НОҚОНУНИЙ САВДО – КЕЛТИРАДИ ҒАВҒО

НОҚОНУНИЙ САВДО – КЕЛТИРАДИ ҒАВҒО

Экологик маданият кишиларнинг табиат билан бўлган муносабатларини тартибга солади. У етишмаган жойда эса баъзи қонунбузарликлар, ҳуқуқбузарликлар юзага келиши мумкин. Фарғона вилояти экология ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимларининг ҳамкор ташкилотлар вакиллари билан ўтказган рейди давомида ана шундай ҳолатлардан бири аниқланди.

 

Фарғона вилоятида кейинги пайтда ёввойи табиатни муҳофаза қилиш, ноёб ва йўқолиб бораётган ҳайвон турларини асраш борасида тизимли назорат тадбирлари кучайтирилмоқда. Бунинг натижасида жойларда юз бериши мумкин бўлган қатор салбий ҳолатларнинг олди олинаётир. Ўтган куни ана шундай тадбирлардан бири Фарғона тумани ҳудудида ўтказилди. Фарғона вилояти экополициясининг тезкор гуруҳ ходимлари ҳамда вилоятдаги бошқа ҳуқуқ-тартибот ходимлари билан ҳамкорлигида туманнинг Aввал маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги чорва ҳамда парранда бозорида қизиқ ҳолатга гувоҳ бўлинди. Рейд давомида аниқланишича, Фарғона шаҳрида яшовчи фуқаро Тоҳир Маликов (исм-шарифлар ўзгартирилган)   3 бош Ўрта Осиё чўл тошбақасини сотиш мақсадида бозорга олиб келган экан.

  photo_2026-04-16_18-02-27

Ўрганишлар шуни кўрсатдики, фуқаро ушбу тошбақаларни бир неча йиллардан буён ўз яшаш хонадонида сақлаб келган ва маълум эҳтиёж сабаб сотишга уринган. Бироқ, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, ёввойи табиатда яшовчи ҳайвонларни тегишли рухсатномасиз сақлаш, кўпайтириш ёки сотиш қатъиян тақиқланади. Ҳолат юзасидан фуқарога унинг хатти-ҳаракати ноқонуний экани тушунтирилди, профилактик суҳбат ўтказилди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 92-моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Бошқачароқ айтганда ноқонуний савдо фуқаронинг бошига етарлича ғавғо олиб келди. 

Мутахассислар таъкидлашича, Ўрта Осиё чўл тошбақаси ноёб ва муҳофаза остидаги Ўзбекистон “Қизил китоби”га киритилган ҳайвон турларидан бири ҳисобланади. Уларни асраш ва табиий яшаш муҳитида сақлаб қолиш ҳар бир фуқаронинг муҳим вазифасидир. Негаки, бугунга келиб бундай т ошбақаларнинг табиий яшаш ҳудуди кун сайин қисқариб боряпти. Маълумотларга кўра, кейинги ярим аср давомида тошбақаларнинг яшаш жойлари салкам икки миллион  гектарга камайиб кетди.  Аслида  Ўрта Осиё чўл тошбақаларига бўлган ҳужум ўтган асрнинг биринчи ярмидан бошланган. Иккинчи жаҳон уруши даврида Ўрта Осиё тошбақаси гўштидан кўп миқдорда консервалар тайёрлашда фойдаланилган. 1950—1960 йилларда тошбақа, асосан, иқтисодий эҳтиёжлар учун йиғилган, бироқ очиқ даштда қишлоқ хўжалиги ривожланиши бу турнинг яшаш жойлари ва сонини сезиларли даражада камайишига олиб келди.  

   photo_2026-04-16_18-02-08

Шу боис, фуқаролардан ёввойи табиат вакилларига нисбатан масъулият билан муносабатда бўлиш, қонунчилик талабларига риоя этиш ва атроф-муҳит, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига нисбатан ҳуқуқбузарликлардан тийилиш сўралади. 

Савдоси пишмаган йигитдан олинган тошбақалар энди ўз уйлари –табиат бағрига қайтишади. Уларни белгиланган тартибда Ёзёвон туманидаги “Табиат ёдгорлиги” ҳудудига   қўйиб юборилади. Ёввойи табиат ва чўл ҳудуди тошбақаларга инсон меҳридан кўра қулайроқ  ва хавфсиз ҳисобланади.

 

Умиджон Умаров, 

Фарғона вилояти экология ва иқлим ўзгариши 

бош бошқармаси экополиция бошлиғи 

ўринбосари, тезкор штаб раҳбари.