ТОМЧИСИ ТИЛЛОГА ТЕНГ

ТОМЧИСИ ТИЛЛОГА ТЕНГ

Сув – бебаҳо неъмат. Кези келганда унинг ҳар томчиси тиллоданда  ҳам қиммат туради. Зеро, унинг қадрини бугун сувсизликдан қийналаётган, ичимлик суви учун ҳаётини тикишга мажбур бўлаётганлардан сўраб кўринг. Бундайлар сони эса ер юзида 1,1  миллиард кишини ташкил қилади. Яъни, ҳозирда  дунёдаги барча инсонларнинг еттидан бири сувсизлик  муаммосидан қийналаётганлиги аччиқ ҳақиқат.  Агар вазият шундай давом этса  яна йигирма йилдан сўнг обиҳаёт таъминотидаги тақчиллик 4  миллиард кишини қамраб олиши мумкин. 

 

 

Очиғини айтиш керак, йигирманчи асрдаги сувга нисбатан  нохолис муносабат  янги юз йиллик бошиданоқ бизнинг мамлакатимизда  ҳам  сувга бўлган эхтиёжнинг кескин ортишига  сабаб бўлди. Биринчидан иқлим ўзгариши натижасидаги салбий омиллар, иккинчидан сувдан нооқилона фойдаланиш оқибатида хаттоки тоғолди вилоятларда ҳам унинг танқислигини юзага келтиряпти. Айниқса,   аграр тизимда фойдаланиладиган ерларда суғориш борасида қатор муаммолар  пайдо бўлди. Табиийки, бу етиштириладиган озиқ-овқат  маҳсулотлари, мева ҳамда полиз маҳсулдорлигига жиддий хавф солади.  

 

Мутахассисларнинг таъкидлашича,   2030 йилга бориб мамлакатда 7 миллиард куб метр сув танқислиги кузатилиши ҳамда бунинг оқибатда Ўзбекистон дунёдаги сув танқис бўлган 33 та давлат қаторига тушиб қолиш эҳтимоли мавжуд. Бундай шароитда Амударё ва Сирдарё ҳавзалари қуйи оқимида жойлашган ҳудудлардаги энг кўп сув сарфланадиган қишлоқ хўжалиги тармоғи катта зарар кўради. Шу сабабли Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Жиззах, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида сувни кўп талаб қилувчи экинларни босқичма-босқич сувни кам талаб қиладиган экинларга алмаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир. Нисбатан сувга яқин тоғолди  ва дарёлар юқори қисмида жойлашган вилоятларда эса сувда максимал даражада тежамкорлик билан фойдаланишни йўлга қўйиш зарур. Бунда томчилаб суғоришнинг самарали усуллари қўл келади. 

 

Бундан ташқари масаланинг яна  бир муҳим жиҳати бор. Яъни, кундалик ҳаётимизда асосий ўринда турадиган ичимлик суви – чучук сув таъминоти ҳам тобора қийинлашиб боряпти. Чунки, охирга пайтда мамлакатимизнинг аксарият ҳудудларида ер ости чучук  сувлари кескин камайиб кетди. Олимларнинг таъкидлашича, 2022 йилда сайёрада аҳолининг йиллик ўсиш кўрсаткичи 95,4 миллион кишини ташкил этди. Таққослаш учун, 2015 йилда бу кўрсаткич 83 миллион  кишига тенг бўлган. Қайд этиб ўтиш лозимки, ер аҳолиси 3 каррага кўпайган даврда чучук сувдан фойдаланиш ҳажми ҳам 17 мартага ортган. Устига-устак, баъзи прогнозларга кўра, 20 йилдан кейин чучук сувга бўлган талаб ҳажми яна 3 каррага ортиши мумкин.

 

Эндиликда мазкур вазият ичимлик сувидан оқилона фойдаланишнинг қатъий талабларини ишлаб чиқиш, унинг ҳар литрини асраб авайлашни тақозо этилади. Агар бутун ер шарининг тўртдан  уч қисмини сув билан қопланганлигини инобатга олинса, унинг фақатгина икки ярим фоизигина истеъмолга яроқли чучук  сув эканлигини ҳам билиб қўйиш лозим.  Ана шу миқдорнинг 68,7  фоизи музликлар, айсберглар ва қорнинг ҳиссасига тўғри келади. 30,1  фоизи ер ости чучук сувлари, 0,86  фоизи тоғлардаги асрий музликлар, 0,26  фоизи кўллар, 0,04  фоизи атмосфера таркибидаги намлик, 0,006  фоизигина дарёлар ҳисобига тўғри келади.  

 

Тўғри, умумий чучук сув улушида ер ости сувлари салмоқли ҳиссага эга. Аммо, бундай табиий бойлик курраи заминнинг ҳамма жойида ҳам мавжуд эмаслигини инобатга олиш керак. Хусусан, Ўзбекистонимизда ҳам бугун ер ости сувларидан оқилона  фойдаланиш учун муҳим чора-тадбирлар  белгиланяпти. Бундан буён юртдошларимиз артезиан қудуқларидан истаганича фойдалана олмайди, водопровод сувидан автомашина ювиш шаҳобчаларида  фойдаланиш, томорқаларни суғориш таъқиқланди.  

 

Хулоса қилиб айтганда, томчиси тиллога тенг бўлган ҳаёт манбаи -  сувдан оқилона фойаланиш ва муҳофаза қилиш ҳар бир инсоннинг вазифаси ҳисобланади.

 

 

Абдувоҳид ҒОФУРОВ.