БУГУН ХАЛҚАРО БИОЛОГИК ХИЛМА-ХИЛЛИК КУНИ
Ҳар йили 22 майда бутун дунёда халқаро биохилма-хилик куни нишонланади. 1995 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан ўтказилган конференцияда Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги конвенция иштирокчилари томонидан шу таклиф илгари сурилган ҳамда махсус резолюцияга кўра ушбу сана эълон қилинган. Шу муносабат билан Фарғона вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан жойларда қатор тадбирлар ташил этилди.
Фарғона шаҳрида “22-май - Халқаро биологик хилма-хиллик куни!” муносабати билан “Ўзбекистонда биологик хилма-хилликни асраш, иқлим ўзгариши шароитида фавқулодда атроф-муҳитни ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятни кучайтириш” лойиҳасини ишга туширишга бағишлаб ўтказилган семинарда иштирокчиларга биохилма-хилликни асрашнинг аҳамияти, бу борада олиб борилаётан тадбирлар самараси, айни йўналишда қабул қилинган қонуний ҳужжатлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, “Биологик хилма-хиллик” тушунчаси ердаги барча ҳаётнинг, яъни, ҳайвонлар, ўсимликлар, микроорганизмлар, уларнинг генлари ва экотизимлари хилма-хиллигини англатиши, халқаро биологик хилма-хиллик кунининг асосий мақсади флора ва фауна вакилларининг йўқолиб кетиш муаммоси ҳамда ҳозирда маълумотларга кўра, дунё флорасининг 25 мингтага яқин тури ёки 10 фоизи қисқариб, ҳимояга муҳтож бўлиб қолганлигини, бу масалага жамоатчилик эътиборини қаратиш зарурлиги айтиб ўтилди.
Фарғона Техника Университети мажлислар залида ўтган “Биологик хилма-хилликни асраш ҳар бир фуқаронинг бурчи” мавзусидаги очиқ мулоқотда Фарғона вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси матбуот котиби Гулноза Тўхтасинова иштирок этди ҳамда мавзу юзасидан маъруза қилди. Унда айтилишича, Халқаро ҳуқуқ нормаларига кўра, биохилма-хилликни муҳофаза қилиш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини ривожлантириш, уларни бошқариш ва бутлигини сақлаш ҳамда самарали фаолият юритишини таъминлаш долзарб вазифалардан бири саналади. 1992 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги Конвенция қабул қилинган ва орадан бир йил ўтиб, халқаро ҳужжат сифатида кучга киргани ва бу йўналишда кўплаб муҳим вазифалар белгилаб берилгани таъкидланди.
Мазкур Конвенция бугунги кунда дунёнинг аксарият мамлакатлари томонидан ратификация қилинган, шунингдек, Она-табиатимизни ҳар томонлама ҳимоя қилиш — экологик барқарорликни таъминлашнинг асосий шартидир. Шундай экан, республикамизда биологик хилма-хиллик объектларини асраб-авайлаш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, улар яшайдиган муҳитни комплекс муҳофаза қилиш, шунга мўлжалланган ҳудудларни кенгайтириш, янгиларини бунёд этиш ва уларнинг иш самарадорлигини ошириш бўйича кенг қамровли ишларни ёритиш зарурлиги маълум қилинди.
Тадбир якунида университет ўқитувчилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда экофаол ёшлар маърузачига ўзларини қизиқтирган қатор саволлар билан мурожаат қилдилар ҳамда тегишли жавобларни тингладилар.
Нигора Таппиева,
Фарғона вилояти экология,атроф-муҳитни муҳофаза
қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси атроф-
муҳит мониторинги, иқлим ўзгаришига мослашиш
ва гидрометеорология соҳасини мувофиқлаштириш
бўлими ходими.