ЁВВОЙИ ҲАЙВОНЛАРГА ЭЪТИБОР
Қирчиллама қиш қаҳри барча тирик жонзотларга ўз таъсирини ўтказяпти. Айниқса, чўл ва далаларда, кимсасиз кенгликларда тарқалган ёввойи ҳайвонлар ҳам бугун тирикчилик ғамида ўзини ҳар ёнга уради. Боиси, айни шароитда озуқа топиш анчайин мураккаб. Шундай экан, уларга имкон даражасида ёрдам бериш бугуннинг долзарб вазифаларидан бири.
Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, вилоят ИИБ ЖХХ жамоат тартибини сақлапш бошқармаси пост-патрул хизмати батьалони, “Миллий гвардия” хизмати ва Ўзбекистон овчи-балиқчилар спорт бирлашмаси вилоят бўлими ҳамкорликда эзгу тадбирга қўл уришди. Ташкилотчилар “Улуғнор овчилик хўжалиги”га ташриф буюриб, ҳудудда учрайдиган ёввойи ҳайвонлар учун озуқа келтиришди.
Улуғнор туманининг асосий ер майдони йигирма минг гектардан зиёд бўлиб, овчилик хўжалиги унинг ўзлаштирилмаган чўл қисмида жойлашган. Минг гектардан зиёд яйловлар, қум барханлари орасида эчкемар, тошбақа, тулки, қуён, илон, калтакесак каби ҳайвон ва судралиб юрувчилар, лайлак, ўрдак, чумчуқ, сўфитўрғай, қарға ва мусича каби бир неча қуш турлари учрайди.
Ҳудуднинг табиий шароити мазкур ҳайвон ва қушлар учун қулай бўлса-да, қаҳратон қиш кунларида егулик топиш муаммо саналади. Шунинг учун ташкилотчилар бир неча гуруҳларга бўлиниб, овчилик хўжалигининг турли манзилларига тарқалишди. Ўзлари олиб келган озуқаларни ёввойи ҳайвонлар инлари атрофига, улар озиқланадиган жойларга сепиб чиқишди.
Мазкур биотехник тадбирда кўзланган мақсад катта аҳамиятга эга. Бу билан нафақат ёввойи ҳайвонларни сақлаб қолиш мумкин, балки инсониятнинг табиатга бўлган меҳри кучайди. Ўз навбатида табиат ҳам инсонларга ўз меҳрини дариғ тутмайди.
Лочинбек Исамуддинов,
Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши
бошқармаси матбуот хизмати раҳбари.