ЛОҚАЙДЛИК – ЭНГ КАТТА ДУШМАН
Табиат муҳофазаси, атроф-муҳитга нисбатан холис муносабат, курраи заминдаги жамики фауна ва флора вакилларини асраб-авайлаш бугун инсоният олдидаги долзарб вазифага айланди. Негаки, айни масалага эътиборсизлик, шунчаки бефарқ қараш, лоқайдлик ўзининг салбий оқибатларини кўрсатди. Она табиат ночор ҳолатга тушиб қолди ва уни ижобий томонга ўзгартириш учун энди йиллар керак бўлади.
Улуғнор – Андижон вилоятининг кенжа туманларидан бири. Ёз фасли қуш учса қаноти куядиган даражадаги иссиғи, қишда эса танага игнадек санчиладиган аёзи билан ажралиб туради. Ҳозирда деҳқончилик қилинадиган майдонлар ўтган асрнинг ярмида ҳам бийдек дашт бўлиб, адоғи кўринмас қум барҳанлари билан қопланган эди. Чўлни ўзлаштириш аввалида ҳар бир майдоннинг атрофига дарахтзорлардан иборат ихотазорлар ташкил этилди. Бу аввало қум кўчишининг олдини олса, иккинчидан ҳудудда яшил майдонларнинг кенгайишига хизмат қилди.
Афсуски, одамларнинг лоқайдлиги сабаб аср сўнггида туман ҳудудидаги минглаб гектарларда ястанган ихотазорлар яксон бўлди. Тўғрироғи, масъулиятсиз масъуллар, ўз нафсини ўйлаган ёғоч бизнеси эгаларининг ноқонуний ҳаракати билан нафақат дала четлари, ҳаттоки туман ҳудудидан ўтувчи катта-кичик автомобиль йўллари бўйидаги дарахтлар ҳам аёвсиз кесилиб кетди. Албатта, бу кейинчалик жойларда олиб борилаётган деҳқончилик ишлари, агротехник тадбирларга ўзининг салбий таъсирини кўрсатди.
Тўғри, бугун мамлакатимизда олиб борилаётган “Яшил макон” умумиллий лойиҳаси доирасида туман ҳудудига минглаб туп мевали ҳамда манзарали дарахт кўчатлари экиляпти. Хусусан, ўтган йилнинг кузи ва жорий йил кўкламида қарийиб 650 минг тупга яқин дарахт кўчатлари экилди. Жойларда “Яшил боғ”лар, яшил ҳудудлар, маҳалла ва гузарларда, дала ва йўл четларида дарахтзорлар барпо этилди. Бу борада вазият изига туша бошлади. Аммо, бундан ташқари жойларда чиқиндиларни бошқариш, тупроқ деградациясининг олдини олиш, сувдан оқилона фойдаланиш сингари масалаларда ҳам анчагина лоқайдлик бор. Мазкур лоқайдлик асосида эса масаланинг туб моҳиятига кира олмаслик, экологик маданиятнинг етишмаслиги муаммоси ётади. Айнан шу сабаб бугун қишлоқлар четида, кўп қаватли уйлар орасида ноқонуний чиқиндихоналар пайдо бўляпти. Эртаки ва мўмай даромад илинжида ўзи фойдаланаётган ерга истаганича кимёвий ўғит солаётган “деҳқон”нинг ҳосили оқибатда аҳоли саломатлигига жиддий хавф соляпти. Кимдир бугун оқар сув тармоғини канализация тизимига айлантираётган бўлса, унга истаган ахлати, зарарли ва заҳарли моддаларни ташлаётган бўлса бу ҳам бошқалар учун унчалик аҳамиятсиз, гўё.
Ахир бундай лоқайдлик, ўзибўларчилик, табиат ва ундан фойдаланиш соҳасидаги қонунларга, тартибларга ҳурматсизлик қачонгача давом этиши мумкин? Нега жонажон юртимизнинг ҳар гўшасини обод қилиш, табиий бойликларини ҳимоя қилиш, асраб-авайлашда ташаббус кўрсатмаймиз? Шу замин, шу тупоқ, мана шу сув, атрофимиздаги дарахтлар айнан бизнинг манфаатимизга хизмат қилади-ку?
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 15 майдаги “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорини ўқир эканман миямда шу каби саволлар тинмай айланаверди. Хусусан, шу қарор асосида қабул қилинган Концепция ижросидан кутилган натижалар кўнгилга анчайин ёруғлик бахш этади. Яъни, ушбу ҳужжатда белгиланган вазифаларни бажариш орқали 2030 йилгача бўлган даврда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳар бир шахснинг вазифаси бўлишига эришилади. Табиат ва шахс муносабатларида аҳолининг атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳиссини шакллантирилади, аҳоли, айниқса, ёшлар онгига табиатга муҳаббат руҳини, қонунларга риоя этиш тушунчаларини сингдириб борилади. Экологик маданиятни юксалтиришда тарғиботнинг инновацион усулларидан фойдаланиш йўлга қўйилади, бу борада оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтирилади. Мансабдор шахслар ва фуқароларда экология ҳамда атроф-муҳитга бўлган ҳурмат ҳиссини кучайтирилиб, табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунбузарликлар, ҳуқуқбузарликлар кескин камайтирилади.
Шу боис ҳам бугун Улуғнор туманида Президентимиз қарори ва шу асосда қабул қилинган экологик маданият тарғиботи Концепцияси қизғин муҳокама қилиняпти, ўқиб ўрганиляпти. Бунда Ўзбекистон Экологик партияси ва маҳалла фаоллари, халқ ҳурматига сазовор бўлган нуронийларимиз ёрдамига таянамиз. Энг муҳими, эндиликда атроф-муҳит муҳофазасига нисбатан эътиборсизлик, лоқайдликка қарши астойдил курашамиз. Чунки, ҳудди шу сабаб инсоният томонидан табиатга етказилган зарар кўлами ташвишлидир. Бугун хатоларни тузатишга фурсат бор, ундан оқилона фойдаланиш эса табиат олдидаги фарзандлик бурчимиздир.
Исмоилжон Ҳайитбоев,
Ўзбекистон Экологик партияси
Улуғнор тумани Кенгаши раиси.