ТАБИАТ МУАММОСИ –ЖАМИЯТ МУАММОСИ
Бугун дунё миқёсида ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, тупроқ эрозияси, чўлланиш, қазилма ёқилғиларни беҳисоб ишлатиш глобал исишга, табиий офатларнинг кўпайишига олиб келмоқда, атроф-муҳит ва аҳоли соғлиғига жиддий зарар етказмоқда. Бу каби муаммолар юртимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Шу боис Президентимиз ташаббуси билан 2025 йил мамлакатимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилинди.
Бугунги экологик муаммолардан аввало инсоният кўпроқ зарар кўради. Шундай экан, Она табиат муҳофазаси билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатни эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Ҳозирда дунё миқёсида глобал аҳамият касб этаётган экологик ҳалокатлар аввало мана шундай кичик-кичик эътиборсизликлар оқибатида келиб чиққан. Булар сирасига ўрмонзорларни аёвсиз кесиш, ёнғинлар оқибатида табиат экологик нуқтаи назардан қатор муаммолар келиб чиқаётир. Хусусан, тупроқларнинг сув ва шамол таъсиридаги эрозияси тезлашди. Дарё ва кўлларнинг сув сатҳи кескин камайиб боряпти, булоқларнинг “кўзи” юмилмоқда. Водийларда йиллик довуллар сони кескин ошиб боряпти. Айниқса, чўл ҳудудларида чўл ўрмонларининг кесилиши оқибатида юзага келган шамол ва бўронлар таъсиридан унумдор тупроқлар қум остида қолиб кетяпти.
Ўрмонлар бузилиши, пайҳон қилиниши натижасида унда яшовчи ҳайвонот олами, айниқса қушлар деярли ўз ҳудудларини тарк этиб, кўплари нобуд бўлаётир. Дарахтзорлар салмоғининг камайиши билан табиатда азот баланси бузилмоқда, ҳавода кислород камайиб боряпти. Озон қатламидаги ҳалокатли тешиклар сони ортяпти. Натижада одамлар орасида янгидан-янги касаллик турлари кўпаймоқда. Энг ачинарлиси, сўнгги йилларда аҳолининг ўпка, жигар саратони касалликлари билан хасталаниши сезиларли даражада ортиб кетди.
Ҳайвонот дунёсига нисбатан шафқатсиз муносабатни ҳам оқлаб бўлмайди. Шу боис қатор мамлакатларда жониворларни қийнаш, ўлдириш учун турли жазолар белгиланган. Жумладан, Буюк Британияда ҳайвонларни қийноққа солиш жиноят ҳисобланиб, қонунбузар 51 ҳафтагача қамоқ жазоси ва 20 минг фунт миқдораги жарима билан жазоланади. Японияда ҳайвонни ўлдирган, қийнаган, ярадор қилган шахс қамоқ жазоси олиб, 9400 АҚШ долларига тенг жаримага тортилади. Ҳиндистонда жониворларга салбий муносабатда бўлган инсонга 370 АҚШ доллари миқдоридаги жарима ёки 2 йилгача қамоқ жазоси белгиланган. Тайванда эса бундай жиноят учун қонунбузар 7800 АҚШ доллари миқдоридаги жаримага тортилади ёки 1 йил муддатга озодликдан маҳрум этилади. Италияда 3 ойдан 3 йилгача қамоқ жазоси ва 3 мингдан 160 минг еврогача жарима, Россияда 80 мингдан 300 минг рублгача жарима ёки 2 йилгача қамоқ жазоси, Қирғизистонда эса 750 дан 1500 АҚШ долларигача жарима ёки 6 ойгача қамоқ жазоси тайинланади.
Айни йўналишда мамлакатимизда ҳам тегишли қонуний асос яратилган. Хусусан, атроф-табиий муҳитни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асослари биринчи навбатда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 50, 54, 55 ва 100-моддаларида фуқароларинг ушбу соҳадаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, атроф-муҳитга муносабат ва бошқарув тизими бўғинларининг фаолияти белгиланган. Жумладан, 50-моддада "Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдир", дейилади. 100-моддада атроф-муҳитни муҳофаза қилиш маҳаллий ҳокимлик органлари вазифасига кириши таъкидланган.
Шунингдек, 1996 йил 27 декабрда Ўзбекистон Республикасининг "Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида"ги, 1994 йил 23 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг "Ер ости бойликлари тўғрисида"ги, 1993 йил 6 майда Ўзбекистон Республикасининг "Сув ва сувлардан фойдаланиш тўғрисида"ги, 1999 йил 14 апрелда Ўзбекистон Республикасининг "Ўрмон тўғрисида"ги, 2000 йилда Ўзбекистон Республикасининг "Экологик экспертиза тўғрисида"ги, 2001 йил 6 декабрда Ўзбекистон Республикасининг "Чиқиндилар тўғрисида”ги ва бошқа қатор қонунлар қабул қилинган.
Табиийки, амалдаги йилда ушбу қонунлар ижросига бўлган эътибор янада кучаяди. Биринчи галда экологик маданият тарғиботини кучайтириш, аҳоли кенг қатлами орасида, меҳнат жамоалари, ўқув юртларида табиатни муҳофаза қилишнинг зарурати тушунтирилади, мавжуд экологик муаммоларнинг ечимига эътиборсиз бўлмаслик талаб этилади. Зеро, табиат муаммоси бу – жамият муаммоси демакдир.