СУВ – БУ ҲАЁТ ДЕМАКДИР

СУВ – БУ ҲАЁТ ДЕМАКДИР

Битта инсон бутун умри давомида 35 тоннагача сув истеъмол қилади. Бу чархфалак дунёда яшаб ўтаётган одамлар сонини ҳисобга олсак  ва уни ўша миқдорга кўпайтирадиган бўлсак рақамлар охирини топиб бўлмайди, аслида. Аммо, умумий уйимиз – курраи заминда нафақат инсонлар, балки бошқа барча жонзотларнинг ҳам сувга бўлган эхтиёжи имкон қадар қондириляпти. Лекин, сувсизликдан азият чекаётганлар сони ҳам оз эмас. 

 

Тириклик асосида уч унсур – ҳаво, сув ва тупроқ жам бўлган. Уларнинг бирортаси етишмаса демакки, ҳаёт ҳам бўлмайди. Шу маънода уларнинг ҳар бирини асраб-авайлаш, сақлаш, муҳофаза қилиш муҳим. Хусусан, сув алоҳида эътиборга лойиқ. Негаки, у табиатдаги ўз ўрнига нисбатан кўпроқ талаб этиладиган, камроқ учрайдиган ва унинг етишмаслигидан одамлар кўпроқ азият чекаётган неъмат ҳисобланади. Тўғри, аслида она сайёрамизнинг тўртдан уч қисми  сув билан қопланган. Аммо, ана шу сувнинг атиги икки  фоиздан зиёдигина ичишга яроқли эканлигини ҳисобга олсак, масаланинг моҳияти тўла намоён бўлади.13-3

Ер юзининг исталган ҳудудида одамларнинг ер ва ҳавога нисбатан эхтиёжи сувга бўлганчалик катта эмас. Ҳаво бутун олам бўйлаб бир текисда тарқалган. Одамлар фақатгина қуруқликда, ер, тупроқ, шароит бор жойда истиқомат қилади. Сув эса бундай эмас. Бунинг исботини қуйидаги мисоллар ҳам изоҳлаб беради. Яъни, ер шарининг 70 фоиз ҳудудини эгаллаган  умумий сув миқдорининг 97, 5 фоизи –  бу шўр сув. Ундан қолган  атиги 2,5 фоиз чучук сувнинг ҳам асосий қисми тоғлардаги асрий музликлар ҳиссасига тўғри келади. Демак, ҳозирда инсоният ихтиёрида умумий сувнинг атиги бир фоизи миқдорида ичимлик суви бор. Уни барча ҳудудлар бўйлаб бир текис тарқалмаганлиги оқибатида ҳозирда ер юзидаги ҳар еттинчи одам, яъни 1 миллиард 100 миллиондан зиёд киши сувсизликдан азият чекяпти. 2,1 миллиард инсон эса уй шароитида хавфсиз ичимлик сувисиз яшайди, бу уларнинг соғлиғига, таълим олишига ва яшашига ўз таъсирини кўрсатмоқда. Янада ёмони нима, биласизми? Чучук  сув мавжуд ҳудудлардаги аҳолининг эътиборсизларча муносабати натижасида унинг 30  фоизгача қисми увол бўляпти, исроф қилиняпти  ва шунчаки йўқолиб кетяпти.720_460_95_3179100296

Яна бир масала. Заминимиздаги чучук сув ресурслари барқарор бўлиб асло ошиб бормайди. Табиатда ўзаро айланади, холос. Аммо, йигирма биринчи асрда ер юзидаги аҳоли сони аввалги аср бошига нисбатан деярли икки баробарга ўсди. Сув истеъмолига эхтиёж эса олти баробар  кўпайди. Бу энди масаланинг демографик кўриниши  ва у янада ортиб бориши табиийдир. Шунингдек, инсон танасининг асосий қисми ҳам сувдан ташкил топганини яхши биласиз. Одамзод овқатсиз олти ҳафта яшаши мумкин, аммо сувсиз бир ҳафтадан ортиқ умр кўра олмайди. Демак, сув инсонлар учун асосий ҳаётий манбаа  сифатида алоҳида эътиборга, муҳофазага муҳтож. Уни асраб-авайлаш, ҳар томчисидан оқилона фойдаланиш замон талаби, ҳаётий зарурат Шу орқали биз ўз наслимиз давомийлигини, келажагимиз даҳлсизлигини таъминлай оламиз.  135960_97ea20caf6ec421025338e1cd6ec

Шу ўринда аччиқ бўлса-да бир ҳақиқатни таъкидлаш лозим. Бугун мамлакатимизда сувни муҳофаза қилиш борасидани амалий тадбирлар етарли деб бўлмайди. Чунки, айрим кишилардаги экологик маданиятнинг етишмаслиги оқибатида юртимизда  чучук сув оқиб турган катта-кичик сой ва каналлар,  дарё ва кўл бўйларидаги экологик вазият аянчли ҳолга келиб қолган. Кейинги пайтда одамлар сира иккиланмай сувга ахлат ташлайдиган бўлишди. Бундан ярим аср аввал бемалол ичиш мумкин бўлган ариқ ва сой сувларини бугун асло истеъмол қилиб бўлмайди.f67869efcfbc
 

Уларнинг тоза ва зилоллигидан асар ҳам қолмади. Ҳолбуки, ота-боболаримиз неча-неча асрлар давомида айнан шу манбаалардан чанқоғини қондирган, дала маҳсулотларни етиштиришган. Уни ризқу-рўз  сифатида авраб авайлашган. Бугунги авлод  эса ана шу ризққа сира иккиланмай тупуряпти, чиқинди ташлаяпти. Бу тирикликка таҳдид, инсонлар ҳаётига ҳуруж, табиатга нисбатан хиёнатнинг ўзгинасидир.  

Сирасини айтганда, сувнинг беқиёс аҳамияти, уни асраб-авайлашнинг зарурати ҳақида яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Энг асосийси уни хор қилиш эртага зорликка олиб келиши аниқлигини унутмаслик керак. Шундай экан, томчиси тиллодан қиммат бойликни қадрига етайлик, ифлосламайлик. Беҳуда оқиб ётган жўмракларни ўз вақтида беркитиб увол бўлишини олдини олайлик. Зеро, бир қултум сув ҳам неча-неча жонзотларга қайта ҳаёт бахш этиши бор гап.

 

Муҳаммадзикр Эргашев,

Фарғона вилояти экология  ва иқлим ўзгариши 

бошқармаси сув, ер ва ерости бойликлари 

шўъбаси бошлиғи.