ТАРАҚҚИЁТ ВА... ТАНАЗЗУЛ
Кишилик жамияти ўз тараққиёти давомида она табиат бағридаги барча унсурларни ўз манфаати учун йўналтира олди. Бу неъматлар хоҳ ер усти ва ости, чексиз денгиз ва уммонлар бағри ва ёки кўкда бўлса-да, одамларнинг ўлжасига айланди. Фан-техниканинг жадал ривожланиши, саноат ва қишлоқ хўжалигидаги янгиликлар даставвал инсонларга фойда келтирган бўлса, кейинчалик табиий ресурслардан нооқилона фойдаланиш ҳамда атроф муҳитга шафқатсиз муносабат бугун дунё миқёсидаги глобал муаммоларга сабаб бўляпти ва тириклик оламини таназзул сари бошламоқда.
Одамларнинг энг катта муаммоси шуки, табиат ва унинг бойликлардан фойдаланишда уларни туганмас деб ҳисобланди. Холбуки, бугун айнан шу хато атроф-муҳит ҳолини забун қилди. Ҳозирда ер юзининг баъзи ҳудудларидаги одамлар қатор табиий бойликларнинг тақчиллашиб бораётганидан, озиқ-овқат заҳираларининг етишмовчилигидан азият чекаётган бўлса, яна бошқа манзиллардаги табиий офатлар инсонлар ҳаётига зомин бўляпти. Бу табиатга нотўғри муносабат учун ўзига хос жавобдир.
Қолаверса, туганмас бўлмаган ер усти ва ости бойликлари-ку майли, хатто охири йўқдек кўринган неъматларнинг ҳам тақдири хавф остида. Жумладан, фикримизни биргина сув мисолида давом эттирамиз. Чунки, ер юзининг асосий қисми, яъни тўртдан уч қисми сув билан қопланганлигини яхши биламиз. Лекин, курраи заминнинг ўша биргина қисмида яшовчи одамлар чексиз уммонларнинг 60 фоизини чиқиндига тўлдириб ташлади. Саноат ва ишлаб чиқариш жараёнларида ҳосил бўлган ахлатларни қўятуринг, бугун дунё океанида биргина пластик идишлардан ҳосил бўлган катта-катта оролларни кўриш мумкин. Мутахассисларнинг шоҳидлик беришича, ана шу турдаги ахлатларни уммон тубида, олти километргача бўлган чуқурликкача тушиб борди. Бу эса улкан ҳалокат белгиси. Негаки, пластик идишлар кашф этилганига ҳали бир аср тўлмай унинг қолдиклари планетамизда шунчалар кенг тарқалган бўлса, етарли чора кўрилмаса у яна ярим асрларда бутун дунёни қоплаб олади. Маълумотларга кўра, ҳозирда дунё уммонларида 60 миллиард тоннадан ортиқ ана шундай чиқиндилар катта-кичик оролчаларни ташкил қилган.
Энг ёмони шуки, пластик чиқиндилар уммон юзасини қоплаб олиб унинг флора ва фаунасига жиддий зарар етказаётганини, кўплаб ўсимлик ва ҳайвонот дунёси вакиллари тез фурсатларда қирилиб кетаётганлигини ҳисобга олсак, уммонлар яқин келажакда инсон учун ҳаёт манбаи эмас, балки ҳалокат майдонига айланади.
Яна битта катта хафв – одамларнинг қуруқликдаги кундалик ҳаёти, ижтимоий фаолияти, саноат ва транспортдан ҳавога кўтарилаётган чиқиндилар натижасидаги салбий ҳолат ҳам уммонларга таъсир ўтказяпти. Яъни, атмосферада тўпланган чанг ва тутун ердан қайтаётган қуёш нурини тўсиб қолиши оқибатида юзага келган “иссиқхона эффекти” оқибатида сайёрамиздаги асрий музликлар, Антарктида, Арктика, Гренландия каби ороллардаги музликлар тез суратларда эриб боряпти ва жараён шундай давом этса асримиз охиригача океан сувлари ҳозирги сатҳидан икки метргача баландликка кўтарилиши мумкин. Бу дегани, яна ярим аср ичида дунё океанидаги минглаб ороллар, орол давлатлар бутунлай, соҳил бўйи мамлакатларининг эса катта қисми сув остида қолади.
Айни йўналишдаги муаммолардан яна бири сифатида ичимлик сувини алоҳида таъкидлаш жоиз. Чунки, сув она сайёрамизда қанча катта майдонни эгаллаган бўлмасин, унинг атиги икки фоизигина ичишга яроқли, холос. Шу боис ҳозирда курраи заминнинг кўплаб минтақаларида ичимлик суви бошқа табиий бойликлар, хаттоки нефт маҳсулотларидан қиммат туради. Дунё аҳолисининг тўртдан бир қисми ичимлик суви муаммо саналган ҳудудларда яшашини ҳисобга олсак, оби ҳаётнинг нақадар азиз эканлигини тушуниб етамиз.
Албатта, санаб ўтилган муаммолар дунё миқёсидаги холат. Баъзилар буни биз учун унчалик алоқаси йўқ, деб ҳисоблашга уринади. Бу катта хато. Чунки, сув ва ундан оқилона фойдаланиш, ифлослантирмаслик, асраб-авайлаш борасида мамлакатимизда ҳам етарлича камчиликлар бор. Аксарият жойларда ичимлик суви кун бўйи оқиб ётса, бошқа жойда оқар сувларни беҳуда зовурларга ташлаб юборилганлигини кўрасиз. Оқибатда айни зарур пайтда агротехник тадбирлар учун сув етмай қоляпти. Бу ўз навбатида стратегик муҳим хом ашё ҳамда озиқ-овқат етиштиришга салбий таъсир ўтказади. Ёҳуд дарё ва сой сувларининг ўз манзилига етиб бормаслиги туфайли юзага келган Орол ҳалокати, минтақадаги аҳоли ҳаётидаги муаммолар ҳам тоза, ичимлик суви етишмаслиги билан боғлиқ. Айнан Оролнинг қуриши оқибатида ҳудудда юзага келган туз ва қум бўронлари таъсири ер шарининг барча ҳудудларига етиб борди.
Демак, экологик муаммонинг глобал ва маҳаллий даражага ажратиш ҳам ноўрин. Негаки, заминнинг бошқа бурчидаги ҳалокат албатта бошқа қисмига ҳам етиб бориши аниқ. Қолаверса, ҳар қандай экологик муаммо бутун башариятга дахлдор. Бу ҳаётий ҳақиқатни юртдошларимизга етарлича тушунтириш, улар орасида кенг миқёсдаги тарғибот ишларини олиб бориш, аҳолининг экологик маданиятини ошириш бугуннинг асосий вазифаси. Ҳар бир юртдошимизда Она табиат ва унинг моддий бойликларига нисбатан меҳр уйғотиш, хусусан, ёш авлодни Ватанга, атроф-муҳитга нисбатан муҳаббат руҳида тарбиялашга ҳисса қўшиш эса барчамизнинг бурчимиздир.