ТАРҒИБОТ ДАВОМ ЭТАДИ
Бугун аҳоли орасида экологик маданиятнинг етишмаслиги, соҳага оид қонунларни зарур даражада ўқиб-ўрганмаслик натижасида қатор кўнгилсиз ҳолатлар юзага келяпти. Албатта, бунинг учун тегишли чора кўрилади. Лекин, бу муаммонинг ечими эмас. Аввало юртдошларимиз орасида табиатга нисбатан меҳр-муҳаббатни кучайтириш, холисона муносабатни шакллантириш талаб этилади.
Бунда ишни аввало оиладан бошлаш лозим. Азалий қадриятларимиз саналмиш покликка интилиш, кишиларнинг ризқу-рўзи бўлган ўсимлигу дов-дарахтларни, сув ва тупроқни асраб-авайлаш ёшлар тарбиясининг асосий мазмуни саналади. Шу боис кўчаларга ахлат ташланмаган, ҳаттоки сувга тупуриш ғоят одобсизлик белгиси бўлган. Кўчат экиш эса савобли амаллардан ҳисобланган. Буларнинг ҳаммаси юртимизда экологик тарбия бир неча асрлар аввал шаклланганлигини кўрсатади. Демакки, бугун ҳам мазкур масалага алоҳида эътибор қаратиш лозим. Чунки, табиат ва уни асраш тўғрисидаги қонунларни билмай туриб унга бўлган муносабатни ижобий томонга ўзгартириб бўлмайди. Катта ёки кичик қонунбузарликлар, атроф-муҳитга зарар етказиш, экологик таназзулга сабаб бўлувчи муаммолар камаймайди.
Фикримизни биргина туманимиз мисолида давом эттирамиз. Избоскан туманида ўтган йил давомида сувдан фойдаланиш, атмосфера ҳавосини ифлослантириш, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига зарар етказиш, ноқонуний чиқиндихоналар ташкил қилиш каби 174 та қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди ва уларга тегишли чора кўрилди. Ачинарли жиҳати шундаки, қонунбузарлар орасида нафақат фуқаролар, балки бир неча фермер хўжалиги раҳбарлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари эгалари ҳам бор.
Айниқса, атмосфера ҳавосига ташланаётган чиқиндилар миқдори ҳавотирли. Аниқроқ айтганда, 2023 йил давомида туманда атмосфера ҳавосига 4.23 минг тонна зарарли газ ва чиқиндилар ташланган. Уларнинг 3.4 минг тоннаси транспорт воситалари, қолган қисми эса саноат корхоналари ҳисобига тўғри келади. Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси Избоскан тумани бўлими ходимлари томонидан бу борада олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари, икки босқичда “Тоза ҳаво” ойлигини ўтказиш тадбирларига қарамай атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун 69 нафар фуқаролар маъмурий жавобгарликка тортилди.
Туманимизда яна бир муҳим вазифа – чиқиндилар муаммоси асосий эътиборга олинган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 октябрдаги маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги тегишли қарорига асосан туман марказида жойлашган пиёдалар йўлаклари, дехқон бозори, савдо дўконлари, маданият ва истироҳат боғи, ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа корхона, ташкилот, муассаларга белгиланган тартибда 1500 дона чиқинди қутилари, 60 дона контейнерлар ўрнатилди. Шунга қарамай, йил давомида 31 та фуқаронинг белгиланмаган жойга чиқинди ташлаганлиги аниқланди ва уларга маъмурий жарима чоралари қўлланилди.
Бугун инсоният эътиборига молик бўлган яна бир масала – дарахтларни авайлаш, уларни кўпайтириш ҳам муҳимдир. Бу борада туманимизда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталардан фойдаланишни тартибга солиш ва улардан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида туман ҳудудида 1512 дона кўп йиллик ва манзарали дарахтлар хатловдан ўтказилиб, ягона электрон базага киритилди.
Ҳозирда эса кўкламда давом этадиган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосидаги тадбирларга пухта тадорик кўриляпти. Жойларда бунинг учун етиштирилган мевали ҳамда манзарали кўчатларни корхона ва ташкилотларга етказиб бериш аллақачон бошлаб юборилган. Шу билан бирга ўтган йилнинг кузида туман ҳудудидаги бўш турган йўл бўйлари ва дала четлари, ариқ ва зовур қирларига экилган дарахтларни агротехник тадбирлар асосида парвариш қилиш алоҳида назоратга олинган.
Бизнинг янги йилдаги асосий вазифамиз эса юзага келиши мумкин бўлган қонунбузарликларнинг олдини олиш учун тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтирамиз. Зеро, бу тадбир табиатни муҳофаза қилиш соҳасида энг самарали усул ҳисобланади.
Сайдулло Абдуллаев,
Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси
Избоскан тумани бўлими бошлиғи.