ТАБИАТНИ АСРАШ – КЕЛАЖАКНИ АСРАШ ДЕМАКДИР
Вақт югурик, бир-бирини қувиб ўтаётган лаҳзалар “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили”нинг ярмини ҳам тарихга муҳрлади. Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси тизимида йилнинг ўтган олти ойида бажарилган тадбирлар атрофлича муҳокама қилинди. Табиийки, ижобий натижалар етарли, шу билан бирга бажарилиши лозим бўлган вазифалар ҳам талайгина.
Маълумки, бошқарма фаолиятининг асосида экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат муҳим йўналиш саналади. Жорий йилнинг биринчи ярмида бошқарма томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларнини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони талаблари асосида хўжалик юритувчи субъектларда жами 15 маротаба текширишлар олиб борилди. Уларнинг еттитаси буюртма асосида ўтказилган бўлса, тўққизтаси хабардор этиш тартибида ташкил этилган.
Маъмурий жарималар қўллаш ва ундириш йўналишида эса вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси шаҳар ва туман инспекциялари томонидан жами 1606 нафар ҳуқуқбузарларга нисбатан 1 миллиард 852 миллион сўм миқдорида жарима қўлланилиб, уларнинг 1115 нафаридан 651 миллион 107 минг сўми ундириб олинди. Ихтиёрий равишда тўланмаган 192 та ҳолатда 165 миллион 688 минг сўмлик жарималар туман-шаҳар Мажбурий ижро бюроси органларига юборилди. 2025 йилда табиатга зарар етказилишини олдини олиш юзасидан 123 та ҳолатда 84 миллион 376 минг сўм зарар миқдори ҳисобланиб, шундан 41 миллион 429 минг сўми ундириб олиниши таъминланди ва унинг қолган қисмини ундириш ҳаракати олиб бориляпти.
Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш йўналишидаги тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 февралдаги “Махсус электрон тизим орқали лицензиялаш, рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қарорига асосан давлат хизматлари маркази орқали 10607 дона дарахт кесиш учун 187 та мурожатлар келиб тушган. Мазкур мурожаатлардан 54 та сига ижобий хулоса берилди. 127 та мурожаатга жавобан эса дарахтларни кесиш учун етарли асос йўқлиги сабабли рад этиш юзасидан хулосалар берилди.Бундан ташқари, ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ҳайвонот дунёсидан ноқонуний овлаш ҳолатларини олдини олиш юзасидан жойларда ўтказилган доимий назорат тадбирлари натижасига кўра, 48 та ноқонуний ҳаракатлар аниқланган. Мазкур қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан 384 миллион 375 минг сўм маъмурий жарима солинди ва унинг 106 миллион 875 минг сўми ундириб олинди. Шундан, ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш бўйича жами 36 та қонунбузарлик ҳолати аниқланган ва ҳуқубузарлардан маъмурий жарима тариқасида 294 миллион 375 мингсўм расмийлаштирилиб, унинг 84 миллион 375 минг сўми ундириб олинди. Бу миқдорнинг қолган қисмини эса суд органлари ҳамда мажбурий ижро бюролари орқали ундириш ҳаракати олиб бориляпти. Ўсимлик дунёсига 13 та ҳолатда зарар етказилган ва бунинг учун 35 миллион 62 минг сўм жарима расмийлаштирилди. Ҳозирда эса унинг 13 миллион 250 минг сўми ундирилган бўлиб, жараён давом этмоқда. Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш бўйича 12 та ҳуқуқбузарлик ҳолатида ҳуқуқбузарларга нисбатан 90 миллион сўм жарима солинди ва унинг 22 миллион 500 минг сўми ундирилган.
Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Йилнинг ўтган даврида чанг-газ тозалаш ускуналари модернизация қилиниши режалаштирилган 3 та корхоналарида 6 дона чанг-газ тозалаш ускуналари модернизация қилиниб, атмосферага чиқиши мумкин бўлган зарарларнинг олди олинди. Хусусан, “Uzavtomotors” акционерлик жамияти томонидан 3 та, “Safir 2001” масъулияти чекланган жамияти томонидан 1 та, “Xo'jaobod Trans Lider” масъулияти чекланган жамияти томонидан 1 та, “Dinar Group” масъулияти чекланган жамияти томонидан 2 та чанг-газ тозалаш ускуналари қайтадан модернизация қилинди. Бунинг натижасида, атмосферага 21 тонна ташламалар ташланиши олди олинди. Шунингдек, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 88-моддаси 1, 2 ва 3-қисмларида кўрсатилган ҳуқуқбузарликлар юзасидан 2025 йил 1 июль ҳолатига, 378 нафар ҳуқуқбузарларга нисбатан 231 миллион 812 минг сўм маъмурий жарима қўлланилди ва унинг 72 миллион 294 минг сўм ундириб олинди.
Шунингдек, жорий йилнинг биринчи ярмида чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш , сув , ер ресурслари ва ер ости бойликларини муҳофаза қилиш соҳасида ҳам қатор назорат тадбирлари ўтказилган бўлиб, аниқланган қонун ва ҳуқуқбузарликларга нисбатан тегишли маъмурий чоралар кўрилиши таъминланган.
Тизимдаги асосий тадбирлар бири – “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида эса кўкламда вилоятимиз бўйича 9 миллион 587 минг дона манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари экилиши режалаштирилиб, бу кўрсаткич 10 миллион 900 минг донага етказилди. Ҳозирда ҳудуддаги экология давлат инспекторлари томонидан тегишли далолатномалар асосида жами 1200 та ташкилот ва корхоналар мутасаддиларига ушбу кўчатларни муҳофаза қилиш, парваришлаш ва суғориш тизимини жорий қилиш бўйича тегишли масъуллар бириктирилган.
Андижон вилоятининг барча шаҳар ва туман ҳокимликлари ва кадастр агентлигининг туман ва шаҳар бўлинмалари билан биргаликда 2025 йил учун ҳудудларда “Менинг боғим”лойиҳалари доирасида “Яшил боғ” яратиш учун камида 1,0 гектар ҳамда “Яшил жамоат парки” барпо этишга 0,5 гектардан ер майдони ажратиш юзасидан ҳокимлик балансидаги бўш турган ер майдонлари рўйхати, майдони ва манзили ҳақидаги маълумотлар тайёрланди. Шаҳар ва туманларда жами 60 та ер майдони ўрганилиб, уларнинг картаси ва манзили тасдиқланди.
Мухтасар қилиб айтганда, Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари атроф-муҳит муҳофазаси, соҳага доир қонунлар ижроси, аҳолининг экологик маданиятини ошириш юзасидан тизимли равишда иш олиб боряптилар. Бу ҳаракат албатта ўзининг самарасини бермоқда. Ижобий натижалар кўлами ортиб, юрт янада обод бўлаётир, шаҳар ва қишлоқларимиз жамоли кўркамлашиб бормоқда. Биз эса бу борадаги тадбирларнинг марказида туриб, табиат муҳофазасидек шарафли ишда бутун имкониятларнимизни ишга соламиз.
Санжарбек Дадамирзаев,
Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши
бошқармаси бошлиғи.