ТУРИЗМ САЛОҲИЯТИ – ТАРАҚҚИЁТ ИМКОНИЯТИ
Маълумки, бугун ҳар бир давлатдаги туризим салоҳиятини ривожлантиришга эътибор ана шу юртдаги ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий тараққиётга ҳам каттагина ҳисса қўшмоқда. Бу борада мамлакатимизда, жумладан Фарғона вилоятида ҳам аниқ мақсадга йўналтирилган ислоҳотлар олиб бориляпти.
Аслида Фарғона водийси азалдан ўзининг бетакрор табиати, иқлими, бири-биридан кўркам манзиллари, тарихий объектлари, сўлим шаҳар ва қишлоқлари билан юртимизнинг бошқа ҳудудларидан кескин ажралиб туради. Хусусан, бугун Фарғона вилоятида фаолият кўрсатаётган қатор тарихий-маданий, зиёрат, ҳунармандчилик, гастрономик, тиббиёт туризми ва агротуризм объектлари ҳамда дам олиш масканларини янада ривожлантириш, уларни кўришга келаётган маҳаллий ва хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш алоҳида эътибордаги масала ҳисобланади.
Шу ўринда вилоятдаги эътиборга молик қатор туризим объектлари хусусида атрофлича тўхталиб ўтиш жоиз. Улардан бири Марғилон шаҳридаги “Бурҳониддин Марғилоний” илмий-маърифий ва туризм мажмуаси ҳисобланади. Ушбу мажмуа замонавий маънавий-маърифий маскан бўлиб, унинг таркибида Ислом ҳуқуқшунослиги институти, музейлар, мақом театри, очиқ амфитеатр, ҳунармандлар маркази, меҳмонхона, карвонсарой ва бошқа хизмат кўрсатиш объектлари жам бўлган. Фарғона шаҳрида барпо этилган “Фарғона экспо” халқаро кўргазмалар маркази вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини янада кенгроқ намойиш этиш, саноат кооперациясини мустаҳкамлаш, экспорт фаолиятини рағбатлантириш ҳамда инвесторлар учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга хизмат қилаётир.

Вилоятда экотуризмни ривожлантириш асосларидан бири ҳисобланган яна бир муҳим объект – Қува туманидаги Каркидон сув омбори соҳилида барпо этилган ва у йил сайин янада кенгайиб бормоқда. Келгусида умумий майдони 250 гектарни ташкил этадиган ушбу ҳудуда ҳозирга қадар 57 та меҳмон уйи, 45 та шале уйи, умумий овқатланиш масканлари барпо этилди, шунингдек, мавжуд дам олиш масканлари реконструкция қилинди. Ҳудудни кўкаламзорлаштириш ишлари доирасида минглаб манзарали дарахт ва буталар экилди. Мажмуада агротуризм, экотуризм ва фаол дам олиш йўналишларини ривожлантиришга қаратилган инфратузилма объектлари ҳам ташкил этилмоқда. 
Аввалдан гавжум ва серқатнов Шоҳимардон қишлоғидаги саййёҳлик ҳудуди ўзининг шўх сойлари, тоғ манзаралари, кўл ва унинг соҳилидаги дам олиш масканлари билан ажралиб туради. Сўх туманидаги дам олиш масканлари эса асосан тоғ қўйнида, сой соҳилидаги манзаралар билан ғоят мафтункор кўринади. Сўх сув омбори атрофида яқин йилларда туризм ва дам олиш масканларини ривожлантириш лойиҳалари тайёрланмоқда. Фарғона туманидаги “Аввал” туристик-рекрацион зонасидаги дам олиш масканлари, Водил қишлоғининг манзаралари, Шоҳимардон дарёси атрофи, боғлар ва тоза ҳаволи ҳудуд вилоят экотуризмининг асосий манзиллари қаторида туради.

Фарғона вилоятининг шаҳар ва туманларида юртдошларимиз ва хорижлик меҳмонлар эътиборини ўзига жалб эта оладиган кўпгина зиёрат туризми объектлари ҳам бор. Хусусан, Қўқон шаҳридаги Худоёрхон саройи, яъни Хон ўрдаси ва унинг атрофидаги 3 та туризм маршрут кўчалари меҳмонларга юртимизнинг яқин ўтмиши билан яқиндан танишишга хизмат қилади. Марғилон шаҳридаги Хўжа Илғор ва Мулла Исматилло қори, Пири Сиддиқ зиёратгоҳлари, 400 йиллик тарихга эга Валихон тўра уйи, Фарғона туманидаги Ҳазрати Али Шоҳимардон зиёратгоҳи, Фарғона тумани Чимён қишлоғидаги Ҳувайдо зиёртагоҳи ҳам ўзига хос тарихий манзиллар ҳисобланади. Фарғона шаҳридаги Марказий боғ ҳудудида қад кўтарган Аҳмад ал-Фарғоний ҳайкали эса рамзий обидаларидан бири сифатида қайд этилган.

Бундан ташқари вилоятда учта музей ҳам ишлаб турибди. Улар сирасига ўз бағрига 100 мингдан зиёд тарихий экспонатларни жам қилган Фарғона тарихи ва маданияти давлат музейи, 2017 йилда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Қўқон шаҳрида ташкил этилган ва Ўзбекистоннинг буюк мутафаккирларига бағишланган “Буюк алломалар музейи”, Қува туманидаги Қува шаҳристон тепалиги археологик ёдгорлигини киритиш мумкин. Ушбу ёдгорлик Қубо – Қува шаҳрининг марказий қисми бўлиб, Ўзбекистон тарихидаги энг қадим шаҳар харобалари қаторидан жой олган.
Фарғона азалдан ҳунармандлар юрти сифатида донг таратган. Ҳозирда ҳам фарғоналик ҳунармандлар яратган қатор маҳсулотлар юртимиздагина эмас, жаҳон айвонида ҳам ўзининг муносиб харидорларига эга. Жумладан Марғилон ҳунармаднчилик маркази, Риштон туманидаги Алишер Назиров кулолчилик устахонаси, “Мингбоши керамик” оилавий кулолчилик корхонаси, “Халқаро куллолар маркази”да тайёрланаётган маҳсулотлар инсон қўли билан оддий лойдан нақадар нафис ва жозибадор санъат асарлари яратиш мумкинлигининг ҳаётий исботидир. 
Сирасини айтганда, Фарғонада вилоятнинг туризм салоҳиятини оширишга хизмат қиладиган объектлар етарлича. Улар қаторига қўшилаётган янги туризм манзиллари эса ўзининг хизмат кўрсатиш сифати, замонавий ҳамда кўркам қиёфаси билан қўшимча имкониятлар эшигини очмоқда. Шундай экан, юртошларимизни, хорижлик меҳмонларни ушбу манзиллар бўйлаб саёҳат қилишга, мириқиб дам олишга чақирамиз. Зеро, бир кунлик мазмунли дам инсонга йиллар давомида яхши кайфият, тетиклик бахш эхта олади.
Дилдора Давлатёрова,
Фарғона вилояти туризм
бошқармаси бошлиғи.