КЕССАНГ, КЕСИЛАСАН...

КЕССАНГ, КЕСИЛАСАН...

Бугун кундалик турмушимизда “экологик маданият” жумласи тез-тез такрорланадиган бўлиб қолди. Буни кўпчилик тўғри тушунади, яна бошқалар эса “шунча маданият турганда бунисининг нима кераги бор” деган мулоҳазага бориши ҳам турган гап.  Лекин,  т абиат жонсиздек кўринсада унинг ҳар қандай қабоҳатга муносиб “туҳфаси” айрим кишиларнинг кўзини мошдек очиб қўяётганлиги айни ҳақиқат.    

 

Иззатбек исмига муносиб йигит бўлиб, ғоят иззатталаб, бирмунча шошқалоқ, шунингдек, “қуруғи”га муҳаббати  кучли шахслар тоифасидан эди. Қарангки, бир томонда узоқ йиллар раҳбарлик лавозимларида ишлаган отасининг қўллаб-қувватлаши, иккинчи томондан ёру-биродарларнинг кўмаги билан туман катталарининг эътиборига тушди. Унга яхшигина вазифани ишониб топширишди. Соҳада уч-тўрт йил ишлаган шоввознинг олдига  бир куни қўшни тумандаги ёғоч олди-соттиси билан шуғулланадиган танишлари келди. 

-Оғайни, туманингизда дарахтлар кўп экан, бизга турли тераклар, ўтинбоп тол ва буталар керак. Топиб берсангиз сизни ҳам қуруқ қўймаймиз, - дейишди улар. 

Ушбу таклиф Иззатбекни ўйлантириб қўйди. Бир-икки кун туманни айланиб вазият билан обдон танишди. Ҳақиқатда, маҳаллаларда, йўл бўйларида, далалар четида гуркираб ўсиб ётган дарахтлар унинг кўзига бойлик манбаи бўлиб кўринди. Мансаби, ваколати дан  фойдаланиб чекка-чекка ҳудудлардаги дарахтларни  кесиб сотиш бўйича танишларига ёрдам бера бошлади. Хаш-паш дегунча ёғочфурушлар берган ҳиссанинг чўғи кўтарилиб кетди. 

“Менга-ку, бу пул ҳисса, холос. Ўзлари қанча фойда қиляпти экан?”, дея ўйланиб қолди , даъфатан. Хуллас каллани ишлатса, ҳиссага эмас,  киссага кирим кўпайиши,  даромад янада мўмай бўлишини хомчўт қилди. Шу тариқа, энди танишларига дарахт топиб бериш ўрнига уни ўзи тўғридан-тўғри олиб-сотадиган бўлди. Кутилганидек, фойда бир неча баробарга кўпайди. Энди Иззатбек Иззатбойга айланди ва атрофдаги пулга ярайдиган дарахтларни ва ўтинбоп буталарнинг ҳам бизнесини гуллатиб юборди.

-Ҳов бола, нима қилаяпсан, туманни яйдоқ қилиб ташладинг-ку, сенинг дастингдан на даладаги, на маҳалладаги, на ташкилотлар олдидаги соя-салқин бериб турган, манзарали дарахтлар ҳам қолмади-ку?! – дея эътироз қилди туман катталари.

Иззатбек бунинг йўлини ҳам топди. Эътироз қилганлар олдига кириб бирров “қуллуқ”  қилиб чиқди. Шу билан олам гулистон, унинг мушугини ҳеч ким пишт демай қўйди. 

Аммо, бандасини рози қилган билан табиатни кўнглини олиб бўлмас экан. Унинг “кеса-кес”лари ўзининг жавобини олди. Бир куни галдаги дарахт кесиш пайтида катта гина  чинорнинг ён шоҳи тўғри Иззатбекнинг устига қараб йиқилди. Йигит жон ҳолатда қоча бошлади. Лекин, улгурмади, шошилишда қоқилиб йиқилди ва ўша шоҳнинг бир қисми оёқларини босиб тушди.

Кесилган ва кесилмаган дарахтлар жойида қолди. Уни тезда шифохонага олиб боришди. Шифокорлар жароҳати жиддий, кўп қон йўқотган Иззатнинг иккала оёғини ҳам кесиб ташлаш зарурлигини айтишди. Шу тариқа, гуркираб юрган йигит бир умрлик ногиронга айланди. Шифтга тикилиб, қилган ишларидан пушаймон бўлиб ётган кунларидан бирида  палатага    шогирдларидан бири кириб келди.

-Ака, мен ҳам дарахт кесиб сотсамми, деб турибман, фойдаси зўр экан, -деди унга қараб.

-Ҳа, фойдаси зўр. Фақат кейин менга ўхшаб бир умр пушаймонда қолмасанг бўлди.

-Нега?

-Негаки, кессанг бир куни ўзинг ҳам менга ўхшаб кесиласан, - деди у оёқларига ишора қилиб. Яхшиси, дарахтларни, табиатни ўз ҳолига қўй, бошқа бизнес билан шуғуллан. 

Қиссадан ҳисса шуки, бу оламда ҳар бир амалнинг жавоби бор. Айниқса, табиатга нисбатан тажовуз асло кечирилмайди.

 

Анваржон АБДУЛЛАЕВ, 

меҳнат фахрийси,  Ўзбекистон Экологик партияси фаоли,  

Наманган вилояти .