СУВНИ ИСРОФ ҚИЛМАНГ, УВОЛИ ТУТАДИ!..

СУВНИ ИСРОФ ҚИЛМАНГ, УВОЛИ ТУТАДИ!..

Сув – бебаҳо неъмат, шу боис унинг ҳар томчисини асраб авайлаш зарур. Бугун ер шарида истиқомат қилаётган саккиз миллиард одамнинг учдан бир қисми ичимлик суви муаммо бўлган ҳудудларда яшаётганлигини ҳисобга олсак, бу неъматнинг қадри қанчалар улуғ эканлигини тушуниш мумкин. Афсуски, ҳозирда буни ҳамма ҳам бирдек англаб етмайди.  

 

Сувнинг ўрнинг ҳаётда бошқа ҳеч бир унсур боса олмайди.У тирик организмлар учун жуда муҳим манба ҳисобланади. Бундан ташқари, сув ноёб ҳамда  ҳайратланарли хусусиятларга эга жуда қизиқ моддадир. Сув ресурсларининг аҳамияти ва уларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш зарурлигини, сув тўғрисида қуйидаги қизиқарли фактлар орқали билиб олсак ҳам бўлади. Яъни, сув сайёрамиз ҳудудининг 70 фоизини қоплайди. Шу билан бирга, ушбу миқдорнинг атиги 3 фоизигина ичишга яроқли чучук сув, холос. Қолаверса, уларнинг асосий қисми музликларда жойлашгани сабабли кўп қисмини ишлатиш  мумкин эмас. Иссиқ сув совуқ сувга қараганда тезроқ музлайди. Тажрибалар буни экспериментал равишда исботлайди, лекин нима учун бундай бўлишини ҳатто олимлар ҳам аниқ билишмайди.  Сув 42 даража совуққа  қадар музламаслиги мумкин. Зарарли аралашмаларсиз, жуда тоза сув суюқ ҳолда ушбу ҳароратгача совутилиши мумкин. Муз асосан сув таркибида бўлган ифлослик зарралари атрофидагина шакллана бошлайди. Бундан ташқари, сув ўз хотирасига эга. У ўз атрофидаги барча маълумотларни ёзиб қолади. Олимлар бу таъсирни “сув хотираси” деб аташди. Юрак саломатлиги учун ҳам етарли миқдорда сув зарур бўлади. Кузатишлар кунига 6 стакан сув ичган одамнинг юраги 2 стакан сув ичган одамга қараганда анчагина соғлом бўлишини кўрсатди. 

images (1)-4

Шунингдек, тана ўз вазнининг 2 фоизига тенг миқдорда сув йўқотганда сувсизланиш юзага келади, тана вазнининг 10 фоизидан кўпроқ сувсизланиши ҳаёт учун хавфли, танадаги сувнинг 12 фоизи йўқотилганда эса уни шифокорлар ёрдамисиз тиклаб бўлмайди. Айнан шу боис сув ҳаёт манбаи  деб айтилади.Бир йил давомида одам 60 тонна сувни фақат озиқ-овқат орқали истеъмол қилади. 1 килограмм картошкани етиштириш учун 100 литр, 1 килограмм гуруч олишда – 4000 литр, 1 килограмм мол гўшти учун – 13 000 литр сув сарфланади. Битта гамбургер ишлаб чиқариш учун 2400 литр сув керак бўлади.

Сув тана учун кислороддан кейинги энг зарур модда ҳисобланади. Дунёдаги икки миллиарддан зиёд киши тоза сув ичиш имкониятига эга эмас.  Ернинг ҳар олтинчи аҳолиси камида бир марта тўйиб сув ичишни орзу қилади. Бизда кранни очиш орқали сув олиш мумкин бўлган бир вақтда, ичимлик суви ҳашамат саналадиган минтақалар ҳам мавжуд.Сўнгги 50 йил ичида дунё бўйлаб сувдан фойдаланиш бўйича 507 можаро содир бўлган, уларнинг 21 нафари ҳарбий ҳаракатлар билан якунланган. 

 

images-10

ЮНЕСКО  томонидан  2003 йилда қайд этилган маълумотларга қараганда, энг тоза ичимлик суви бўйича биринчи ўринни Финляндия, ундан кейинги ўринларни Канада ва Янги Зеландия эгаллайди. Ҳар бир қитъанинг ифлосланишлар сабабли умуман фойдаланиш учун яроқсиз бўлиб қолган ўз “ўлик” дарёси бор.  Масалан, Бангладешдаги Ганга дарёсининг сўл тармоғидан бири Буриганга дарёси расман ўлган деб эълон қилинган. Миссисипи дарёсидаги кўрфаз ҳам деярли ўликдир, тозалаш тизимлари мавжудлигига қарамай, унда ҳеч қандай организм яшамайди. Дунёдаги энг ифлос дарё Ява оролидаги Цитарумдир. Копенгагендаги иқлим ўзгаришига бағишланган конференциясида 2050 йилга келиб дунё океанларининг кислоталилиги 150 фоизга ошади, бу денгиз экотузилмасида қайтарилмас ўзгаришларга олиб келади, деб айтилган. Антропоген омиллар сабаб ҳа р йил океанларда 260 миллион тонна пластик буюмлар тўпланади. Одамлар ҳар куни икки миллион тоннагача чиқиндини табиий сув ҳавзаларига ташлайдилар. Бунинг натижасида нафақат очиқ сув ҳавзалари, балки ер ости сувлари ҳам жиддий зарарланмоқда.  Ифлосланган ер ости сувларини тозалаш учун эса  бир неча минг йиллар зарур бўлади.

shutterstock_309809651Юқорида келтирилган фактлардан аёнки, инсон учун сувнинг аҳамияти беқиёс.  Лекин бугунги кунда одамларнинг ичимлик сувига бўлган муносабати жуда ачинарли ҳолатга келиб қолган. Ичимлик сувидан беҳуда фойдаланиш жуда кўпайди. Оддий вазиятда сув жўмракларини очиб қўйиш, ичимлик сувида дов-дарахтларни суғориш, автомашиналарни ювиш ҳолатларига йўл қўйиляпти. Ваҳоланки, ичимлик сувининг ҳам чегараси бор, у туганмас эмас.Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилга бориб минтақамизда сув тақчиллиги юзага келиши, бўладиган урушларга ҳам сув муаммоси сабаб бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Лекин, охирги маълумотларга қараганда, сув тақчиллиги муаммоси 2050 йилда эмас, 2030 йилданоқ ўзини намоён қилади.Энг ачинарлиси, ушбу жараён бошқа давлатларга қараганда Ўзбекистонда кўпроқ сезилиши айтилмоқда. Демакки, бугун сув ва ундан оқилона фойдаланиш, асраб-авайлаш, ҳар томчисини қадрлаш борасида жиддий қайғурмасак, эртага кеч бўлади. Чунки, сувнинг асосий манбааси - тоғлардаги асрий музликлар кескин эриб, аллақачон қисқара бошлади. Аграр тизимдаги эътиборсизлик сабаб баъзи ҳудудларда сув беҳуда оқяпти, бошқа ҳудудларда эса ерларнинг деградацияси кучайиб, чўллашиш кўлами ортиб бормоқда. Сувга ҳурматсизликнинг оқибати ҳақида яхши билган ота-боболаримиз қадимдан уни алоҳида эътибор билан эҳтиётлаб келишган. Унга тупурмаслик, ариқларга ахлат ташламаслик, исроф қилмаслик улар учун одоб-ахлоқ ва ор-номус масаласи бўлган. Бугун эса айрим юртдошларимиз бу ҳақда унутиб қўйишган. Шунинг учун ҳам ҳозирда аҳоли ўртасида экологик маданиятни юксалтириш, нафақат сув, балки табиатнинг ҳар бир неъматидан оқилона фойдаланиш, асраб-авайлаш ҳақида тўхтовсиз бонг уришимиз лозим. Бу ишда нафақат соҳа мутахассислари, балки ҳар бир юртдошимизнинг алоҳида масъулияти бўлиши керак.

Без названия-8

Дарҳақиқат, бугун табиат муҳофазаси умумхалқ вазифасига айланиши шарт. Давлатимиз раҳбарининг 2025  йилга “ Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили ” дея  ном бериш таклифи замирида ҳам шу мақсад мужассам. Қувонарли жиҳати, ушбу йил Давлат дастури доирасида экологик муаммоларни бартараф этиш борасида қатор амалий тадбирлар бажариляпти. Лекин, улар кўламини янада ошириш талаб этилади. Негаки, атроф-муҳитни асраш бу мавсумий тадбир эмас. 

Шу ўринда яна бир муҳим маълумот. Бугун Президентимиз имзолаган қонун билан     Ўзбекистон Республикасининг “Сув кодекси” тасдиқланди. Мазкур ҳужжат сув, сув объектлари, сув хўжалиги объектлари ва сув фонди ерларидан оқилона фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади. Кодексга кўра,  сув умуммиллий бойликдир, ундан оқилона фойдаланиш лозим ва у давлат томонидан муҳофаза қилинади. Сувдан фойдаланиш умумий ва махсус фойдаланишга бўлинади. Сув объектларининг тоифалари жумласига қуйидагилар киради:

-Ўзбекистоннинг ер усти ва ер ости сув объектлари;

-Ўзбекистонда жойлашган ва унинг ҳудудини кесиб ўтадиган трансчегаравий ер усти ва ер ости сув объектлари.

-Сув объектлари танҳо ёки биргаликда фойдаланишда бўлиши мумкин.

-Сув ресурсларини бошқаришда қарорлар қабул қилиш мақсадида республика ва ҳавзалар, зарур ҳолларда ҳудудлар даражасида коллегиал-маслаҳат органи шаклида сув кенгашлари ташкил этилади.

-Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Республика сув кенгаши ташкил этилади.

Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан 3 ой ўтгач кучга киради ва мамлакатимизда сувдан оқилона фойдаланишнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилади. Шундай экан, замондошларимизни ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш, уни асраб-авайлашга чақирамиз. Зеро, улуғларимиз таъбири билан айтганда, хор қилинган неъмат зор қилиши айни ҳақиқат. Демак, сувни исроф қилманг, негаки, куни келиб унинг уволи тутмасин!.. 

 

Муҳсинжон Мирзаолимов,

Фарғона вилояти ҳудудий қурилиш ва 

уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида 

назорат қилиш инспекцияси шўъба бошлиғи.