ТАБИАТ БОЛАЛАР НИГОҲИДА

ТАБИАТ БОЛАЛАР НИГОҲИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 25 мартдаги   “Эко-маданият” умуммиллий лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни жадаллаштиришга оид комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида жойларда қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Фарғонада ўтказилган ёш рассомлар танлови мавзуси ҳам шу ҳақда бўлди.  

 

Атроф-муҳитга, бизни ўраб турган жонли табиатга тийрак кўз билан боқиш уни дарров англаш мумкин бўлмаган сеҳру-жозибасини, кўзни қувнатадиган гўзалликларини намоён этади. Фарғоналик ўқувчи- ёшлар иштирокида ўтказилган “Табиат болалар нигоҳида” номли республика танловининг вилоят босқичида болажонларнинг айни йўналишдаги иқтидори, тасаввури турли рангларда қоғозга туширилди. Асосан, ёшлар ўртасида экологик маданият, таълим-тарбия ва тарғиботни кучайтириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар режасининг тегишли бандига кўра ташкил этилган мазкур танловда вилоятнинг шаҳар ва туманларидаги ўқувчиларнинг энг сара асарлари танлаб олинди. Аслида ҳам ушбу танлов болалар онгида табиатга меҳр уйғотиш, атроф-муҳитни асраш ғояларини сингдириш ҳамда уларнинг ижодий қарашларини намоён этишга хизмат қилиши кўзда тутилган эди ва  мазкур вазифани юқори даража адо эта олди. 

photo_2026-04-19_09-14-29

Шу ўринда эътироф этиш жоизки, вилоят босқичига тақдим этилган расмлар шунчаки ёшлар тасаввурини ўзигина эмас, ундаги манзара, ғоялар керак бўлса катталарни ҳам чуқур ўйга солади. Танлов номидан келиб чиқиб, болалар нигоҳида табиат — гўзаллик, мусаффолик, ям-яшил манзаралар, гуллар ва беғубор табиат сифатида акс этиши кутилгани ҳолда аксарият расмларда бундан-да қизиқ манзаралар тасвирланган. Яъни, кўплаб ижодий ишларда дарахтларнинг кесилиши, табиатнинг зарарланиши, атроф-муҳитга нисбатан бепарволик ҳолатлари акс этган. Энг ачинарлиси, бундай манзаралар ҳатто боғча ёшидаги болаларнинг расмларида ҳам учрайди. 

photo_2026-04-19_09-14-28

Шу ўринда кишида беихтиёр турли саволлар туғилади. Нега болалар табиатни айнан шундай қабул қиляпти? Нега уларнинг тасаввурида табиат гўзаллик эмас, балки вайрон бўлаётган муҳит сифатида акс этмоқда? Бунга ким айбдор?

Бу саволларга жавоб топиш учун ёш ижодкорларни саволга тутдик:

-Нега шундай расм чиздинг, изоҳлаб бер?!

Уларнинг жавоблари эса жуда оддий, аммо ўта аччиқ ҳақиқатни очиб берди.

— Aхир ҳамма жойда қурилиш қиламан деб дарахтлар кесиляпти.

— Заводлардан бўралаб тутун чиқиб ётибди. 

— Ҳатто шаҳар марказларида ҳам чиқиндилар сочилиб ётибди.

 —Ҳайвонлар йўқолиб кетяпти, шундайлари борки, ҳатто зоопаркда ҳам кўрмаяпмиз.

— Ўрмонлар камайиб кетган.

photo_2026-04-19_09-14-31

— Тоғларга чиқсак, одамлар чиқиндиларни ташлаб кетишади.

Пластик идишлар ҳайвонларни нобуд қиляпти, табиий сувни ифлослантиряпти.

— Иқлим ўзгаряпти,  ўта иссиқ ҳаво ёки аномал совуқлар бўляпти.

Бу жавоблар — болалар нигоҳи. Бу — яширилмаган ҳақиқат.Aслида, жавоб узоқ эмас. Болалар — катталарнинг ойнаси. Улар амалда ўз атрофида кўрганини, эшитганини ва ҳис қилганини асл ҳолича қоғозга туширади. Демак, табиатга бўлган бу каби муносабат, аввало жамиятдаги умумий қараш ва амалий ҳолатнинг инъикосидир.

Болаларнинг аччиқ, лекин ҳақиқатга йўғрилган жавобларидан хулоса шуки, Она табиатни келажак авлодга бутун ва соғлом ҳолда етказиш — бу бизнинг, катталарнинг   муҳим вазифамиз. Aгар бугун болалар табиатни шикастланаётган, аёвсиз муносабат қурбони сифатида тасвирлаётган бўлса, демак, биз бу ўринда бош айдор саналамиз. Бу эса,  бефарқ қараладиган масала эмас. Aксинча, ҳар биримизни яна бир бор ўйлантириши, табиатга муносабатимизни қайта кўриб чиқишга ундаши лозим.  Она табиат — барчамизники. Уни асраш, авайлаш ва келажак авлодга гўзал ҳолда етказиш — нафақат бурч, балки инсонийлик мезонидир.

 

Гулноза Тўхтасинова,

Фарғона вилояти экология ва иқлим ўзгариши 

бош бошқармаси матбуот хизмати раҳбари.