ТАБИАТ – ЧЕКМАСИН АЗИЯТ
Бугунги кунда дунё миқёсида экологик вазиятни барқарорлаштиришнинг асосий омилларидан бири сифатида ўтган йиллар давомида йўқотилган ўрмонзорларни қайта тиклаш масаласи мақбул чоралардан бири сифатида таъкидланмоқда. Мутахассисларнинг айтишича, ҳар йили курраи заминда ўрта ҳисобда 12 миллиондан 26 миллион гектаргача бўлган майдондаги ўрмонлар кесиб юбориляпти. Қолаверса, тобора кўпайиб бораётган саноат корхоналари, автомобиллардан чиқаётган зарарли газ ва чиқиндилар миқдори жадал суратларда ошиб боряпти. Буларнинг ҳаммаси бирикиб иқлим ўзгариши, табиий офатлар ва турфа касалликларни янада авж олишига хизмат қиляпти.
Шунинг учун ҳам бугун мамлакатимизда табиатни муҳофаза қилиш борасидаги тадбирлар асосига “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси қўшилди. Бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини эришиш учун давлатимиз раҳбари томонидан 2023 йилнинг 23 ноябрида “Республикада яшиллик даражасини янада ошириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини изчил амалга ошириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон имзоланди. Унинг ижроси доирасида бу йилги кўкламда вилоятимизнинг шаҳар ва туманларида салкам 11 миллион туп манзарали ва мевали дарахт, бута, қаламча ва гул кўчатлари экилди. Бунда вилоят иқлимига, шароитига мос бўлган павлония, каштан, қайрағоч, қарағай, чинор, япон сафораси, терак, узум, шумтол сингари ва бошқа мевали ҳамда манзарали дарахт кўчатлари танлаб олинди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси тадбирларидан вилоятдаги ҳеч бир соҳа ва тизим вакиллари четда турмади. Фермер хўжаликлари ва пахта-ғаллачилик кластерлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, корхона ва ташкилотлар, қишлоқ ва сув, ўрмон хўжалиги идоралари, ободонлаштириш ва йўллардан фойдаланиш, ижтимоий соҳа ташкилотлари фаол иштирок этдилар. Аҳамиятлиси шуки, бу тадбир кузда ҳам давом этади. Бунинг учун ҳозирдан пухта тайёргарлик олиб бориляпти. Келаётган мавсумда вилоятимизда яна 5 миллион 780 минг туп мевали, манзарали дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилган.
Шунингдек, 2022-2024 йилларда 128,3 гектар ерда “Яшил боғ”лар ташкил этиш белгиланган. Ҳозирда 13 та шаҳар ва туманларида “Яшил боғ”лар учун ер майдонлари танланиб, бу борада халқ депутатлари Кенгаши қарорлари қабул қилинган ҳамда “Яшил боғлар”ни ташкил этиш мақсадида республика ўрмон хўжалиги агентлиги қошидаги “Ўрмонлойиҳа” лойиҳа институти томонидан лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда экспертизадан ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда.
Янги дарахтзорлар ташкил қилиш қанчалар муҳим бўлса, мавжудларини асраб-авайлаш, биохилмахилликни сақлаш, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш ҳам доимий эътибордаги вазифа. Бунинг учун биохилмахилликни асраш, кадастрини юртиш шўбаси ҳамда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат инспекцияси, Миллий гвардия, ички ишлар бўлими ҳодимлари билан ҳамкорликда 2024 йилнинг ўтган даврида 29 маротаба рейд тадбирлари ўтказилди. Бунинг натижасида 25 та ҳолатда ноқонуний дарахт кесиш, 21 та ҳолатда ўсимликлар дунёсига, 4 та ҳолатда ҳайвонот дунёсига зарар етказиш каби ҳуқуқбузарликлар аниқланиб уларнинг барчасига маъмурий тартибда чоралар кўрилди. Бошқачароқ айтганда, бу шахсларга нисбатан 286 миллион сўмдан зиёд жарима қўлланилди ва унинг асосий қисми ундириб олинди.
Маълумки, вилоятдаги аксарият саноат корхоналари экологик меъёрий ҳужжатларга асосан фаолият олиб боради ва уларнинг муддати қатъий белгилаб қўйилган. Айни дамда ана шундай корхоналарнинг 173 таси ўз ҳужжатларини янгилаши лозим. Бу борадаги қонун талабларига бўйсунмаган ва давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосасини олмаган ўнга яқин айрим субъектлар фаолияти тўхтатилди. Бундан ташқари давлат экологик экспертизаси хулосасини амал қилиш муддати ўтиб кетган 16 та қум-шағал каръерлари ва 10 та собиқ пахта тозалаш заводлари (ҳозирги кластерлар)га юборилган талабномалар ижро этилмаганлиги учун давлат экологик экспертизаси хулосасини олгунига қадар фаолиятини вақтинча тўхтатиш ҳақида иқтисодий судларга даъво аризалари тайёрланди.
Вилоятимиз аҳолиси нафақат мамлакатимиз, балки марказий Осиёда энг зич жойлашганлиги билан ажралиб туради. Шунга яраша ижтимоий муаммолардан бири – чиқиндиларни ташиб кетиш ҳам ғоят долзарб. Ҳозирда вилоятда бу масала билан 6 та давлат- хусусий шерикчилиги асосидаги, 1 та кластер ва 4 та алтернатив санитар-тозалов ташкилотлари шуғулланяпти. Улар ихтиёрида 303 та махсус техникалар, 12 та полигонлар, 92 та чиқинди тўплаш шаҳобчаси, 12 та автотураргоҳ, 943 та контейнерлар мавжуд. Мазкур корхоналар томонидан маиший чиқиндиларни йиғиш 2 хил тизимда, якка тартибдаги уйларда “сигнал” усулида ва кўп қаватли турар жойларда контейнерлардан “график” асосида ташилади. Бугунги кунда, вилоятдаги 909 та МФЙлардан 894 таси санитар тозалаш хизматлари билан қамраб олинган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2022 йил 7 декабрдаги “Ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор ижроси доирасида геология инспекция ва давлат солиқ бошқармаси билан биргаликда доимий ер ости сув қудуқларини ноқонуний бурғилаш ҳамда сув олиш ҳолатлари устидан доимий назорат кучайтирилган. Шунингдек, ер ости ва ер усти сувларини ифлосланиши ва камайишини олдини олиш учун мунтазам рейд тадбирлар олиб борилмоқда. Вилоятимизда фаолият олиб бораётган 205 та автомобил ювиш шоҳобчалари хатловдан ўтказилиб, уларнинг 31 тасида экологик меъёрий ҳужжати борлиги аниқланди ва қолганларига расмий огоҳлантириш берилди. Бу борада зарур талабларга амал қилмаган 82 нафар ҳуқуқбузарларга нисбатан 83 миллион 640 минг сўм жарима қўлланилди.
Вилоятидан оқиб ўтган Қорадарё, Тентаксой, Майлисой ҳамда барча очиқ сув ҳавзаларида ўтказилган рейд тадбирлари 25 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланиб, ҳуқуқбузарларга 86 миллион 700 минг сўм жарима расмийлаштирилди.
Бундан ташқари бошқармамиз ходимлари атроф-муҳитни ифлосланиши мониторингини юритиш, атмосфера ҳавоси, дарё ўзанларини муҳофаза қилиш, ер русурслари ва ер ости бойликларини асраб-авайлаш, давлат экологик экспертизаси олиб бориш йўналишида ҳам қатор амалий ишларни бажаришмоқда. Асосий мақсад, мамлкатимиздаги экологик вазиятни барқарорлаштириш, атроф-муҳит муҳофазасини кучайтириш, аҳолининг экологик маданиятини ошириш орқали мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган. Сирасини айтганда, замондошларимизнинг табиатга нисбатан ижобий муносабати жамият учун ҳам ғоят фойдали бўлиши шубҳасиз.
Азизбек Акбаров,
Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши
бошқармаси бошлиғи.