ЖАМОАТЧИЛИК ЭШИТУВИ ЎТКАЗИЛДИ

ЖАМОАТЧИЛИК ЭШИТУВИ ЎТКАЗИЛДИ

Бугун “Андижонсувтаъминоти” акциядорлик жамиятида Ўзбекистон Экологик партияси Андижон вилояти Кенгаши томонидан “Мавжуд оқава сувларни тозалаш иншоотларининг бугунги холати, муаммолар ва таклифлар” мавзусида жамоатчилик эшитуви ўтказилди.  

 

Тадбирда Ўзбекистон Экологик партияси Андижон вилояти Кенгаши фаоллари, “Андижонсувтаъминоти” акциядорлик жамияти  тизимида  меҳнат қилаётган мутахассислар, шунингдек, вилоятда  фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар қатнашдилар. Унинг аввалида сўз олган Ўзбекистон Экологик партияси Андижон вилояти Кенгаши раиси Ҳуршидбек Юсупов кейинги йилларда мамлакатимизда атроф-муҳитни яхшилаш, фуқаролар учун қулай яшаш шароити яратиш мақсадида қабул қилинган кўплаб қарор ва фармонларга асосан аҳолини тоза ичимлик суви билан узлуксиз таъминлаш, канализация, оқова сув тармоқларини қуриш, мавжудларини замонавий кўринишда қайта таъмирлаш бўйича бажарилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони тасдиқланган бўлиб, унга кўра жойлардаги оқова сув тармоқларини фаолиятини жадаллаштириш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилган.

CZ3B3698

Бугунги кунда Ўзбекистон Экологик партияси томонидан экология соҳасига оид ана шу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида катта саъй-ҳаракатлар, амалий ишлар олиб борилмоқда. Бунга мисол сифатида Андижон вилоятидаги оқова сувларни тозалаш иншоотларининг бугунги кундаги холати, мавжуд муаммолар ва ечимлар юзасидан ўтказилаётган мазкур жамоатчилик эшитувини таъкидлаш мумкин.   

CZ3B3696

Жамоатчилик эшитувида кун тартибидаги масала юзасидан “Андижонсувтаъминоти” акциядорлик жамияти  бошлиғининг ўринбосари Зуҳриддин Шокировнинг ахбороти тингланди. Маърузачининг таъкидлашича,  ҳозирда Андижон вилоятида 7 та оқова сув тозалаш иншоотлари мавжуд бўлиб, уларнинг 2 таси Андижон ва Хонобод шаҳарларида, 5 таси Асака, Марҳамат, Қўрғонтепа, Хўжаобод ва Жалақудуқ туманларида жойлашган. Ўзбекистон Экологик партияси фаоллари, алоқадор идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан мазкур оқова сув тозалаш иншоотларининг ҳар бирида алоҳида жамоатчилик ўрганиши олиб борилди. Натижа  эса унчалар қувонарли эмас. Чунки, Андижон шаҳар оқава сувларни тозалаш иншоотининг қуввати суткасига 110 минг кубометр бўлгани холда у айни пайтда 70-80 минг кубометр  оқава сувларни қабул қилмоқда, холос. Асака  туманидаги Лабгардон оқава сув тозалаш иншоотининг кунлик қуввати 12  минг кубометр бўлгани холда бугун атиги ярим қувват билан ишламоқда. Яъни, ҳар куни бу ерда 6  минг кубометр оқава сув қабул қилинаётир. Бундан ташқари иншоотга сув олиб келувчи тармоқнинг умумий узунлиги 40,4  километр бўлиб, унинг 9  километри таъмирталаб бўлиб қолган. Иншоотнинг  30 фоизи ишчи ҳолатда бўлса, қолган 70 фоизини тезда таъмирлаш талаб этилади. Бу каби муаммолар бошқа  туманларда ҳам етарлича. Хусусан, Марҳамат туманидаги иншоотда оқава сувлардаги чиқиндиларни автоматик равишда ушлаб қолувчи элак ишдан чиққан. Қўрғонтепа оқава сувларни тозалаш иншооти эса ўтган йилдан бери ишламаяпти. Сабаби, иншоотдаги сув тозаловчи мембрана куйган, уни фаолиятини таъминловчи дастур издан чиққан. Хўжаобод оқова сувларни тозалаш иншооти  ҳам деярли ярим қувватда ишлаяпти. Бу ердаги насослар эскириб, алмаштириш  зарурати туғилган. Жалақудуқ туманидаги оқова сувларни тозалаш иншоотининг суткалик қуввати 500  кубометр бўлиб, у ҳам атиги 250-300 кубометр ҳажмдаги оқава сувларни қабул қилаётир. Қизиқ жиҳати, 2023  йилда фаолият бошлаган ушбу иншоотдаги мавжуд 5 та компрессор ҳалитдан таъмирталаб холга келган. Ушбу компрессорларни таъмирлаш орқали сувдаги чиқиндиларни ўлдирувчи бактериялар ишлаб чиқариш мумкин бўлади. 

CZ3B3712

Жамоатчилик эшитувидан сўнг партия фаоллари ва мутахассилар мазкур муаммолар ечими учун тезкор чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишга келишиб олдилар. Чунки, юқорида санаб ўтилган ҳар бир масалани ижобий ҳал қилишга катта миқдорда маблағ  зарур. Маблағни эса албатта халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг сессияларига масала киритиш орқали ҳал қилиш мумкин. Шу боис жамоатчилик эшитувининг тегишли қарори ишлаб чиқилди ва иштирокчиларга ўқиб эшиттирилди.  

CZ3B3726

Тадбир сўнггида мутахассилар оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган қатор саволларга атрофлича жавоб қайтардилар. Сувдек бебаҳо  неъматни қадрлаш борасида самарали тарғибот олиб бораётган ижодкорларга эсдалик совғалари топширилди. 

 

Муҳаммадрасул Маматқулов,

Ўзбекистон Экологик партияси 

Андижон вилояти Кенгаши

матбуот хизмати раҳбари.