СОҒЛИК – ЭКОЛОГИЯГА БОҒЛИҚ

СОҒЛИК – ЭКОЛОГИЯГА БОҒЛИҚ

Тиб илмининг отаси, буюк салоҳиятли аллома, улуғ олим Абу Али Ибн Сино атроф-муҳит, ундаги унсурлар – тоза сув, ҳаво ва тупроқнинг инсон ҳаётидаги аҳамияти  ҳақида ғоят ўринли фикрлар билдирган. Ушбу унсурларнинг ифлосланиши, таркибининг ўзгариши кишилар ҳаёти ва соғлиғи учун жиддий зарарларни келтириб чиқаради. 

 

Таассуфки, бугун тириклик учун ғоят муҳим бўлган бу неъматлар антропоген омиллар натижасида керагидан ортиқ даражада зарарланяптики, юзага келаётган экологик муаммолар кўлами ҳам кенгайиб бормоқдаШунинг учун ҳам, атроф муҳитни экологик ҳавфсиз ҳолатга олиб келиш, организмларнинг барқарор ҳолатда яшаши, кўпайиши ва ривожланиши учун соғлом, қулай табиий шароит яратиш энг муҳим вазифалардан ҳисобланади. 

CZ3B3728

Шу боис биз бугун Поп туманидаги Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми муаллимлари жамоаси бўлғуси тиббиёт ходимларини тайёрлаш жараёнида таълимнинг ана шу жиҳатига алоҳида эътибор қаратяпмиз. Хусусан, бугун экология ва саломатлик ўзаро узвий боғланган бир тушунчага айланлиги, уларни сира айро тасаввур қилиб бўлмаслигини  талаба-ёшлар онгига сингдириб бориляпти. Шунингдек, тиббий билимлар билан бир қаторда   экология ва атроф -муҳит муҳофазаси билан боғлиқ тушунчалар, бу йўналишда мамлакатимизда қабул қилинган қонунлар, давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган фармон ва қарорлар доимий тарғиб қилиб бориляпти. Бунинг учун техникумда ташкил қилинган бир нечта “Экология хона”ларидан самарали фойдаланиляпти. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019  йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида экологик таълимни ривожлантириш Концепциясини  тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида таълим даргоҳида жонли бурчаклар ташкил қилинган. Таълим жараёнида Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги ва “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунлари ўзаро мувофиқлаштирилди ва шу орқали тизимга  экологик таълимни босқичма-босқич тадбиқ қилишга ўтилди. 

photo_2025-09-03_19-18-00

Ҳозирда Поп Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида салкам тўққиз юз нафар талаба “Ҳамширалик  иши”, “Даволаш иши”, “Тиббиёт бригадаси ҳамшираси”  ва “Фармация иши”  йўналишларида таълим олишяпти. Уларга 42 нафар малакали, ўз ишининг фидойиси бўлган устозлар билим беришяпти. Устозларимизнинг 90 фоизи  тоифага эга ўқитувчилардир. Шунинг учун ҳам йил сайин таълим самарадорлиги ортиб боряпти. Жумладан, таълим даргоҳимиз жорий йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган 27 та тиббиёт техникумлари   иштирокидаги  бўлиб ўтган бешинчи миллий чемпионатда фахрли учинчи ўринни эгаллади. Табиийки, бу натижа келгусида яна ҳам мустаҳкамланади. Чунки, педагогик жамоамизнинг шунга яраша салоҳияти, имконияти бор. 

photo_2025-09-26_11-36-27

Бундан ташқари бугун техникумда, шунингдек, туман аҳолиси, хусусан сайловчиларимиз орасида давлатимиз раҳбарининг шу йил 15 майдаги    “2030  йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида экологик маданият тарғиботи изчил олиб бориляпти. Чунки, бугунги экологик муаммолар замирида аввало атроф-муҳитга нисбатан эътиборсизлик, табиий бойликлардан нооқилона фойдаланиш, экологик маданиятнинг етишмаслиги асосий сабаб ҳисобланади. 

photo_2025-09-19_09-57-03

Қарорда кўрсатиб ўтилганидек, экологик маданият тарғиботи мактабгача таълимдан бошланиб олий таълимгача, ундан сўнг ўзини ўзи бошқариш органлари ва давлат идоралари  ходимларигача бўлган қатламни қамраб олади. Қарор ижросидан кутилаётган мақсадли кўрсаткичларга кўра 2030  йилгача бўлган даврда 3,3  миллион нафар мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари, 4,2  миллион умумий ўрта таълим тизими ўқувчилари, 400  минг нафар ўрта махсус  ва касбий таълим ташкилотлари ўқувчилари ҳамда 90  фоиз давлат органлари, корхона ва ташкилот ходимларида экологик маданиятни юксалтиришга эришилади. Бошқачароқ айтганда, экологик маданият тарғиботи тадбирларидан ҳеч ким четда қолмайди. 

photo_2025-09-26_11-36-58

Эътиборли жиҳати шундаки, экологик маданият тарғиботидаги асосий масъулият  Ўзбекистон Экологик партияси фаоллари, депутатлари зиммасига юклатилган. Шундай экан, биз мазкур масъулиятни теран англаган холда олиб борилаётган тизимли тарғибот ишлари янада кучайтирамиз. Негаки,  атроф-муҳит софлиги биз  инсонлар  саломатлиги асосидир. Қачонки табиатни, ундаги табиий ва моддий ресурсларни асрар эканмиз шундагина ўз соғлигимизни сақлаган бўламиз.   Демак, соғлик – экологияга боғлиқ. Бу ҳаётий ҳақиқатини асло унутмайлик.

photo_2025-09-19_10-52-20

Сўзимнинг якунида эса, юртимиздаги барча устозларни, келажагимиз ворисларини тарбиялаш йўлида матонат билан меҳнат қилаётган барча таълим ходимларини касб байрамлари муносабати билан самимий қутлайман. Маънавияту-маърифат қўрғонининг меъморлари, таълим тизимининг фидойилари ҳамиша соғ ва омон бўлинг!

 

Гулбаҳор Эргашева,

халқ депутатлари Поп туман Кенгаши депутати, 

Ўзбекистон Экологик партияси фаоли.