ЮРТИМИЗНИНГ ШИФОБАХШ НЕЪМАТЛАРИ
Бугун инсоният янги-янги касалликлар, турли дардлар билан тўқнаш келяпти. Улардан халос бўлиш учун яна кўплаб дори-дармонлар, асосан кимёвий препаратларга мурожаат қилмоқда. Ҳолбуки, юртимизда ҳар қандай вазиятда беморлар учун қўл келадиган доривор ўсимликлар, табиий мевалар етарлича топилади. Эътиборингизга уларнинг айримлари хусусида мухтасар маълумотларни тақдим этамиз.
БОДОМ
Бодом мағзи таркибида кўп миқдорда мой, эмульсин ферменти, В1 ва В2 витаминлари, қанд, оқсил ва бошқа моддалар мавжуд. Халқ табобатида ширин бодом мағзининг қанд билан аралаштирилгани дармонсизлик, нафас қисиши, бош айланиш ва йўталга даво сифатида ишлатилади. Аччиқ бодомнинг мусаллас билан қўшилгани эшакемини даволашда, асал билан аралаштирилгани эса тошма яраларни қуритишда даводир. Бодомнинг сирка билан омихта қилингани замбуруғли касалликларга қарши восита ҳисобланади.
ЗАЙТУН
Зайтуннинг шифобахшлиги ҳақида Абу Али ибн Сино “Тиб қонунлари” китобининг иккинчи томида шундай деган: ...Ёввойи зайтун шираси қуритилиб, кулча қилинади ва қулоқ оқмасини даволашда ишлатилади... Чаён солиб қўйилган зайтун ёғи қулоқ оғриғига томизиладиган дориларнинг энг қимматлисидир... Елими кўзга тушган оқ ва мугуз қатламининг дағалланишига қарши ишлатилади”.
Зайтун мойи билан қилинадиган ташқи муолажада қуймич асаб толаларининг яллиғланишига, ниқрис (подагра) ва истисқо (водянка)ни енгиллаштиради. Уни газак ўти билан қайнатиб истеъмол қилинса, ичакнинг бураб оғриши тўхтайди, гижжалардан халос қилади.
ГИЛОС
Гилос халқ табобатида қувват бағишловчи неъмат сифатида тавсия этилади. Гулидан бод касаллигини даволашда фойдаланилади. Ҳақиқатдан ҳам гилос гуллари ўз таркибида салицил кислотасини сақлайди. Маълумки, бу модда ревматизмни даволашда илмий тиббиётда кенг кўламда ишлатилади.
Яна гилосни камқонлик (гипохром анемия) касаллигида истеъмол қилиш тавсия этилади. Чунки, гилос таркибида кўп миқдорда темир моддаси бор.
Дўлана халқ табобатида киши толиққанда, уйқусизликда юрак атрофида оғриқ пайдо бўлганида даво сифатида истеъмол қилинган. Абу Али ибн Сино дўлана мевасини ич кетишини тўхтатувчи восита сифатида тавсия этган. Бу меванинг шифобахш хусусиятларидан замонавий тиббиётда ҳам кенг фойдаланилади.
ДЎЛАНА
Дўлананинг спиртли эритмаси ва экстрактини шифокорлар ангионервоз (қон томирларининг неврози, қон томирларининг функционал касаллиги), юрак фаолиятининг бузилиши, қон босимининг ортиши, юқумли касалликларга чалинган беморлар юрагининг қувватсизланиши, танглай муртакларини яллиғланиши каби касалликлар билан оғриган беморларга ичишни тавсия қиладилар.
Дўлана кардиовален препарати таркибига киради. Унинг препаратлари юрак мушакларининг қисқаришини яхшилайди. Шунингдек, унинг безовталанишини, қон таркибидаги холестеринни камайтиради.
НАЪМАТАК
Наъматак мевалари халқ табобатида қадим замонлардан бери ишлатилиб келинмоқда. Унинг меваларидан тайёрланган дамламада ўпка сили, жигар, ўт қопчасининг яллиғланиши, ичак, буйрак, қовуқ касалликларини даволашда фойдаланилади. Шунингдек, наъматакнинг меваси асосида тайёрланган қайнатма қон тўхтатувчи, иситма туширувчи омил сифатида истеъмол қилинади.
Унинг фақатгина гул ва меваларигина шифобахш бўлиб қолмасдан, балки арглари асосида тайёрланган қайнатмаси ҳам меъда оғриқда наф беради. Халқ табобатида ҳатто наъматак илдизидан тайёрланган қовуқ ҳамда буйракка тош келиб, оғриқ берганда ичилса кишига анчагина енгиллик бериши тан олинган.
Илмий тиббиётда ишлатиш учун мевасидан дамлама, экстракт ва шарбат(ҳўл мевасидан) ҳамда таблеткалар, холосас каби доривор препаратлар тайёрланади. Мазкур препаратлар авитаминоз хасталигини, атеросклерозни даволашда, ўт ҳайдаш мақсадида тавсия этилади.
ИСИРИҚ
Исириқ қадим замонлардан бери шарқ халқлари тиббиётида қўлланилиб келинаётган шифобахш гиёҳлардан ҳисобланади. Халқ табобатида исириқнинг ер устки қисмининг қайнатмасидан тери касалликларида бодни даволашда ванна қилиш йўли билан фойдаланиш тавсия этилган. Шунингдек исириқдан тайёрланган қайнатма ва дамламалардан безгак, тутқаноқ, неврастения, шамоллаш билан боғлиқ бўлган касалликларда фойдаланилади. Ундан тайёрланган қайнатма билан оғиз чайқалса оғиз бўшлиғи ва томоқнинг шамоллашига қарши даво бўлади.
Абу Али ибн Сино исириқни қуймич асаблари шамоллаганда, тизза ва суяклар қақшаб оғриганда, оғриқ қолдирувчи омил сифатида ишлатишни тавсия этган. У исириқдан кучли сийдик ҳайдовчи дори сифатида фойдаланган.
ҚАРИҚИЗ
Қариқиз ўсимлигининг илдизини бодом мойига қўшиб дамлаб , сўнгра бошга суртилса, сочнинг тўкилиши анчагина камаяди. Мойи ажратиб олинган ширин бодомнинг мағзи терига суртилса, унинг ранги тиниқлашиб, латиф ва чиройли бўлади. Қизамиқ чиққан болаларга чучук бодом мағзининг пўстлоғидан қайнатма тайёрлаб ичирилса шифобахшдир.