ЯНГИ ЙИЛ, ЯНГИ КУН МУБОРАК!

zaamin-14
Наврўз   ўзининг қадимий ва боқийлиги билан қадрли.  Бу айём ҳақида    “Авесто”да шундай дейилган: “Зардўштийлар эътиқодига кўра, кўклам гиёҳлари униб, дарахтлар куртак ота бошлагач, ўша атрофдаги қора кучлар маҳф бўлган”. Абу Райҳон Беруний эса Наврўз тарихи борасида Сосонийлар  давлати давридаги бу ажойиб байрам тантаналаридан ривоятлар сўйлайди. Умар Хайём “Наврўзнома” асарида шундай дейди: “Қачонки, Ҳамал қошидан ўз айланиш даври бўйлаб йўлга чиққан офтобни осмон яна уйига қайтариб келтирса, унинг бошқатдан фалак сайрига чиқишдан бошлаб оламни ўзгартириб юборадиган янги тарих бошланади”. 

Дарҳақиқат, Наврўз билан юртимизда   янги деҳқончилик мавсуми бошланади.   Дала –қирга уруғ қадалади, дов-дарахтлар экилади. Хусусан, кейинги йилларда мамлакатимизда   кенг қулоч ёзаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси сабаб юртимиздаги дарахтзорлар кўпайиб боряпти.  Наврўз ташрифи билан табиат билан боғлиқ бошқа қатор экологик саналар ҳам нишонланади. Хусусан,   20 март – Ер куни, 21 март – Халқаро ўрмонлар куни, 22 март –  Жаҳон сув куни, 23 март – Бутунжаҳон метеорология куни, 25 март – Ер вақти куни, 30 март –  Чиқиндисиз дунё учун халқаро кунлари   нишонланади. 

Шулар қаторида Наврўз айёми ҳам Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қарори билан    билан бутун дунёда Халқаро кун сифатида кенг нишонланмоқда. Шундай экан,  ҳар кунингиз Наврўз бўлсин, азизлар!

 

Абдукарим Қувватов,

бош муҳаррир.