ХАЛҚ ИШОНЧИ – ДИЛ ҚУВОНЧИ

ХАЛҚ ИШОНЧИ – ДИЛ ҚУВОНЧИ

 

Содда ва самимий, меҳнаткаш ва ҳокисор халқимиз бор. Унинг корига яраш, хизматини қилиш ҳар бир юртдошимиз учун шараф. Жумладан, маҳалладошлар ишончига сазовор бўлиш, уларнинг дарду-ташвишларига ечим топишда кўмаклашиш ҳаммага ҳам насиб этмайди. Мана олти ойдирки, халқ депутатлари Наманган тумани Кенгаши депутати сифатида маҳалла ҳаётининг барча жабҳаларига чуқурроқ кириб боришга тўғри келяпти. Бу ўзига яраша катта масъулият демакдир. 

 

Ўзбекистон Экологик партиясидан халқ депутатлари Наманган тумани Кенгаши депутатлигига менинг номзодим кўрсатилган Деҳқонобод ва Муллакудинг маҳаллаларида салкам олти минг нафар аҳоли яшайди. Шунча одамнинг ишонч билдириши, сайловда сенга овоз бериши кишига ўзгача ғурур бағишлар экан. Шу боис натижалар эълон қилинган кундан бошлаб халқ хизматига астойдил бел боғладим. Даставвал маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, фаоллар, ҳудудлардаги кўчабошилар билан ҳамқишлоқлар ёрдами, маҳаллий ҳокимият кўмагида ҳал этилиши мумкин бўлган ижтимоий масалалар ечимига режа туздик. Хусусан, Деҳқонобод маҳалласидаги қатор кўчалар анчадан бери таъмирланмаган, қолаверса, тор ва қинғир-қийшиқлиги боис аҳолига ҳам, қишлоққа келувчи меҳмонларга ҳам ноқулайлик туғдираётган эди. Бу ҳолатни ижобий томонга ўзгартириш учун ўзаро маслаҳатлашган ҳолда ҳар бир кўчани аниқ бир ўлчамда, йўлсозлар қўйган талаблар асосида кенгайтирдик. Бугун ҳудудимиздаги тўртта ана шундай кўчалар шу тариқа “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси асосида асфальтлашга тахт қилиб қўйилди.

CZ3B0428

Биргина бу эмас. Деҳқонобод маҳалласининг  иккита кўчасида бир пайтлар зовур устига қурилган ёғоч кўприклар ғоят эскириб, деярли яроқсиз ҳолга келиб қолганди. Транспорт воситасини айтмай қўя қолинг, ҳаттоки пиёда ҳаракатланувчи фуқаролар ҳам бу кўприклардан ғоят ҳайиқиб ўтардилар. Масаланинг ечими учун барча фаоллар жам бўлдик. Ҳар икки кўчанинг боғловчи иккита кўприк қурилиши ҳашар йўли билан бошлаб юборилди. Бунинг учун маҳалла аҳолиси, тадбиркор ва фермер хўжалиги раҳбарлари томонидан 100  миллион сўм маблағ сарфланди.  Қисқа муддатда барпо этилган ушбу кўприкларнинг фаолият бошлаши учун ҳамма бирдек ўз  ҳиссасини қўшди.

CZ3B0416

Маҳаллаларимиз туман маркази – Тошбулоқ шаҳарчасига яқин. Демакки, тадбиркорликни ривожлантириш, янги ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш, ёшлар учун янги иш ўринларини яратиш  кун тартибидаги яна бир муҳим вазифа эди. Бу борадаги изланишларимиз натижасида шу маҳалла фарзанди – пойтахтимиз Тошкентдаги каттагина тикув-трикотаж  корхонасини бошқараётган ёш тадбиркор Пўлатжон Ҳолматовга икки томонлама фойдали  таклиф билан чиқдик. Яъни, тадбиркор маҳаллада пойтахтдаги  каби ишлаб чиқариш корхонасини ишга солади, биз эса бунинг учун бино ва иншоотлар, ишчи кучи масаласида ёрдам қиладиган бўлдик. Тадбиркор таклифимизни маъқуллади ва бугун Деҳқонобод маҳалласи марказида бўш турган икки қаватли бино тикувчилик корхонаси учун ижара асосида ажратиб берилди. Бир пайтнинг ўзида маҳалла гузари ёнидан янги, замонавий корхона қурилиши учун ер майдони ажратилди. Ҳозирда мазкур бинонинг пойдевор қисми тайёр бўлди. Бир икки кун ичида деворларни кўтариш бошланади. Ҳозирда ижарадаги бинода эллик нафарга яқин аёл-қизлар ишлаётган бўлса, янги бино қуриб фойдаланишга топширилгач, қўшимча 100 та иш ўрни яратилади.

CZ3B0433

-Чеварларимиз тиккан кийимлар  тўғридан-тўғри қўшни давлат – Қозоғистонга экспорт қилинади, - дейди тадбиркор Пўлатжон Ҳолматов. – Бизнинг улар билан кўп йиллик шартномамиз бор. Шу боис ишлаб чиқариш кўлами, сифатига алоҳида эътибор қаратяпмиз. Айниқса, ўз маҳалласида мана шундай яхши даромадли, қулай иш ўрнига эга бўлган опа-сингилларимизнинг шодлиги бизни ҳам мамнун қилаётир.

CZ3B0450

Маҳаллада тадбиркорлик билан бирга томорқадан унумли фойдаланиш, кўча ва йўл четларини саранжом-саришта сақлаш, обод қилиш борасида ҳам талайгина натижаларга эришмоқдамиз. Хусусан, Деҳқонобод ва Муллакудинг маҳалла фуқаролар йиғинлари  раислари  Муҳайё Нурматова  ва Муҳриддин Сотволдиев,    маҳалла фаоли ва кўчабошилар Орифжон Тўрабоев, Ҳусанхон Солиев, Абдували Сиддиқовларни ҳудуда ҳамма бирдек ҳурмат қилади. Уларнинг ҳар бири ўзининг ибратли ҳаёти билан барчага бирдек намуна бўлаётган нуронийларимиздан ҳисобланади. Улар ёрдами билан маҳалладаги ҳар бир тадбир уюшқоқлик билан, камчиқим ва ортиқча оворогарчиликларсиз ўтказилади. 

Маҳалладошларимизнинг яна бир эътиборга лойиқ ҳаракати – ҳар куз ва кўкламда ҳудудимиздаги йўл бўйларига, гузарларга минглаб туп кўчатлар экамиз, биттадан боғ яратамиз.  Хусусан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025  йил 30 январдаги “Ўзбекистон –2030” стратегиясини “Атроф  муҳитни асраш ва “Яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони асосида белгилаб берилган Давлат дастурига асосан маҳалла ҳудудида жорий йил баҳорида ҳар икки маҳалланинг ички кўчалари ва аҳоли хонадонларида мевали ва манзарали дарахт кўчатлари,  райҳон, гултожи, атиргул ва бошқа гуллар, қаламчалар экилди ва парвариш қилиб бориляпти. “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” мезонларини жорий этиш учун  йил бошида ҳар бир хонадон, кўча ва қабристонларда ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари уюшқоқлик билан ташкил этилди. 

CZ3B0472

Мухтасар қилиб айтганда, сайловчилар ишончини оқлаш баробарида амалга оширилаётган амалий ишлар нафақат депутат сифатида менга, балки барча маҳалладошларимизга манзур бўлаётир. Ўз навбатида бу шарафли ишда менга кўмак бераётган, қанот бўлаётган барча фаолларимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман. 

 

Шуҳратжон Турдиев,

халқ депутатлари Наманган 

туман Кенгаши депутати.