“ТОЗА ҲАВО” ОЙЛИГИ ТАДБИРЛАРИ

“ТОЗА ҲАВО” ОЙЛИГИ ТАДБИРЛАРИ

Инсоният ҳаёти учун энг муҳим омил бўлган атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, унинг мусаффолигини таъминлаш бугуннинг глобал муаммоларидан биридир. Чунки, ҳавонинг ифлосланиши нафақат инсон, ўсимлик, ҳайвонот дунёси вакиллари, умуман, бутун оламдаги жамики тирик мавжудотларга зарарли таъсир кўрсатади. Шу боис мамлакатимизда ҳар йили 10 апрелдан 10 майгача “Тоза ҳаво” ойлигининг дастлабки босқичи ўтказилади.  

 

Она табиатга нисбатан муносабатда ҳар бир ҳаракатимиз биздан ўта эҳтиёткорликни талаб этади. Файласуф Гро Харлем Брундланд айтганидек: “Табиат – бу аждодларимиздан бизга қолдирилган мерос эмас, балки келгуси авлодларимиздан олинган қарздир”. Шунга кўра, атроф-муҳитни ифлос қилмаслик, хусусан, ҳавонинг тозалигини сақлаш масаласига қадимдан алоҳида эътибор берилган. Бир неча асрлар олдин, яъни 1382 йилда Франция қироли Карл VI томонидан амалга киритилган қонунга кўра ҳавога “ёмон ҳидли, кўнгил оздирадиган” тутун чиқарувчилар қаттиқ жазоланган. Умуман олганда эса, табиат мутаносиблигининг бузилиши, табиий ресурсларнинг камайиб бориши ва атроф-муҳит ифлосланишининг 90-97 фоиз ҳолати  инсонларнинг хўжасизларча фаолият юритишлари билан боғлиқлиги айни ҳақиқат.

AK6veVbu2bqXUFcNskssWCHfkPRy7DuM_normal

2023 йил 30 апрелда ўтказилган умумҳалқ референдумида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Кониституциясида ҳам атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга алоҳида урғу берилиб, мамлакатимизнинг бебаҳо табиий бойликларини кўпайтиришга, келажак авлод учун асраб-авайлаш, атроф-муҳит мусаффолигини сақлашга аҳд қилинганлиги кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 62-моддасида “Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар” ва 68-моддасида  “Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир”, деб алоҳида белгилаб кўрсатилган. Бу атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишда алоҳида аҳамиятга эгадир.

Шунингдек, Ўзбекистонда яқин беш йилга,  2026-2031-йилларга мўлжалланган «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳаси ишга туширилиши атмосфера ҳавосини ифлосланишининг олдини олиш бўйича энг зарур ва аҳамиятли  ташаббуслардан бири бўлди. Бу лойиҳанинг асосий мақсадлари саноат ва энергетика объектлари, қурилиш соҳаси ҳамда транспорт чиқиндиларини камайтириш, атмосферага ифлослантирувчи моддалар чиқарилиши ҳажмини 10,5 фоизга камайтириш, атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш бўйича II ва III тоифаларга мансуб корхоналарда автоматик мониторинг станциялари ва чанг-газ тозалаш қурилмаларини ўрнатиш, саноат объектлари чиқиндиларини ушлаб қолиш улушини 32 фоизга етказиш, ПМ2,5 бўйича миллий нормативлардан юқори бўлган кунлар сонини камайтириш, транспорт воситалари томонидан атмосфера ҳавосига чиқариладиган ифлослантирувчи моддалар ҳажмини 10 фоизга камайтириш, шунингдек, табиий чанг ҳосил бўлишини назорат қилиан иборатдир. 

Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш ва унга ташланаётган зарарли моддаларни камайтириш максадида мамлакатимиз ҳамда вилоятимизда бўлгани каби шаҳримизда ҳам хар йили икки босқичдан иборат “Тоза ҳаво” ойлиги тадбирлари уюшқоқлик билан ўтказиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири ўринбосарининг 2026 йил 30 мартдаги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири биринчи ўринбосарининг 2026 йил 30 мартдаги “Тоза ҳаво” ойлигини ўтказиш тўғрисидаги қўшма кўрсатмасига ва Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири ўринбосарининг 2026 йил 17 апрелдаги тегишли топшириғига ва  Фарғона вилояти  экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармасининг 2026 йил 21 апрелдаги тегишли буйруғига асосан вилоятда, шунингдек шаҳар ва туманлар кесимида  “Тоза ҳаво” ойлиги тадбирининг  I босқичи бошланди ҳамда у 10 майга қадар давом этади. photo_2026-04-28_18-03-08

“Тоза ҳаво” ойлигининг I  ва II  босқичларидан кўзда тутилган мақсад – экология, атроф муҳит мусаффолигини янада яхшилаш, она-табиатни асраб авайлашга бўлган эътиборни янада ошириш, автотранспорт воситаларидан чиқаётган зарарли моддалар билан атмосфера ҳавосини ифлосланишини камайтириш, уларнинг зарарлилик даражасини текшириш бўйича давлат назоратини кучайтириш, автомобилларга ёнилғи қуйиш, техник хизмат кўрсатиш шаҳобчалари, автокорхоналар, автомобил йўлларида экология ва атроф - муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилишини назоратдан ўтказиш, умуман олганда, юқоридаги йўналишлар бўйича ишларни янада яхшилашдан иборатдир. 

Шундай экан, барча юртдошларимизни  “Тоза ҳаво” ойлиги тадбирларида фаол иштирок этиб, уни намунали ўтказишга муносиб  ҳисса қўшишга чақирамиз. Зеро, тоза ҳаво билан борлиқ мусаффо бўлади. Мусаффолик саломатлик, тўкин ҳаёт ва фаровонлик омилидир. 

 

Сафурахон Турғунова,

Фарғона вилояти экология ва иқлим ўзгариши 

бошқармасининг Марғилон  шаҳар 

бўлими  давлат инспектори.