ЁШ ЭКОЛОГЛАР – СЕНАТДА
Ёш авлоднинг она табиатга нисбатан меҳру-муҳаббатини уйғотиш, улардаги экологик маданиятни шакллантириш нафақат устозлар, балки соҳа мутасаддилари, мутахасссилари томонидан олиб борилаётган амалий тадбирларга ҳам боғлиқ. Фарғона вилояти экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ташаббуси билан вилоятда фаолият олиб бораётган “Ёш экологлар ҳаракати” аъзоларининг Олий Мажлис Сенатига ташрифи ана шу мақсадга хизмат қилади.
Табиийки, фарғоналик экологларнинг мазкур ташаббуси Олий Мажлис Сенати томонидан ҳам маъқулланди. Сенатда ўтган куни “Ёш экологлар ҳаракати” Фарғона вилояти кенгаши аъзолари
учун “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди. Тадбир давомида сенаторлар томонидан иштирокчиларга парламент юқори палатасининг фаолияти, унинг асосий вазифа ва
конституциявий ваколатлари, қонун ижодкорлиги жараёни, қонунлар ижроси устидан парламент назорати механизмлари хусусида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, ҳудудлар
манфаатларини ифода этиш ва жойлардаги долзарб муаммоларни қонунчилик ташаббуслари
орқали ҳал этишда Сенатнинг ўрни алоҳида таъкидланди. 
Сенаторлар билан учрашув давомида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизликни
таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасида амалга оширилаётган
ислоҳотлар муҳокама қилинди. Ёш экологлар илгари сураётган ташаббуслар, жамоатчилик
назоратини кучайтириш ва аҳоли ўртасида экологик маданиятни юксалтиришга қаратилган
масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Ушбу ташриф ёш экологларга олам-олам таассурот улашди. Энг муҳими, бу учрашув
ёшларимизнинг дунёқараши ва онгига ижобий таъсир кўрсатди. Улар давлат бошқаруви тизими,
қонун ижодкорлиги жараёнлари билан яқиндан танишдилар, тажриба алмашдилар ва ўзларини
қизиқтирган қатор саволларга парламентнинг юқори палатаси аъзоларидан атрофлича жавоб
олдилар. Бу ташриф уларнинг фаол фуқаролик позициясини янада мустаҳкамлади. 
-Сенатга ташриф биз учун ғоят қизиқ ва мураккаб бўлди, - дейди “Ёш экологлар ҳаракати” аъзоси Рўзибой Сатторов. –Негаки, сафар аввалида Қамчиқ довонида қор кўчиши сабаб анчагина
вақтимиз кутиш билан ўтди. Ҳартугул йўл очилди ва манзилга деярли иш вақти тугаган палла –
оқшомдан сўнг кириб бордик. Аммо, кеч бўлишига қарамай Олий Мажлис Сенати бизга ўз
эшикларини очди. Сенатнинг аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Туйчиев раҳбарлигидаги сенаторлар билан учрашувимиз ғоят ҳаяжонли бўлди. 
Улар фикрларимизни тинглаб, ўз маслаҳатларини бердилар. Сенат фаолияти билан атрофлича
танишдик, яратилган шароитларни кўздан кечирдик. Бизга мана шундай имкониятни яратиб
берган Фарғона вилояти экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси бошлиғи Анваржон
Ашуров, Тошкент шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-
маърифий ишлар бўйича ўринбосари Дурдона Раҳимова ва бошқа мутасаддиларга ўзимизнинг
самимий миннатдорчилигимизни билдирамиз. 
Албатта, бугун мамлакатимизда камол топаётган, илмга чанқоқ ва интилувчан ёшлар учун Олий Мажлис Сенатига бўладиган ташриф катта имконият, келажак учун мустаҳкам пойдевор демак.
Фарғоналик ёш экологлар ҳам сафар давомида юрт эртаси учун даҳлдорлик ҳиссини яна бир бора туйдилар, табиат муҳофазаси, атроф-муҳитни асраб-авайлашга хизмат қиладиган қонунларни
ўрганиш, тенгдошлари орасида экологик маданиятни тарғиб қилиш борасида ўзларига аниқ
мақсад ҳамда вазифаларни белгилаб олдилар.
Гулноза Тўхтасинова,
Фарғона вилояти экология ва иқлим
ўзгариши бош бошқармаси матбуот котиби.