МАДАНИЯТСИЗ ТАРАҚҚИЁТ, МАЪРИФАТСИЗ КЕЛАЖАК БЎЛМАЙДИ
Бугун Наманган вилоятининг Чортоқ туманида Ўзбекистон экологик партиясидан битта халқ депутатлари вилоят Кенгаши, тўртта халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари фаолият юритмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил 15 майда имзоланган “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ва у асосда қабул қилинган Концепция тарғиботи бу депутатлар учун алоҳида масъулият юклайди. Шу муносабат билан ташкил этилган давра суҳбатида депутатлар аҳоли орасида экологик маданият тарғиботини ташкил қилиш асослари ҳақида ўзаро маслаҳатлашиб олдилар.
Шуҳратбек Тўрабоев, Чортоқ туманидаги “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси, халқ депутатлари Чортоқ тумани Кенгаши депутати, Ўзбекистон Экологик партияси туман Кенгаши раиси:
-Туманимизда Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган депутатлар асосан таълим ва ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари ҳисобланади. Шу боис, тарғибот тадбирларини бевосита ўз фаолиятига ҳамоҳанг тарзда олиб бориш мумкин. Жумладан, Концепциянинг экологик таълимни ривожлантириш, экологик маданиятни шакллантириш ва юксалтиришда оиланинг ҳамда таълим ташкилотларининг ролини янада оширишга йўналтирилган бўлимида мактабгача таълим,умумий ва ўрта махсус таълим тизими ташкилотларида экологик таълим ва тарбияни шакллантириш ҳамда юксалтиришнинг асосий чора-тадбирлари кўрсатиб ўтилган.
Булар сирасига ривожланган хорижий давлатлар таълим дастурларини таҳлил қилиш асосида мактабгача таълимнинг давлат ўқув дастурига тарбияланувчилар учун экологик маданият асосларини шакллантиришга қаратилган она табиатни асраб-авайлаш, унга нисбатан меҳр-муҳаббат туйғуларини кучайтириш мавзуларида томошалар ва саҳна кўринишларини ташкил этиш, атроф-муҳитни асраб-авайлашга бағишланган экологик бурчаклар ташкил этиш ва уларга қўйилган талабларни белгилаш, ҳар бир мактабда экологик бурчак, экологик боғлар ташкил этиш, уларга нисбатан қўйиладиган талабларни белгилаш, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотларида экологик тарғиботни амалга оширишнинг замонавий шаклларини жорий этиш, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим тизими ўқувчиларига мўлжалланган экологик мавзуларда ва «яшил истеъмол» маданиятининг кундалик қоидалари ўргатиб борилади.
Ўзини ўзи бошқариш органлари мутасаддилари, маҳалла фаолларига эса маҳаллаларда экологик маданиятни юксалтириш юзасидан манзилли тарғиботни амалга ошириш, аҳолига экологик қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятини етказиш бўйича чоралар кўриш вазифаси белгиланган. Бунда ҳам албатта жойлардаги устоз-муаллимларимиз яқиндан ёрдам беришади. Демак, маҳалла ва мактабда депутатларимиз учун экологик тарғиботни узвий ҳамкорликда олиб бориш, ташкил қилиш қийин бўлмайди.
Ёрқиной Исақова, тумандаги 11-умумтаълим мактаби директори, халқ депутатлари Чортоқ туман кенгаши депутати:
-Дарҳақиқат, Кенгашимиз раиси ҳақ гапни айтди. Аслида ҳар бир маданият аввало маҳалла ва мактабдан бошланади. Муомала, сўзлашиш маданияти, овқатланиш, кийиниш, жамоат жойларида ўзни тутиш, ҳаттоки уяли алоқа воситасидан фойдаланишда ҳам ўзига хос маданият талаблари борки, уларга амал қилмаслик инсоний фазилатларга соя солади. Умуман олиб айтганда, маданият тараққиёт омили, маърифат эса келажакни ёритувчи нур ҳисобланади. Ана энди экологик маданиятга риоя қилмаслик эса бевосита нафақат одамийликка, балки кишиларнинг турмуш тарзи, ҳаёти, инсоният келажагига жиддий хавф туғдиради. Чунки, ҳаётмиз манбаи бўлган сувни ифлос қилиш бу тўғридан-тўғри ризқимизни увол қилиш демакдир. Ахир барча тирик жонзотларнинг организмида сув асосий ўринда туради.
Хаттоки одамлар озиқ-овқатсиз бир ҳафта ўн кун яшаши мумкин, аммо, сувсиз уч кундан ортиқ яшаш қийин. Янада ачинарли жиҳати шуки, биз ичимлик сувини етарлича асрай олмаётган бир пайтда дунё аҳолисининг деярли ярми сувсизликдан азият чекяпти. Экологик маданият тарғиботида айнан шу каби жонли мисолларга алоҳида урғу беришимиз, асосли фактларга таяниб ташвиқот олиб боришимиз зарур бўлади.
Муяссар Тожибоева, тумандаги 7-умумтаълим мактаби она-тили ва адабиёт фани ўқитувчиси, халқ депутатлари Чортоқ туман кенгаши депутати:
-Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 15 майдаги “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ва у асосда қабул қилинган Концепция бугун мамлакатимиз аҳолиси ўртасида экологик маданиятни юксалтириш нақадар муҳим вазифа эканлигини кўрсатиб турибди. Негаки, жамиятда олиб борилаётган барча ислоҳотлар ўз йўлига, аммо бажараётган ҳар бир ишимиз асосида табиат ва унинг муҳофазаси тўғрисидаги қонунларни ўқиб-ўрганмасак, уларга риоя этмасак бошқа ютуқларимиз кўзланган самара бермайди. Айтайлик кўп қаватли уйни қуриб юзлаб оилаларни уйли-жойли қилдик. Аммо, унинг атрофида дарахтзор, яшил ва кўкаламзор ҳудуд, зарур сув манбаалари бўлмаса у ерда қандай қилиб бахтли яшаш мумкин.
Қолаверса, чиқиндини дуч келган жойга ташлаётган одам бу иши билан атрофга заҳар тарқатаётганини, касаллик ва зарарли микроблар учун қулай муҳит яратаётганини тушуниб етмаса бу қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?!. Айнан шу нарсалар экологик маданиятнинг асоси ҳисобланади. Атроф-муҳитга нисбатан одилона, холис муносабат, соҳага доир қонунларни ўрганиш ва ҳурматлаш экологик маданият демакдир. Бунга эришиш эса кунчалик қийин эмас, юртдошларимиз кўнглида хоҳиш ва истак бўлсин, инсонийлик бурчини ҳис қила олсин, холос.
Билимхон Багишева, тумандаги Созсой маҳалла фуқаролар йиғини ижтимоий ходими, халқ депутатлари Чортоқ туман кенгаши депутати:
-Концепциянинг аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришда маҳаллий вакиллик ва ижро органлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ролини кучайтиришга йўналтирилган бандида аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришда маҳаллий вакиллик ва ижро органлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ролини кучайтириш йўналишида аниқ чора-тадбирлар кўрсатиб ўтилган. Жумладан, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг экологик маданиятни юксалтириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлари, шунингдек, янги таҳрирдаги Конституцияда мустаҳкамланган ҳар кимнинг қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқини тўлақонли рўёбга чиқарилиши устидан назоратни янада кучайтирилади.
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларида Экология вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижаси, шунингдек, ҳудудларда атроф-муҳитнинг ҳолати ҳақидаги ҳисоботларини ҳар йили эшитиш амалиёти йўлга қўйилади. Ҳар ойда бир маротаба «Маҳаллани чиқиндидан холи ҳудудга айлантирамиз» шиори остида акциялар, ташвиқот тадбирлари ўтказиш йўлга қўйилиши кўрсатиб ўтилган.
Шуҳратбек Тўрабоев, Чортоқ туманидаги “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси, халқ депутатлари Чортоқ тумани Кенгаши депутати, Ўзбекистон Экологик партияси туман Кенгаши раиси:
-Суҳбатимиз мазмунидан кўриниб турибдики, ҳар бир депутатимиз Президентимизнинг “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ва у асосда қабул қилинган Концепция билан батафсил танишиб чиққан ва унинг тарғиботи бўйича ўз тушунчасига, режаларига эга. Эндиликда айни йўналишдаги тадбирларни кенгайтириш, самарадорлигини ошириш учун ўз ҳудудидаги алоқадор тизимлар билан ҳамкорликда пухта иш ташкил қилиш талаб этилади. Бу борада биз - Ўзбекистон Экологик партияси туман Кенгаши томонидан барча зарур амалий ёрдамни беришга тайёрмиз. Биргаликда, ҳамжиҳатликда қилинадиган ишда эса унум, барака бўлади.
Давра суҳбатини журналист
Абдукарим Қувватов ёзиб олди.