СОҒЛИК – ЭКОЛОГИЯГА БОҒЛИҚ

СОҒЛИК – ЭКОЛОГИЯГА БОҒЛИҚ

Бугун, 7 апрель — Бутунжаҳон Саломатлик куни. 1948 йилнинг мазкур санасида Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ташкил топган. Шундан бери ҳаро йили 7 апрелда дунё миқёсида Жаҳон саломатлик куни  кенг нишонланади. Бу тадбир доирасида мамлкатимиз шаҳар ва туманларида шифокорлар томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказилади. 

 

Тиббиёт фанининг отаси, буюк салоҳиятли аллома, улуғ олим Абу Али Ибн Сино ҳам атроф-муҳит, ундаги унсурлар – тоза сув, ҳаво ва тупроқнинг инсон ҳаётидаги аҳамияти  ҳақида ғоят ўринли фикрлар билдирган. Ушбу унсурларнинг ифлосланиши, таркибининг ўзгариши кишилар ҳаёти ва соғлиғи учун жиддий зарарларни келтириб чиқаради.

Инсон билан табиат ўртасидаги муносабатларнинг барқарорлаштирилиши ҳамда атроф-муҳит муаммолари ўтган аср мобайнида ўз ечимини топмади. Демак, улар ҳозирги асримизда ҳам атроф-муҳит муҳофазаси масалалари сезиларли даражада мураккаб ва ечими жуда қийин бўлган муаммога айланди.  Шунинг учун ҳам, атроф муҳитни экологик ҳавфсиз ҳолатга олиб келиш, организмларнинг барқарор ҳолатда яшаши, кўпайиши ва ривожланиши учун соғлом, қулай табиий шароит яратиш энг муҳим вазифалардан ҳисобланади. 

Лекин, сўнгги йилларда башариятнинг табиатга салбий муносабати уни ёмон аҳволга солиб қўймоқда, бунинг оқибатида табиат инсондан қасд олишга ўтди. Ер юзида бўлаётган тўфонлар, зилзила ва бошқа табиий офатлар бунга яққол мисол. Инсон ақл заковати шунчалик каттаки, у турли машиналар яратиб табиатни ўзига бўйсундиради, у ҳатто атомдан ҳам фойдаланмоқда. Катта-катта табиий бойликларнинг ўзлаштирилиши, янги-янги механизмларнинг ишлатилиши, ўсимликларни касаллик ва ҳашоратлардан ҳимоя қилиш воситаларидан фойдаланиш бир томондан кундалик инсон талабини қондиришга имкон туғдираётган бўлса, иккинчи томондан унинг сиҳат-саломатлигига жиддий зарар етказувчи омилларни келтириб чиқармоқда. 

CZ3B7902
Ҳавосиз, сувсиз ҳаётни тасаввур этиб бўлмаганидек, тупроқсиз ҳам ҳаёт бўлиши мумкин эмас. Тупроқ ернинг пўстлоқ қавати бўлиб, кўркам табиатнинг ҳаётбахш омилларидан саналади.  Тупроқ  ҳаётнинг боши, ўсимликлар озуқаси, у одамларни боқади, кийинтиради, жониворлар учун эса яшаш макони ҳисобланади. У атроф –муҳитнинг бир бўлаги. Шунинг учун тупроққа тегишли озуқа бериб, уни зарарланишдан муҳофаза қилиш, унда кечаётган мураккаб биогеоценоз жараёнларга зарар бермаслик зарур, акс ҳолда тупроқнинг экологик ҳолати бузилиб инсон учун зарарли омиллардан бирига айланиб қолади. Хусусан, ерга кўп миқдорда минерал ўғитларнинг ташланиши, уларнинг турли химикатлар билан зарарланиши тупроқ таркибини тубдан ўзгартириб юбормоқда. Тупроқнинг санитария ҳолати унга чиқиндилар, ахлатлар, саноат чиқиндилари ташланиши билан бузиляпти. Бу эса инсонлар ўртасида соматик, юқумли ва паразитар касалликлар келиб чиқиши, кўпайишига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, атмосфера ҳавосидаги заҳарли омилларнинг тобора кўпайиб бориши ҳам фақатгина инсон саломатлигига эмас, балки бутун тирик жониворлар, ўсимликлар  ҳаётига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

CZ3B7923
Мухтасар қилиб айтганда, атроф-муҳит софлиги биз, унда яшовчи инсонлар учун ғоят муҳимдир. Соғлигимиз энг катта бойлигимиз. Қачонки табиатни, ундаги табиий ва моддий ресурсларни асрар эканмиз шундагина ўз соғлигимизни сақлаган бўламиз. Бу борада экологик маданият ва тиббий маданиятни юиргаликда ошириб бориш талаб этилади. Айни йўналишдаги ҳаракатларимизнинг барчаси тоза ҳудуд ва мусаффо ҳавосиз асло самара бермайди. Демак, соғлик – экологияга боғлиқ. Бу ҳаёт ҳақиқатини асло унутмайлик.