ЎРГАНИШЛАР САМАРА БЕРМОҚДА
Аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунбузилиши ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади. Шу боис вилоятдаги ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда экологларнинг ҳамкорликдаги ўрганишлари, тарғибот тадбирлари ўз самарасини бераётир.
Андижон вилояти прокуратураси, вилоят экология, атроф- муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида олиб борилган навбатдаги тарғибот-ташвиқот, профилактика ҳамда суриштирув, ўрганиш ишлари натижасида фуқаролардан бири томонидан ноқонуний тарзда бўри боқилаётганлиги маълум бўлди. Жумладан, Андижон шаҳар Фаробий маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи А.А шаҳар ҳудудидаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шаҳобчасида 2 дона Ўрта осиё бўрилари парвариш қилиш билан машғул бўлган. Яхшики, у ўзининг бу қилмиши ноқонуний эканлигини вақтида англаб етган ҳамда жорий йил 23 май куни ихтиёрий равишда бўриларни "Усмонобод файзи" масъулияти чекланган жамиятига қарашли “Ҳайвонот боғи”га олиб бориб топширган.
Бу ерда бўрилар тегишли тартибда ветеринария кўригидан ўтказилди ҳамда соғлом эканлиги аниқланди. Эндиликда ушбу ёввойи ҳайвонлар ҳайвонот боғида сақланади ҳамда уларни парвариши билан мутахассислар шуғулланадиган бўлди.
Яна шундай назорат-ўрганиш, тарғибот --ташвиқот тадбирларидан бири Балиқчи тумани ўтказилди. Туман прокуратураси, туман ички ишлар бўлими ҳамда вилоят экология, атроф- муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг туман бўлими ходимлари ҳамкорлигида тумандаги ташкилот, корхона ва маҳаллаларда тарғибот-ташвиқот, профилактика ҳамда суриштирув, ўрганиш ишлари олиб борилди.
Мазкур жараёнда аҳоли ўртасида экологик маданиятни юксалтиришнинг зарурати, аҳамияти ҳақида сўз юритилди. Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан шу йил 15 майда имзоланган “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор ҳамда экологик маданият тарғиботи тўғрисидаги Концепция мақсади, мазмунига алоҳида эътибор қаратиляпти.
Назорат тадбирлари самарадорлигини оширишда нафақат кундузги, балки тунги рейд тадбирлари ҳам муҳим ўрин тутади. Жумладан Андижон вилояти экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг Олтинкўл ҳамда Жалақудуқ туман бўлимлари ходимлари иштирокида ҳудудларда экологик ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида ўтказилган тунги назорат –рейд тадбирлари натижасида қатор ҳуқуқбузарликлар аниқланди. Жумладан, ўтган кунги мана шундай жараёнда белгиланмаган жойга чиқинди ташлаш билан боғлиқ учта ҳолат кузатилди ва ҳуқуқбузарларга қонунда белгиланган тартибда маъмурий жазо чоралари қўлланилди.
Андижон вилояти экология, атроф-
муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим
ўзгариши бошқармаси матбуот хизмати.