ТАБИАТСЕВАР ОНАХОН

ТАБИАТСЕВАР ОНАХОН

Бугунги ёз  жазирмаси ҳар қандай  кишини қийнаб қўяётгани бор гап. Хусусан, бошқа тирик жонзотлар ҳам бу иссиқда  емиш ва сув истаб сарсон бўляпти. Ўтган куни ижтимоий тармоқларда тарқалган бир лавҳа шу хусусда бўлиб, у кўпчиликнинг эътиборини тортди.

 

Мазкур лавҳада ёши улуғ бир онахонни иссиқда қийналган қушга сув бераётганлиги акс эттирилган. Кейинчалик маълум бўлишича, ушбу лавҳа ижтимоий тармоқ фойдаланувчилар томонидан Андижон шаҳридаги вилоят болалар шифохонаси ҳудудида тасвирга олинган. Ўзига хос инсонийлик кўрсатган, табиат, унинг жонзотларига нисбатан меҳр-мурувватини аямаган онахоннинг исми шарифи эса Зоя Когай эканлиги аниқланди.

Албатта, бир қарашда бу оддийгина ҳолат бўлиши мумкин. Аммо, лавҳадаги кўриниш инсон ва табиат ўртасида азалдан мавжуд бўлган, кейинчалик анчайин сустлашиб кетган  табиий,  ўзаро муносабатнинг яққол намунаси саналади. Шу боис ҳам у кўпчилик кузатувчиларнинг эътиборини тортди ва   хайрихоҳлигига сабаб бўлди. Зеро, инсонлар, қуш ва ҳайвонлар, дарахт ҳамда ўсимликлар билан бирга биз бутун тириклик оламини ташкил қиламиз. Уларнинг бирортаси етишмаса, ҳаёт тугал бўлмайди, яъни тириклик занжири узилади.

photo_2024-08-03_12-15-07

Шу боис Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси вакиллари ҳам онахоннинг бу ибратли ҳаракатига бефарқ бўлмади. Аксинча, бошқарма мутасаддилари Зоя Когайни излаб топди ва унга қушга кўрсатган ҳиммати учун алоҳида миннатдорчилик билдирдилар.

-Қанийди ҳар бир юртдошимиз табиатга, унинг неъматлари, жонзот ва ўсимликларга нисбатан муносабатда шу онахондан ўрнак олсалар, ғоят улуғ иш бўларди, - дейди Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ҳокимжон Мақсумов. – Айнан шундай одамлар борлиги сабаб жойларда табиатга нисбатан ижобий муносабат бор. Истагимиз уларнинг сафи тобора кенгайиб бораверсин, бу табиат учун ҳам, жамият учун ҳам бирдек фойдалидир.

photo_2024-08-03_12-15-08 (2)

Учрашув давомида экологлар онахонга ўзларининг самимий миннатдорчиликларни билдирдилар. Унга табиат, унинг бир қисми саналмиш қушларга бўлган меҳри учун вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси раҳбариятининг ташаккурномаси эълон қилинди  ҳамда махсус совғаси топширилди.

Дарҳақиқат, юртимизда мана шундай атроф-муҳитга эътиборли инсонлар кун сайин кўпаяверсин. Негаки, табиат одамлар учун чексиз наъматларини муҳайё қилган бир пайтда биз ҳам унга  ўзимизнинг меҳру-муҳаббатимиз билан амалий жавоб қайтарайлик.  

 

Лочинбек Исомиддинов, 

Андижон вилояти экология, атроф-

муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши 

матбуот хизмати раҳбари.