ОБИҲАЁТ ОҒУГА АЙЛАНМАСИН
Сув ҳаёт манбаи. Тирик жон озуқасиз, егуликсиз бир неча кун яшаши мумкин, аммо сувсиз узоққа бормайди. Чунки, ҳар қандай организмнинг асосини сув ташкил қилади. Танамиздаги ҳамма жараёнлар бевосита сув ёрдамида амалга ошади ва бу неъматни кўпроқ истеъмол қиламиз. Шундай экан, уни асраб-авайлашимиз, қадрлашимиз зарур.
Узоққа бормаймиз. Бундан ярим аср аввал ҳам мамлакатимиз аҳолисининг асосий қисми ариқ ва каналлардан, оқар сувдан ўз чанқоғини қондирган. Катталаримизнинг “Сувга тупурма, гуноҳ бўлади”, деган сўзлари ёзилмаган қонун сингари амалда бўлган. Деҳқонларимиз ариқ бўйида тушлик қилиб маза қилишар, иссиқ нонни оқизиб ейишнинг гашти ўзгача эди. Жилвираб оқаётган зилол сув кишиларга куч-қувват, ҳақиқий маънода ҳаёт бахш этарди.

Бугунчи, бугун бу сўзлар ўтмишдаги эртакка айланди, гўё. Оқар сувларга боқсангиз истеъмоли у ёқда турсин, ҳаттоки қўл ювиб бўлмайди. Ахлатга тўйиб бўтанага айланганидан қарашга юрак бетламайди. Одамзот шунчаликка бордики, бугун сувга тупуриш у ёқда турсин, сира иккиланмай маиший чиқиндилар улоқтириляпти. Улар орасида ҳар қандай нарса бор. Ачиган овқатлар ва бошқа чиқиндилар майли, ариқ ва каналларда оқиб келаётган ҳайвон ўлиги, нимта бўлакларини кўриб кўнгил беҳузур бўлади. Энг ёмони йиллар давомида чириши қийин бўлган, болажонларнинг ахлати билан тўйинган тагликлар – памперслар ҳам шундайгина ариқларга оқизиляпти.
Тўғри, бугун кўпчилик аҳоли пунктлари ичимлик суви учун ер ости сувларидан фойдаланяпти. Аммо, ҳамон водопровод суви етиб бормаган манзиллар бор. Демакки, сувга ахлат ташлаётган нокас қанча-қанчалаб инсонларнинг ризқига хиёнат қиляпти. Бу биринчидан оғир гуноҳ саналса, иккинчидан ғоятда қўпол қонунбузилиши ҳисобланади.

Шунингдек, оқар сувни ифлослантириш натижасида ундаги барча тирик организмлар, балиқлардан тортиб энг кичик жонзотларгача ҳалок бўлади. Сув танқислиги тобора ортиб бораверади. Чунки, ер юзининг тўртдан уч қисми сув билан қопланган бўлса-да, унинг атига 2,5 фоизи чучук сув, холос. Демак, ўша миқдор ҳам кескин қисқаради. Бундан ташқари ифлосланган сув истеъмоли кишилар орасида турли юқумли касалликларга олиб келади. Жумладан, тоза бўлмаган сув инсонларда юрак-қон томир касалликлари, хусусан, гипертониянинг ривожланишига сабаб бўлади. Буйракка оғир юк тушади, унда тош тўпланади. Гастрит ва ошқозон яраси юзага келади, овқат хазм қилиш тизимидаги жараёни издан чиқади ва жиддий шикастланади. Мушак-скелет тизимида сурункали касалликлар бошланади. Бу ҳолат жигарга оғир зарба бўлади. Метаболик касалликлар ва эндокрин хасталиклар кўпайиб боради.
Янада аниқроқ айтганда, бугун дунёдан ўтаётган ҳар тўрт одамнинг биттаси мана шундай оқибатда, яъни сув ва ҳавонинг ифлосланиши, экологик омил сабаб ҳаёт билан видолашяпти.
Сувни ифлослашни оқибатлари ҳақида яна кўпгина мисоллар келтириш мумкин. Ризқимиз бўлган бу неъматни қадрламаслик натижасида яқин йилларда мамлакатимиз минтақадаги сув муаммоси энг кучли бўлган давлатлар қаторидан жой олади. Баъзи мамлакатларда бир литр сув ҳатто бензиндан бир неча баробар қиммат эканлиги ҳам бор гап. Бошқачароқ айтганда, бугун ер юзидаги икки миллиардга яқин одамлар ичимлик суви катта муаммо бўлган ҳудудларда истиқомат қилади.
Шундай экан, бугун юртдошларимизни ичимлик ва оқар сувнинг ҳар томчисини эъзозлаш, уни асраб-авайлашга чақирамиз. Уни исроф, ифлос ва увол қилманг. Чунки, эртага унинг оқибатлари яхшиликка олиб келмайди.
Абдукарим Қувватов.