ТААССУРОТЛАРГА БОЙ ТАДБИР
Ўзбекистон Экологик партияси Наманган вилояти Кенгаши ташаббуси билан Норин туманидаги Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида ёшлар иштирокида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уни тежаш маданиятини тарғиб қилиш мақсадида “Сувни тежаш – келажакка эътибор” шиори остида форум ташкил этилди.
Мутахассисларнинг шоҳидлик беришича, бугунги кунда дунёда 2,2 миллиард киши ичимлик суви таъминотидан етарлича фойдалана олмайди. 3,5 миллиард киши эса хавфсиз санитария шароитларига эга эмас. 2002 йилдан 2021 йилгача бўлган даврдаги қурғоқчиликдан 1,4 миллиарддан ортиқ одам жабр кўрди. 2022 йил ҳолатига кўра, дунё аҳолисининг тахминан ярми йилнинг камида бир қисмида кескин сув танқислигини бошдан кечирган, чорак қисми эса қайта тикланадиган манбалардан олинган йиллик чучук сув захираларининг 80 фоиздан ортиғини ишлатиб, "ўта юқори" сув танқислигига дуч келган. Иқлим ўзгариши бу борадаги вазиятни янада жиддийлашишига хизмат қиляпти.
Сув танқислиги муаммоси мамлакатимизда ҳам ўзининг илк белгиларини бера бошлади. Хусусан, ичимлик суви ҳамда қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган оқар сувлардан тежаб-тергаб, оқилона фойдаланиш кучайтирилмаса 2030 йилга бориб бу борада юртимизда ҳам қатор муаммолар келиб чиқади.
Ўзбекистон Экологик партияси Наманган вилояти Кенгаши фаоллари, депутатлар ҳамда ҳамкор ташкилотлар иштирокидаги ушбу тадбир аввалида меҳмонлар даставвал Норин туманидаги жамоат саломатлиги техникумида таълим олаётган ёшлар учун яратилган шароитлар билан атрофлича танишдилар. Ёшларнинг спорт-соғломлаштириш, маънавий-маърифий, адабиий-бадиий йўналишдаги амалий-ижодий қизиқишларини кўздан кечирдилар. Йигит-қизлар ўртасидаги шаҳмат-шашка, волейбол, эркин кураш мусобақалари, экология йўналишидаги расмлар танлови, миллий таомлар шоҳи – палов тайёрлаш бўйича беллашув, кутубхонадаги “Заковат” билимлар синови меҳмонларга ғоят манзур бўлди.
Шундан сўнг форум ўз ишини техникумнинг фаоллар залида давом эттирди. Унда сўз олган Ўзбекистон Экологик партияси Наманган вилояти Кенгаши раиси Музаффар Худойбердиев, халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши депутати Расулжон Тўйчиев, Норин тумани сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси директори ўринбосари Баҳодиржон Расулов сингари нотиқлар сувнинг келажак бойлиги эканлиги, ёшлар ва экологик маданият, Марказий Осиёда сув танқислиги муаммолари, оқава сувларни тозалаш ва сув тежовчи технологиялар, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида томчилатиб суғориш технологиялари жорий этишнинг зарурати ҳақидаги чиқишларида ёшларга кенг кўламли маълумот бердилар.
-Бугунги форум биз ёшлар учун ғоят фойдали бўлди, - дейди фаол талаба ёшлардан бири Муаззам Долимова. – Очиғи шу кунгача ҳар доим фойдаланадиганимиз ичимлик ва оқава сувларнинг инсон ҳаётидаги муҳим аҳамияти ҳақида асло бош қотириб кўрмаган эканмиз. Тадбирда сўзга чиққан мутахассислар таъкидлаганидек сувнинг ҳаёт манбаи, бебаҳо неъмат эканлигини яна бир бора дилдан ҳис қилдик. Хусусан, инсон танасининг ҳар битта ҳужайраси асосида ҳам сув мавжуд. Тўғрироғи, ҳужайраларимиз деярли сувдан иборат. Бош мия ҳужайраларининг 80 фоизи, мушакларнинг 76 фоизи, суяк тўқимасининг эса 25 фоизи сувдан иборат. Демакки, сувни асраш бу инсониятни, тирикликни асраш демакдир. Бугунги тадбирда қатнашган ҳар бир тенгдошимиз бу ҳаёт ҳақиқатини чуқур англаб етдилар. Бунинг учун форум ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Анжуман давомида ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил қилинди. Талаба ва устозлар меҳмонларга ўзларини қизиқтирган қатор саволларни йўлладилар. Жавоблар аниқ ва мухтасар бўлди. Пировардида Норин жамоат саломатлиги техникумининг қатор фаол талабалари, устозларига ёшлар форумини ташкил этишда ҳамда жамоат ишларидаги фаол иштироки, экологик маданият тарғиботи борасида қўшган ҳиссалари учун Ўзбекистон Экологик партияси Наманган вилояти Кенгашининг ташаккурномаси, эсдалик совғалари топширилди.
Мухтасар қилиб айтганда, экопартия фаоллари ва ёшлар ўртасидаги мунозаралардан иборат форум таассуротларга бой бўлди. Шу боис бу каби тадбирлар вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам мунтазам ўтказиб борилади.
Абдураҳим Ирисов,
Ўзбекистон Экологик партияси
Норин тумани Кенгаши раиси.