МАЗМУНЛИ ВА МАРОҚЛИ ТАШРИФ

МАЗМУНЛИ ВА МАРОҚЛИ ТАШРИФ

Ўзбек  ва тожик халқи  асрлар давомида бир заминда яшаб келади. Уларнинг ўтмиши, тарихи, миллий қадриятлари ва анъаналари ҳам ўхшаш, муштарак.  Шунингдек, фусункор табиати, бир-биридан гўзал манзиллари, бетакрор дала-қирларида битадиган нозу-неъматлар ҳам алоҳида таърифга эга. Бир сўз билан айтганда ҳар икки юртнинг ўзига хос тароватли, эътиборга лойиқ туризм объектлари борки, ҳар қандай кишини ўзига мафтун қилади.

2024-01-22 21.31.53
Фарғона вилояти туризм бошқармаси томонидан вилоятда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналист ва блогерлар, туристик фирмалар вакиллари учун ташкил этилган галдаги пресс-тур қўшни Тожикистоннинг ана шундай диққатга сазовор манзиллари бўйлаб саёҳатни ўз ичига олди. 

Ушбу дўстона ташриф давомида  меҳмонлар  Тожикистон Республикасининг   Конибодом, Сўғд ва  Истарафшан шаҳарларидаги туристик салоҳияти юқори бўлган объектлар билан атрофлича  танишдилар. Даставвал ўзбекистонлик журналист ва туристик фирма вакиллари  Тожикистон  Республикасининг  Андархон чегара  постида алоҳида эҳтиром ила кутиб олинди. 

2024-01-22 21.32.07
Расмий маросимдан сўнг пресс-тур иштирокчилари Тожикистоннинг «Пайшанба» бозори, Шайх Муслиҳиддин мақбараси, Камол Хўжандий ҳиёбони ва  уй музейи, Хўжанд қалъаси тарихий обидаси, «Арбоб» маданият уйи, Истарафшон вилоятидаги «Муғ» қалъаси, Суғдиён вилоятининг тарихий музейи, Қайроққум денгизи,  Гулистон вилоятидаги   «Соҳил» ва «Баҳористон» сиҳатгоҳлари, тилла ва кумуш заргарлик буюмлари ишлаб чиқарадиган «Зари Сўғд» корхонаси ҳамда Миллий ҳунармандчиликка ихтисослашган касб-ҳунар коллежига ташриф буюрдилар. 

2024-01-22 21.32.03
Мазкур туризм объектларининг тарихий аҳамияти, уларда жам бўлган ноёб кўргазма ва экспонатлар, тожик ҳалқининг узоқ ва яқин ўтмишидан ҳикоя қилувчи  қизиқарли маълумотлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди. 

2024-01-22 21.32.11
Ташриф давомида томонлар  ҳар икки давлат ўртасида туризмни ривожлантириш, шу орқали азалий дўстлик ва қардошлик алоқаларини мустаҳкамлаш, жойлардаги диққатга сазовор объектларни ўрганиш, зиёрат қилиш юзасидан ҳамкорликни кучайтириш,  бу хусусда етарли маълумотлар олиш, туризмни халқаро миқёсга олиб чиқиш юзасидан тажриба алмашдилар.  

Энг муҳими, фарғоналик журналистлар, туристик фирма вакилларининг  қўшни Тожикистон бўйлаб саёҳати ғоят мазмунли  ва  мароқли ўтди.

 

 

Хуршиджон Аҳмедов, 

Фарғона вилояти ҳокимининг туризм, маданият, 

маданий мерос ва оммавий коммуникациялар 

масалалари бўйича ўринбосари,  вилоят

туризм бошқармаси бошлиғи.