ТАБИАТГА МЕҲР БЕРИНГ!
Фарғона вилояти экология ва иқлим ўзгариши бош
бошқармаси жамоасининг барча юртдошларимизга
М У Р О Ж А А Т И
Азиз юртдошлар!
Курраи заминдаги глобал ўзгаришлар сабаб иқлим ва об-ҳаво кескин ўзгарувчан бўлиб қолди. Хусусан, бугунги жазирама иссиқ кунларда жонли табиат бағридаги ҳар бири тирик жон, фауна ва флора вакиллари биз инсонлар ёрдами, эътиборига муҳтож. Шундай экан, биз уларга астойдил меҳр кўрсатайлик, қўлимиздан келганича уларга яшаш учун муносиб шароит яратиб, иссиқдан ҳимоя қилиш, ҳаёт давомийлигини сақлаб қолишга ёрдам берайлик.

Айниқса, бугунги аномал иссиқ об-ҳаво шароитда кўчаларимиз кўрки, ҳавомиз тозалиги ва келажагимиз гарови бўлган дарахтлар учун ҳар бир томчи сув жуда зарур. Шундай экан, бу борада тизимли иш ташкил қилаётган масъул ташкилотлар вакиллари меҳнати билан кифояланиб қолмасдан дарахтларни суғориш, уларга агротехник ишлов бериш, атрофини юмшатиш ва қондириб суғоришда уларга мададкор бўлайлик. Ва ушбу чақириқлар ҳар биримиз уучун бугуннинг асосий шиори бўлиб қолсин!
— Табиатга меҳр беринг!
— Дарахтга нафас беринг!
— Ҳар бир томчи сув — келажагимиз учун!
— Ҳар бир асраб қолинган дарахт — соғлом ҳаёт учун!
— Ҳар бир томчи сув — бир дарахтнинг ҳаёти!
— Бугун дарахт остига қуйилган бир челак сув эртага фарзандларимиз нафас оладиган мусаффо ҳаво, салқин соя ва яшил келажак бўлиб қайтади.
— Шу кунларда уйимиз, маҳалламиз ва иш жойимиз атрофидаги дарахтларга эрталаб ёки кечқурун сув қуяйлик!
— Кўча ва йўлларга эҳтиёткорлик билан сув сепиб, чанг кўтарилишининг олдини олайлик!
— Янги экилган кўчатларни парваришлашга бефарқ бўлмайлик!
Унутманг! Бир дарахтни суғориш — табиатга, жамиятга ва келажак авлодга қилинган савобли амалдир.
Фарғона вилояти Экология ва иқлим
ўзгариши бош бошқармаси жамоаси.