МАҲАЛЛА ОБОДЛИГИ – ЮРТ ОБОДЛИГИ
Амалдаги “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да юртимизнинг ҳар бир гўшасида кенг миқёсдаги ободончилик, бунёдкорлик ҳамда яратувчилик тадбирлари олиб борилмоқда. Хусусан, Наманган вилоятининг энг чекка ҳудудларидан бири саналган Нанай қишлоғида ҳам бу борада эътиборга лойиқ ўзгаришлар бор.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Нанай туризм қишлоғига айлантирилди. Бу азалдан обод ва кўркам қишлоқнинг янада гуллаб-яшнашига шароит яратди. Хусусан, қишлоқда экотуризмни ривожлантиришга мустаҳкам асос юзага келди. Маҳаллаларга молиявий мустақиллик берилганлиги экотуризм қишлоғининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш имкониятини кенгайтирди. Жумладан, жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиғи маблағларининг маълум қисмини маҳаллага берилиши жойлардаги бунёдкорлик ишларига салмоқли ҳисса қўшмоқда. Бу борадаги амалий тадбирлар самарадорлиги маҳалла еттилиги, жойлардаги маҳаллий Кенгашлар депутатлари ва нуронийлар вакиллари томонидан алоҳида назоратга олинган.
Айниқса, бу борада алоҳида ташаббус кўрсатаётган Ўзбекистон Экологик партияси фаоли, халқ депутатлари Янгиқўрғон тумани Кенгаши депутати Равшанбек Мирзаалиевнинг саъй-ҳаракатлари эътиборга молик. Унинг таъкидлашича, аввало, бунёдкорлик, ободончилик ва ривожланиш асосида атроф-муҳит мусаффолиги, табиатни асраб-авайлаш, экологик маданиятни юксалтириш муҳим ўрин тутади. Негаки, жонли табиатни ҳурмат қилмай туриб унинг бетакрор манзараси, беминнат неъматлари, чексиз саҳоватига эришиб бўлмайди.
-Инсонларнинг табиат билан муносабати, экологик муаммоларга ижобий ечим топиш бугуннинг долзарб вазифасига айланди, - дейди Равшанбек Мирзаалиев. – Жорий йил март ойининг сўнггида Президентимиз томонидан имзоланган битта қонун, иккита фармон ва учта қарорнинг барчаси мамлакатимизда табиатни асрашга доир қонунларнинг таъсир чорасини кучайтиришга, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, яшил ҳудудларни янада кўпайтириш, миллий табиат боғларини кенгайтириш, экологик таълимни кучайтиришга хизмат қилади. Шу боис, биз – Ўзбекистон Экологик партияси фаоллари жойларда ушбу ҳужжатлар тарғиботига алоҳида аҳамият бермоқдамиз. Шунингдек, маҳалламизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги тадбирларни уюшқоқлик билан ўтказиш, қишлоқ иқлимига мос, манзарали дарахт ва буталарни кўпайтиришга баҳолиқудрат ёрдам беряпмиз. Бунинг натижасида кўчалар, йўлларнинг икки ёни, маҳалла гузарлари ҳамда туризм масканларининг яшиллик даражаси ортиб боряпти.
Дарҳақиқат, туризм, экотуризмнинг ривожланиши бугун маҳалланинг иқтисодий имкониятларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.Шунга монанд Нанай қишлоғидаги тоғолди ва адирли жойлардаги экотуризм имкониятларидан унумли фойдаланиш мақсадида янги лойиҳалар ишга тушириляпти. Хусусан, биргина “Подшо ота” сойининг икки четида сунъий кўллар, қирғоқ минтақаларида қад кўтараётган меҳмонхоналар, меҳмон уйлари, умумий овқатланиш муассасалари, саломатлик йўлаги, дам олиш масканлари, сайлгоҳ, аттракцион ва автотураргоҳлар қишлоққа келаётган сайёҳлар сонини кескин ортишига олиб келди. Ана шундай экотуризм масканларидан бирига яна шу депутат – Равшанбек Мирзаалиев раҳбарлик қилади.
-Равшанбек Мирзаалиев нафақат депутат, балки танти ва саҳоватпеша тадбиркор сифатида ҳам маҳалладошлар ҳурматини қозонган, - дейди “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ойбек Мирзафаров. – У ҳамиша одамлар орасида, маҳалланинг ташвиши, муаммосини ўзиники деб билади. Маҳалладошлар ҳар қандай масалада унга сира иккиланмай мурожаат қилишади. Натижада бугун маҳалламизда деярли ечимини топмаган муаммолар қолмади. Хусусан, яқинда депутатимиз ҳомийлигида 570 та хонадонга хизмат қилувчи ичимлик суви тармоғи ишга туширилди. Унинг елиб-югуришлари натижасида ҳудуддаги мавжуд бешта кўчамиз тўла асфальтланди. Маҳалла марказидаги симёғочларга “ақлли чироқ”– тунги ёриткичлар ўрнатилди. Хусусан, мана ўтган кунги табиий офат – кучли сел натижасида қўшни қишлоқ билан боғловчи кўприк жиддий шикастланди ва депутат бу масалага тегишли ташкилотлар – туман, вилоят миқёсдаги мутасаддилар, мутахассислар эътиборини жалб этди ҳамда ҳозирда уни тезкор таъмирлаш чоралари кўрилмоқда. Негаки, мазкур кўприк икки қишлоқни бир-бири билан боғловчи муҳим объект сифатида катта аҳамиятга эга. Энг муҳими, депутатимиз экотуризм қишлоғимизда янги барпо этилаётган туризм масканлари, меҳмон уйлари, хизмат кўрсатиш шаҳобчаларини ишга туширишда тадбиркорларга яқиндан ёрдам бермоқда, тажрибаси билан ўртоқлашмоқда. Бунинг натижасида Нанайга нафақат мамлакатимиз бўйлаб, балки хорижлан келаётган сайёҳлар сони ҳам кўпайиб бормоқда. Жумладан, яқин кунларнинг ўзида Англия, Франция ва Туркиядан келган туристлар қишлоғимизда меҳмон бўлиб, яратилган шароитларни алоҳида эътироф этдилар.
Нанай қишлоғининг марказидан оқиб ўтувчи Подшоота сойи ўзининг шўҳ ва ўйноқи, зилол ва шифобахш суви билан ажралиб туради. Сойга номи берилган Подшо ота, унинг иниси Бува ота, уларнинг катта акаси Бобо Яхсизларнинг ҳам ўз тарихи бор. Ҳозирда улар дафн этилган тоғолди манзиллар зиёратгоҳга айланган. Хусусан, Бобо Яхсизнинг қабри Нанай қишлоғидаги мозорнинг марказида жойлашган бўлиб, катталиги энига 5, бўйига 7 метрни ташкил қилади. Қабр ёнида тарихдан гувоҳлик берувчи ёзувларга эга бир неча тошлар саф тортган.
-Қишлоғимизда нафақат кўча ва гузарлар, балки қабристонларни ҳам ободонлаштиришга алоҳида эътибор бериляпти, - дейди ободонлаштириш бўлими ходими Сайфулло Бойдедаев. – Жумаладан, мана шу қабристонни ҳудуди катта бўлгани боис анча йиллар давомида етарлича муҳофаза қилиб бўлмасди. Натижада мол-қўйлар кириб ўтлар, атрофни пайҳон қилиб юборарди. Қишлоғимиз туризм қишлоғига айлангач, мозоримизни, Бобо Яхсиз қабрини зиёрат қилувчилар ҳам кўпайди. Шунинг учун маҳалла фаоллари, хусусан, депутатимиз Равшанбек Мирзаалиев кўмагида қабристон атрофи девор билан ўраб чиқилди. Ичкаридаги йўл ва йўлаклар бетонлаштирилди. Бир неча турдаги дарахт ва бута кўчатлари экилди. Натижада бугун қабристон ҳақиқий маънодаги ям-яшил манзилга айланди. Ҳозир бу ерда турфа ўсимликлар, хусусан, халқ табобатида алоҳида ўринга эга бўлган далачой, бўзноч, кийик ўти, гулхайри, ширач сингари камёб, доривор гиёҳлар барқ уриб ривожланмоқда. Шуларни ҳисобга олган ҳолда ҳозирда қабристонимизни маданий мерос объектлари рўйхатига киритиш ҳаракати бошланган. Бу ишда ҳам депутатимиз Равшанбек Мирзаалиев асосий ташаббускор ҳисобланади.
Депутат ва тадбиркор сифатида эл хизматига бел боғлаган қаҳрамонимиз ҳудуддаги экотуризм ва гастрономик туризмни бирлаштирган ҳолда ривожлантириб бормоқда. Унинг “Гулизебо Гулноза” деб номланган оилавий корхонаси тасарруфидаги уй меҳмонхонаси, бешбармоқдан тортиб бошқа барча миллий таомларимизни тайёрлай оладиган универсал ошхона, бир неча коттеж ва кампуслар кун давомида икки минг нафаргача меҳмонга хизмат кўрсата олади. Меҳмонхонадаги шароитларнинг қулайлиги, ҳудуддаги турфа дарахтларнинг тартиб билан жойлаштирилиши, бетакрор ландшафт-дизайн ҳар қандай меҳмоннинг эътиборини тортади. Чунки, улар орасида ўта камёб ҳисобланган, хорижий давлатлардан келтирилган юзга яқин манзарали дарахтлар бор. Меҳмонларга кўрсатиладиган хизмат сифати эса юқори даражада ташкил этилади.
-Бугун синфдошлар жам бўлиб дам олгани келдик, - дейди Наманган шаҳридан ташриф буюрган меҳмон Қодиржон Собиров. – Салқин ва сўлим манзилда жойлашган бу манзил бизга ғоят манзур бўлди. Мусаффо тоғ ҳавоси, ям-яшил табиат, айниқса тинчлик ва осудалик, бир-бирини такрорламайдиган дарахтлар, атрофдаги қушлар кайфиятимизни кўтарди. Шароитлар аъло, хизмат кўрсатиш маданияти юқори. Кейинги сафар оила аъзоларимизни ҳам олиб келишни ният қилдик.
Ободлик қут-барака омили. Қаерда поклик, саранжом саришталикка интилиш бор экан, ўша манзил гуллаб-яшнайверади. Шу маънода Она табиатимиз муҳофазаси жонкуярларидан бири, эл ишончига муносиб бўла олаётган депутат, маҳалла ва юрт ободлигига салмоқли ҳисса қўшаётган тадбиркор ва саҳоватпеша инсон Равшанбек Мирзаалиевнинг фаолияти янада кенгайиб бориши, ривожланиши табиийдир. Негаки, эзгу ниятнинг ҳосиласи ҳам эзгу бўлади.