ТАБИАТ ҲИМОЯСИ – ЖАМИЯТ ФОЙДАСИ

ТАБИАТ ҲИМОЯСИ – ЖАМИЯТ ФОЙДАСИ

photo_2026-01-28_15-55-06

Андижон вилояти экология  ва иқлим ўзгариши бош бошқармасида  экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат йўналишида 2025 йил давомида амалга оширилган тадбирлар таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.  Унда бажарилган ишлар билан бир қаторда баъзи муаммо ва камчиликлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да мамлакатимизда, хусусан, Андижон вилоятида ҳам табиатни муҳофаза қилиш борасида қатор амалий тадбирлар бажарилди. Хусусан,  вилоят экология бошқармаси томонидан  Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2018  йил 27 июлдаги “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида   хўжалик юритувчи субъектларда жами  57  маротаба текширишлар олиб борилган бўлиб, уларнинг 8 таси буюртма асосида  49 таси хабардор этиш тартибида ўтказилган текширишлар ҳисобланади. 

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Андижон вилояти бошқармаси шаҳар ва туман инспекциялари томонидан ўтган йил давомида Миллий гвардия ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда 4550 дан ортиқ рейдлар ўтказилиб, жами 3450 нафар ҳуқуқбузарларга нисбатан 3 миллиард  511 миллион сўмдан зиёд миқдорида жарима қўлланилиб, шундан 2574 нафаридан 1 миллиард 388 миллион сўм ундириб олинди. Қолган 1 миллиард  252 миллион  сўми ихтиёрий муддатда тўланганлиги сабабли уларга имтиёз асосида чегирма берилди. 

Якунланган йилда вилоятимизда ўсимлик дунёсини ҳимоя қилиш йўналишида ҳам қатор амалий ишлар олиб борилди. Хусусан,  Ўзбекистон Республикаси  Вазирлар Маҳкамасининг 2022  йил 22 февралдаги  “Махсус электрон тизим орқали лицензиялаш, рухсат этиш  хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги  қарорига асосан давлат хизматлари маркази  орқали 9 минг 948 дона дарахт кесиш учун 418 та мурожаатлар келиб тушган. Уларнинг 143 тасига ижобий , 262 тасига   дарахтларнинг  кесиш учун етарли асослар йўқлиги сабабли  рад этиш хулосалари берилди. Бундан ташқари, ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ҳайвонот дунёсини ноқонуний овлаш ҳолатларини олдини олиш юзасидан жойларда ўтказилган доимий назорат тадбирлари натижасига кўра, 88 та ноқонуний ҳаракатлар аниқланиб,  ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий чора сифатида 767 миллион 190 минг сўм жарима солинди. 

Ҳозирда вилоятимизда атмосферага зарарли чиқинди чиқарувчи 1032 та корхона фаолият юритаётган бўлиб,  ўтган йил давомида улардан тўққизтасида   чанг-газ тозалаш ускуналари модернизация қилиниши режалаштирилган эди ва бу корхоналарда  28 дона чанг-газ тозалаш ускуналари модернизация қилиниб, атмосферага чиқиши мумкин бўлган зарарларнинг олди олинди. Хусусан, “Реко бренд цемент” масъулияти чекланган жамияти томонидан 3 та, “Файз-М”  масъулияти чекланган жамияти томонидан 6 дона, “Экотиббиёт” хусусий корхонаси томонидан 1 та, “Ас-Кам Пхарма” масъулияти чекланган жамияти  томонидан 2 дона, “Коттонивилле” масъулияти чекланган жамияти томонидан 3 дона, “Эверест Металл грант”  масъулияти чекланган жамияти томонидан 3 дона, “Қурилиш имкон файз” масъулияти чекланган жамияти томонидан 6 дона, “Скортон Текстил”  масъулияти чекланган жамияти томонидан 3 дона, "Керамик бриск инвест" масъулияти чекланган жамияти томонидан 1 дона янги чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилиб ҳамда модернизация қилинди. Бунинг натижасида, атмосферага 42,5 тонна ташламалар чиқишининг олди олинди.

Шунингдек, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг   88-модда 1, 2 ва 3-қисмларида кўрсатилган ҳуқуқбузарликлар юзасидан 2025 йил   давомида  980 нафар ҳуқуқбузарларга нисбатан 645 миллион 350 минг сўм маъмурий жарима қўлланилди ва шундан  270 миллион 465 минг сўм ундириб олинди. 

Андижон вилоят экология бошқармаси ва вилоят ички ишлар бошқармаси тузилмалари билан ҳамкорликда ўтказилган “Тоза ҳаво” ойлигининг биринчи ва иккинчи босқичлари давомида 30 минг 585 та автотранспорт воситалари кўрикдан ўтказилган бўлиб, улардан токсиклик даражаси ва тутун миқдори белгиланганидан ортиқ бўлган  қарийб 150 дона  автотранспорт ҳайдовчисига нисбатан тегишли чора кўрилди.   

Шунингдек, 2025 йил давомида чиқиндилар билан боғлиқ ишларни назорат қилиш бўйича давлат инспекторлари томонидан чиқиндиларни ташлаш ва жойлаштириш талабларини бузган жами 1894 нафар ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, 967 миллион 52 минг сўм маъмурий жарималар қўлланилди  ва уларнинг 392 миллион 546 минг сўми ундирилди. Сув, ер ресурслари ва ерости бойликларини муҳофаза қилиш соҳаси бўйича вилоятдаги биринчи ва иккинчи тоифага мансуб 10 та корхона ва ташкилотларда локал сув тозалаш иншоотларини қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш  тадбирларини бажариш режалаштирилган бўлиб, улардан   еттитасида     оқава сув тозалаш иншооти қуриб битказилди. Шунингдек, “Ал-Ҳаким” масъулияти чекланган жамияти, “Тиловул” масъулияти чекланган жамиятларга сув тозалаш иншооти қурмаганлиги ва давлат экологик экспертизаси хулосасини олмаганлиги учун суд орқали уларнинг фаолияти тўхтатилди.

Вилоят ҳудудидаги барча очиқ сув ҳавзаларида ҳамкор ташкилотлар билан бирга ўтказилган рейд тадбирлари давомида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 701-моддаси ҳамда 70-модда 1-қисми билан 50 нафар ҳуқуқбузарларга нисбатан жами 390 миллион 960 минг сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилиб, 150 миллион 662 минг 500 сўми ундирилди. Сув, ер ресурслари ва ерости бойликларини муҳофаза қилиш соҳасига бириктирилган шаҳар ва туман инспекторлари томонидан тегишли моддалар бўйича 422 нафар шахсларга 1 миллиард 97 миллион  сўм маъмурий жарималар қўлланилди. 

“Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да вилоятимизда  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 9 июлдаги “Ички бозорни қум-шағал материаллари билан барқарор таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”  қарори ижроси доирасида   16 нафар тадбиркорлик субъектлари томонидан  лойиҳа параметрлари ва давлат экология экспертиза талаблари асосида 17818 метр узунликдаги масофада 1 011 528,533 куб метр ҳажмдаги дарё ўзанида тўпланиб қолган қум-шағал маҳсулотлари қазиб олиниб,  ички бозорга йўналтирилган.

Бундан ташқари ўтган йил давомида вилоятимиз шаҳар ва туманларида асосий экологик тадбирлардан бири – “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 21 миллион 62  минг туп дарахт ва бута кўчатлари экилди. Хусусан, жойларда “Менинг боғим” лойиҳаси асосида ташкил этилган   “Яшил боғ” ва “Яшил белбоғ”ларнинг сони янада кўпайди.   

Ҳисобот даврида вилоятда атроф-муҳит мониторинги йўналишига ҳам алоҳида эътибор берилди.  Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 сентябрдаги  “Атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш механизмини янада такомиллаштириш тўғрисида” қарорига асосан  вилоятдаги 83 та корхона ва ташкилот мониторинг ўтказиш бўйича назоратга олинган бўлиб,    69 та хўжалик юритувчи субектда, 7 та очиқ сув ҳавзалари, 2 та чиқиндихона, 1 та заҳарли моддалар кўмиш қабристонида мониторинг кузатув ишлари олиб борилди. Мониторинг давомида 270 та назоратдаги манбаалардан инструментал метод билан 270 дона намуналар олиниб, 1838 дона  кимёвий таҳлиллар ўтказилди. Бажарилиши лозим бўлган 40 та мажбурий  кўрсатмалар  берилди ва уларнинг бажарилиши таъминланди. Атрофга меъёрдан ортиқ  чиқиндилар ташлаган 25 та корхонага 179 миллион 841 минг сўм қўшимча компенсация тўловлари ҳисобланди.

Йил давомида олиб борилган ишлар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилди. Хусусан, экологик маданият тарғиботи, соҳага доир қонунларни ўрганиш, мавжуд муаммоларни бартараф қилиш, жойлардан юборилган мурожаатларни ўз вақтида ўрганиб чиқиш юзасидан телевидение ва радио, газета ва журнал, интернет нашрларида 829  марта чиқишлар қилинди. Учта матбуот анжумани, иккита брифинг ўтказилди. Шунингдек, жойларда 362 маротаба учрашувлар, семинар ва давра суҳбатлари ташкил этилди. 

Бу каби тадбирлар “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да ҳам изчил давом эттирилади. Чунки  табиат муҳофазаси жамият учун энг катта фойда  келтирувчи омил ҳисобланади. 

Ҳокимжон Мақсумов,

Андижон вилояти экология ва иқлим 

ўзгариши бошқармаси бошлиғи ўринбосари.