ҲАМЖИҲАТЛИК САМАРА БЕРМОҚДА

ҲАМЖИҲАТЛИК САМАРА БЕРМОҚДА

Мазкур умумиллий лойиҳа юртимизда анча йиллардан бери давом этиб келяпти. Ўтган йилнинг кузида, яъни 2023 йилнинг 23 ноябрида давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган Республикада яшиллик даражасини янада ошириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини изчил амалга ошириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  фармон бу борадаги тадбирларни янада кенг қулоч ёзишига сабаб бўлди. 

photo_2024-06-07_16-36-27
Фармон ижросини таъминлаш орқали юртимиздаги ҳудудида сув танқислиги шароитида гармселларни олдини олиш, шамол бўронларни атроф-муҳитга зарарини камайтириш ва экологик вазиятни юмшатишга хизмат қиладиган қатор тадбирлар белгилаб олинди. Хусусан, республикамизнинг барча ҳудудлдарида дарахтзорлар билан бирга “Яшил боғлар”,  “Яшил жамоат парклари”, “Яшил белбоғ”лар барпо этишга эришилади. 

Бу эзгу тадбирда ҳар бир юртдошимиз, маҳалла фаоллари, устоз ва талабалар, корхона-ташкилот вакиллари, барча меҳнат жамоалари  фаол иштирок этмоқда. Жумладан,  бизнинг Чуст педагогика коллежи муаллимлар  жамоаси, ўқувчи-ёшлари ҳам айни йўналишда қатор ишларни бажаришди. Натижада анчайин ноқулай,  сув тақчил ва тупроғи унумсиз ерда жойлашган ўқув юртимиз ҳудуди аста-секин яшил маконга айланиб боряпти. 

photo_2024-06-06_19-54-47
Бу ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Ўтган йилнинг кузи ва бу йилги баҳор мавсумида коллеж ҳудудида 1000 тупдан ортиқ мевали ҳамда манзарали дарахт ва бута, гул кўчатлари экилди. Уларнинг парвариши учун масъул ходим ва ёшлар бириктирилди. Сув танқислигини ҳисобга олиб кўчатлар остига елим идишлар жойлаштирилиб, улар ҳар куни сув билан тўлдириб турилди. Томчилаб суғориш усулида обиҳаётдан баҳраманд бўлган ниҳоллар бехато кўклади. Устоз ва талабаларнинг ҳамжиҳатлиги ўзининг самарасини берди. Бугун коллеж ҳудуди  ва атрофи ҳақиқий маънодаги яшил ва кўркам манзилга айланди. Бу муҳим жараёнда коллеж директори  Р.Умаров, директор ўринбосари  Ш.Маллаева, ёшлар етакчиси Ж.Қосимова  ҳамда 26,27,28 ва 29- гуруҳ талабалари алоҳида фаоллик кўрсатишди. 

Эндиги мақсад, экилган ҳар бир ниҳолни алоҳида эътибор билан парвариш қилишга қаратилади. Шу билан бирга куз фаслида коллеж яқинидаги ҳудудларда  яна дарахт ва гул кўчатлари экилади. Бунинг учун ҳозирдан тайёргарлик кўриляти. Айни пайтда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг ёшлар тарбиясидаги ўрни ҳақида ҳам таъкидлаш жоиз. Бу саъй-ҳаракат унда иштирок этган йигит-қизларнинг табиатга бўлган меҳрини оширяпти, экологик маданиятини юксалишига хизмат қиляпти. 

Дилфуза Ҳайдарова,

Ўзбекистон Экологик партияси фаоли,

коллежнинг махсус фан ўқитувчиси.