ИЗЛАСАНГ БАҲОНА БИСЁР, ИШЛАСАНГ ИМКОНИЯТ БОР
Бугун мамлакатимиз шаҳар ва қишлоқларида давлатимиз мустақиллигининг 34 йиллиги байрамига қизғин тадорик кўрилмоқда. Маҳалла ва гузарлар, кўчалар, корхона ва ташкилотларда ободончилик, саранжом-саришталик тадбирлари кучайган. Мақсад, атрофни пок ва файзли бўлишига эришиш. Негаки, пок жойда барака бўлади, бундай манзилларга байрамлар ҳам ярашади.
Кейинги йилларда Наманган вилоятининг Мингулоқ туманида ҳам ободончилик, қурилиш ва бунёдкорлик йўналишида қатор ижобий натижаларга эришилди. Туман маркази – Жомашўй шаҳарчасининг чиройига чирой қўшилди, сервис ва хизмат кўрсатиш юксалди. Савдо, ишлаб чиқариш, тадбиркорлик борасида эътиборга молик лойиҳалар амалга оширилди. Натижада шаҳарча ўзидаги имкониятлар билан вилоят маркази ва бошқа катта шаҳарлардан асло қолишмайдиган даражага етди.
Лекин, бугун Жомашўй шаҳарчаси кўчаларини айлансангиз қизиқ манзаранинг гувоҳи бўласиз. Чунки айни дамда шаҳарча чиройига соя солаётган оғриқли муаммо бор. У ҳам бўлса Мингбулоқ туманида санитар-тозалов корхонасининг талаб даражасида фаолият кўрсатмаётганлигидир. Техник, моддий ва ишчи кучи масаласида анчайин оқсаётган “Мусаффо иқлим” корхонасининг туман филиалида аҳоли ва ҳудуддаги ташкилотларга ўз вақтида хизмат кўрсатиш имконияти йўқ.
Натижада туман марказидаги кўчалардан чиқиндилар ўз вақтида ташиб кетилмаяпти. Хизмат кўрсатилган манзилларда эса фақатгина махсус қутидаги чиқинди олиняпти, ундан ортиб ерга тўкилган, атрофга сочилган ахлатлар эса шундайлигича қолиб кетмоқда. Энг қизиғи, ана шундай ҳолатни Жомашўй –Тўрақўрғон йўналишдаги асосий кўча бўйида бемалол учратиш мумкин. Ҳаттоки куппа-кундуз куни ахлат тўпламлари катта йўл чорраҳаси – светофорлар тагига ташлаб кетиляпти.
Биз бу ҳолатга изоҳ бериш учун “Мусаффо иқлим” корхонасининг туман филиали мутасаддиси Бахтиёр Тошпўлатовга мурожаат қилдик:
-Корхонамизда 8 та махсус автомашина бор, холос. Бугун унинг ҳам атиги 6 таси ишлаяпти. Туманда қирққа яқин маҳалла фуқаролар йиғини бўлиб, ундан 17 таси билан хизмат кўрсатиш юзасидан шартнома имзолаганмиз. Автомашиналаримиз аслида шу ҳудудларга ҳам етарлича кириб бора олмаяпти. Қолган маҳаллаларга ҳам хизмат кўрсатиш учун яна қўшимча махсус автотранспортлар сотиб олишимиз керак. Бунинг учун ҳозир зарур чоралар кўриляпти. Чиқинди қутиси атрофидаги, ерда тўпланган ахлатларни олмаётганимиз сабаб эса бизда ишчи кучи – юкловчилар етишмаяпти. Чунки аввал бизда юкловчиларнинг ойлик иш ҳақи 1 700 000 сўм эди ва бу ишчиларни қониқтирмади. Бугунга келиб бу миқдорни 2 700 000 – 3 000 000 сўмгача кўтардик, лекин ишлашни хоҳловчилар йўқ.
Санитар-тозалов корхонаси раҳбарининг бу сўзлари бир томондан қараганда вазиятни хаспўшлаш, иккинчи томондан қараганда эса ўринсиз баҳоналардан бошқа нарса эмас. Чунки, бу ташкилот туман аҳолисига хизмат кўрсатиш аввалида барча масъулиятни ўз зиммасига олган, чиқиндиларни ўз вақтида ташиб кетиш учун зарур шароитларни яратиш имконияти борлигини таъкидлаган. Лекин, ҳозирда тумандаги маҳаллаларнинг ярмига ҳам кўнгилдагидек фойдаси тегмаётган мазкур корхона раҳбарлари имкон ўрнига баҳона излаш билан банд. Бу эса тумандаги вазиятни янада жиддийлашишига сабаб бўляпти.
Хусусун, тумандаги Бирлашган маҳалла фуқаролар йиғинидаги ўн саккизинчи ва йигирманчи рақамли кўп қаватли уйлар оралағида юзага келган чиқиндихонадаги антисанитар ҳолат бу ерда яшовчи аҳолини заҳарламоқда. Кўп қаватли уйлар оралиғида чўзилган бу ахлатлар орасида ҳар нарсани кўриш мумкин. Пластик идишлар, озиқ-овқат қолдиқлари, тез айнийдиган бошқа маиший чиқиндилардан тортиб болалар тагликларини ҳам учратасиз. Улардан таралаётган бадбўй ҳид димоғни бўғади, бу ерда “даврон сураётган” ғуж-ғуж пашшалар эса турли юқумли касалликларни келтириб чиқармаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Яъни, бу жой бугун мутасаддилар томонидан эътиборсиз қолдирилаётган хавфли ҳудуд бўлиб турибди.
-Бу масалада туман ҳокимлиги, санитар-тозалов корхонасига мурожаат қилавериб чарчадик, натижа йўқ, – дейди шу уйларда яшовчи бир гуруҳ аёллар. – Бундан бир ой аввал ҳоким келганида ахлат олинган эди. Шу бўйича яна чиқиндилар тўпланиб кетди. Бир марта ўзимиз пул тўплаб олдирдик. Лекин яна тезда ҳаммаёқ чиқиндига тўлди. Бу ҳам майли, уйимизда канализация тармоғи йўқлиги боис барча оқава сувлар ҳовлининг орқа томонига тўпланиб қўланса ҳидли кўлмакка айланган. Асло нафас олишнинг иложи йўқ. Ҳудудимизга замонавий чиқинди йиғиш пункти ва канализация тармоғи қурилишини неча йиллардан бери орзу қиламиз, холос.
Маҳаллага ташрифимиз бесамар кетмади. Ҳолатни ўрганиш асносида санитар-тозалов корхонаси махсус машиналари чиқиндини йиғиштириб олишга жалб этилди. Бу бугунги чора, эртагачи? Агар ушбу муаммо тўла ва узил-кесил ҳал этилмаса яна чиқинди тўпланади, сассиқ ва бадбўй оқава сув яна атрофга ўз ҳидини таратаверади.
Ўйлаймизки, туман ҳокимлиги, соҳага мутасадди раҳбарлар бу борада тегишли чораларни кўришади. Бугун фақатгина баҳона излаш билан машғул санитар-тозалов корхонаси масъуллари фаолиятига тегишли баҳо бериш лозим, амалий ишга ўтиш имконини тезлаштириш зарур. Зеро, давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 10 июлда имзоланган мамлакатимиз мустақиллигининг 34 йиллигини муносиб кутиб олиш тўғридаги қарорига кўра, бу галги байрам тантаналари «Ватан учун, миллат учун, халқ учун!» ғояси остида ўтади. Ватан ободлигини таъминлаш, миллат равнақига хизмат қилиш, халқ розилигига эришиш ҳам байрамларимизга муносиб пойдевор бўлади.
Сўнгсўз ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, “еkopress.uz” ушбу мавзуга яна қайтади.
Абдукарим Қувватов,
муҳаррир.