ТАДБИРЛАР МАВСУМИЙ ЭМАС

ТАДБИРЛАР МАВСУМИЙ ЭМАС

Бугун табиат муҳофазаси дунёдаги асосий уч муаммонинг бирига айланган. Негаки, курраи заминда аҳоли сони ортгани сари унинг атроф-муҳитга таъсири ҳам куча­йиб кетди. Мазкур вазият инсоният учун аввало қатор қулайликлар яратган бўлса, иккинчи томондан табиатни ночор ҳолга солиб қўйди. Одамлар орасида экологик билимларнинг етишмаслиги кечириб бўлмас хатоларга сабаб бўлди. 

 

Хўш, бугунги кунда инсоннинг табиатга муносабати қай аҳволда? Она сайёрамиздаги экологик вазият тобора жиддий тус олаётган асримизда одамзодни қандай хавф-хатарлар кутмоқда?  Фан ва техника ҳали ривожланмаган даврларда инсоннинг табиатга таъсири маҳаллий хусусиятга эга бўлиб, ўша ҳудуддагина сезилган бўлса, ҳозирда бир минтақадаги экологик инқироз бутун сайёрамиздаги ўзгаришларга сабаб бўлмоқда. Шундан келиб чиқиб, инсоннинг табиатга таъсирини уч гуруҳга: маҳаллий, регионал, сайё­равий турларга бўлиш мумкин.Табиатга маҳаллий таъсир кичик ҳудудда рўй беради. Масалан, бир дарё ҳавзасида сувнинг ифлосланиши, корхонанинг атроф-муҳитга чиқараётган зарарли газлари таъсирида ҳавонинг бузилиши шу атрофдаги табиатга хавф солади. Текислик ерларда сув омбори қурилса, иссиқ ўлкаларда ер ости шўр сувлари сатҳи кўтарилиб, тупроқ шўрланади. Иқлими мўътадил, илиқ ўлкаларда эса ботқоқлик кўпайиб, ўсимлик ва ҳайвонот оламида салбий ўзгаришлар рўй беради. Регионал экологик муаммога Орол денгизи инқирозини, глобал – сайёра миқёсидаги муаммога эса иқлим ўзгаришларини мисол қилиб олиш уммкин.

CZ3B9977

Чунки, кейинги йилларда ер юзида иқлимнинг исиб бораётгани олимларда катта ташвиш туғдирмоқда. Метеорологларнинг маълумотларига кўра, кейинги 15 йил сайёрамизда ҳарорат энг юқори йиллар бўлган. Оқибатда, ўтган асрнинг 60 йиллари охиридан бошлаб Ердаги қор ва муз қоплами 10 фоиздан ортиқ камайган. Чунончи, ер иқлими кейинги 30-40 йил ичида ўзгариб, ўртача ҳарорат турли жойларда бир қадар кўтарилгани қайд қилинган. Олимларнинг ҳисобига кўра, иқлим ўзгариши оқибатида ўсимлик ва ҳайвон турларининг 15 фоиздан 40 фоизгача қисми йўқолиб боряпти.  Масалан, кейинги йилларда Тошкент шаҳри ва унинг атрофида олақанот (афғон майнаси)нинг кўпайиб кетиши туфайли қалдирғоч, чумчуқ, мусичалар сезиларли камайган, булбул, сўфитўрғай, сассиқпопишак умуман кўринмай қолган.

CZ3B9980

Ер юзида аҳоли миллиардга етди. Шунча одамнинг эҳтиёжини қондириш баробарида, она сайёрамизни келажак авлод учун ҳам бус-бутунлигича сақлаб қолиш керак. Мамлакатимизда табиатдан оқилона фойдаланиш, унинг бойликларини муҳофаза қилиш, табиат билан инсон ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш борасида тегишли қонунларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этишга катта эътибор берилмоқда. 

CZ3B9972

Ўзбекистон Конституциясининг 50-моддасида "Фуқаролар табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар", 55-моддасида "Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир" деб мустаҳкамлаб қўйилган. Бу борадаги қонунларни ўқиб-ўрганиш, ўзининг экологик билимларини ошириб бориш ҳар бир юртдошимизнинг вазифасидир.

Бугун бутун дунёда экологик билимлар куни нишонланяпти. Экологик билимлар — инсон ва табиат ўртасидаги мураккаб муносабатларни тушунишга ёрдам берадиган назарий ва амалий билимлар мажмуасидир. Бу билимлар инсоннинг табиатга бўлган ижобий муносабати, яъни табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ифлосланишни камайтириш, биохилма-хилликни сақлаш ва экологик барқарорликни таъминлашда муҳим ўрин тутади. Экологик саводхон инсон ўз ҳаёт тарзи орқали атроф-муҳитга камроқ зарар етказади, қайта ишлаш, энергияни тежаш, тоза муҳитни сақлаш каби фаолиятларда фаол қатнашади ҳамда ҳаётининг ажралмас қисмига айланади.

CZ3B9986-1

Сана муносабати билан Ўзбекистон Экологик партияси Ёзёвон тумани Кенгаши фаоллари, депутатлари тумандаги маҳалла ва умумтаълим мактабларида бўлиб қатор суҳбат ва учрашувлар ташкил этишди. Унда мамлакатимизда соҳага доир қабул қилинган  қонунлар тарғиботига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, юртмизда давлат сиёсати даражасига кўтарилган "яшил иқтисодиёт"ни ривожлантириш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, ёшларнинг экологик билимларини оширишнинг аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритилди. Энг муҳими, мазкур тадбирлар мавсумий бўлиб қолмайди. Айни йўналишдаги тарғибот-тушунтириш ишлари тез-тез ўтказиб борилади. 

 

 

Отабек Қурбонов,

Ўзбекистон Экологик партияси

Ёзёвон тумани Кенгаши раиси.