КОРРУПЦИЯ – ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ

КОРРУПЦИЯ – ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ

Мутахассисларнинг таъкидлашича, айни дамда дунёда кўплаб жиноятларга сабаб бўлаётган нафс балоси, яъни коррупция ва порахўрлик натижасида йилига бир триллион доллардан ортиқ маблағ ўзлаштирилади. Шунинг учун ҳам ушбу иллат “тараққиёт кушандаси” сифатида қораланади.

 

Коррупция жамият танасида аста-секин илдиз отувчи, аввало ишончни, кейин эса адолат туйғусини емирувчи иллатдир. У бор жойда қонуннинг кучи сусаяди, давлат хизматларининг сифати пасаяди, инсонларнинг ҳақли эътирози кучаяди.

“Ўзбекистон - 2030” стратегиясининг 89-бандида коррупциявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ишларини жадал давом эттириш вазифаси белгиланган. Коррупцияга қарши курашишда асосий эътиборни жиноятнинг оқибатига қарши курашишга эмас, аввало, уни келтириб чиқараётган омиллар ва сабабларга барҳам беришга қаратилмоқда.  

photo_2026-06-11_18-40-43

Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан ҳам амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида экологик муаммоларни бартараф этиш, табиатни асраш билан бирга, коррупцияга қарши курашиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Соҳада рухсат берувчи ҳужжатларни рақамлаштириш, сунъий интеллектдан фойдаланиш, ходимларни рағбатлантириш, уларнинг ойлик иш ҳақларини ошириш борасидаги ишлар фикримизга мисол бўла олади.

 

photo_2026-06-09_18-54-05

Халқимизда “Гуруч курмаксиз бўлмайди , деган нақл бор. Таассуфки, тизимда олиб борилаётган қатор тушунтириш-тарғибот ишларига қарамай айрим салбий ҳолатлар учраб турибди. Бош бошқармада бўлим  бошлиқлари ва инспекторлар иштирокида ўтказилган йиғилишда тизимни “Коррупциясиз соҳа”га айлантириш йўлида олиб борилаётган тадбирлар самарадорлигини оширишга янада эътиборни кучайтириш зарурати таъкидланди. Ҳар бир масъул ходим, мутахассис, инспекторларнинг бу борадаги масъулиятини  кучайтириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди. Шунингдек, тизим ходимлари ўртасида қонунларни ҳурмат қилиш, батафсил ўқиб-ўрганиш, уларни тарғиб қилиш борасидаги билим ва кўникмаларини  чуқурлаштириш юзасидан ҳам амалий ишлар кучайтирилиши белгилаб қўйилди. Зеро, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият бу каби иллатларга қарши курашда асосий омил саналади.

 

photo_2026-06-09_18-54-06

Коррупцияга қарши курашишда фуқароларнинг иштироки муҳим аҳамиятга эга. Бу борада жамоатчилик назорати, қонун бузилишлари ҳақида хабар бериш ва ҳалоллик тамойилини қўллаб-қувватлаш орқали ҳар бир фуқаро коррупцияга қарши курашишга ўз ҳиссасини қўша олади. Экологик ҳуқуқбузарлик лар ва коррупциянинг олдини олиш - табиатни асраш, инсон саломатлигини муҳофаза қилиш ва барқарор тараққиётни таъминлашнинг муҳим шарти ҳисобланади. Агар фуқаролар жамият ҳаётида фаол бўлмаса, тартиб-интизом, қонун-қоидаларни назорат қилиш фақат давлат органларининг иши деб ўйласа, тараққиётга ғов бўлаётган коррупция иллати ҳеч қачон барҳам топмайди. 

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек,  коррупция - давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид. Коррупцияга йўл қўйиш эса - ислоҳотларимизга хиёнатдир.

 

Жамолдин Маматов,

Андижон вилояти  Э кология ва иқлим ўзгариши  

бош бошқармаси коррупцияга қарши 

курашиш бўйича бош мутахассиси.