда бўладилар. Учиш давомида уларнинг юраги дақиқасига 1000 марта, дам олаётганда эма 400 мартагача уради. Сиз билан биз яхши биладиган лайлаклар эса парвоз пайтида ҳам ухлаб олишлари мумкин. 

куш4

Қушлар асло терламайди ва уларнинг пати суякларидан оғирдир.  Улар орасида энг ақллиси чумчуқ саналади. Чунки, унинг  100 граммлик тана массасининг 4,5  граммини  мия ташкил қилади. Бундан ташқари қанотлилар орасида  6 тур заҳарлиси ҳам учрайди. 

куш5

Қушлар ўзининг тезкорлиги билан ҳам ажралиб туради. Чағалайлар соатига 160  километр, каптар ва жарқалдирғочлар эса 300  километргача тезликда парвоз қила олади. Шу боис тарихда каптарлардан хабар етказувчи  – почтачи сифатида ҳам кенг фойдаланишган.

Мухтасар қилиб айтганда, қушлар бизнинг қанотли дўстларимиз. Уларни асраб-авайлаш эса инсонийлик бурчимиздир.

 

Лочинбек Исомиддинов, 

Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни

муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси

матбуот хизмати раҳбари.