РАҲБАР ВА ЁШЛАР УЧРАШУВИ
Ёшлар юрт келажаги, эртамиз эгалари. Шу боис уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, мақсад ва орзуларига етишишида мададкор бўлиш биз катталарнинг асосий вазифамиз саналади. Бунинг учун доимо уларни тинглай олиш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, турли соҳаларда олиб бораётган фаолияти, ўқишларида таянч бўлишимиз лозим. Андижонда бўлиб ўтган раҳбар ва ёшлар учрашувида ана шу ҳақда сўз борди.
Мазкур учрашув Ўзбекистон Республикаси “Ёш экологлар” ҳаракати ва “Ёш туризм элчилари” Кенгашларининг 2024-2025 йилларга мўлжалланган иш режаларига мувофиқ ташкил этилди. Шу боис унга “Раҳбар ва ёш экологлар”, “Раҳбар ва ёш туризм элчилари” номи берилди.
Тадбирда даставвал Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг бўлим бошлиғи З.Абдуллаева сўз олди ва бугун мамлакатимизда табиат муҳофазаси борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда уларнинг самараси ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди. Табиийки, эришилаётган натижаларда эколог-мутахассислар, жамоатчилик вакиллари, экофаоллар билан бир қаторда ёшларимизнинг ҳам сезиларли ҳиссаси бор. Хусусан, “Ёш экологлар” ҳаракати ва “Ёш туризм элчилари” Кенгашлари аъзолари, фаолларининг саъй-ҳаракати билан жойларда учраб турадиган қатор муаммоларни бартараф этиш, унга жамаотчилик эътиборини қаратиш, ёшларнинг экологик маданиятини шакллантириш, аҳоли ўртасида экологик маданиятни юксалтириш борасида қатор амалий тадбирлар ўтказиб борилмоқда. Айниқса, бугун шаҳар ва туманлардаги умумтаълим мактабларида ёзги таътил дастури доирасида фаолият олиб бораётган оромгоҳлар ва ундаги “Ёш табиатсеварлар” тўгарагининг қизиқарли машғулотлари эътирофга лойиқ.
Шунингдек, тадбирда иштирок этган Андижон вилояти прокурорининг ўринбосари У.Ўтаев, вилоят ҳокимининг ўринбосари Д.Саттаров ҳамда вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи С.Дадамирзаевлар мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган юксак эътибор, давлатимиз томонидан улар учун яратилаётган шароит ва имкониятлар хусусида тўхталиб, ёшларни табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунларни пухта ўрганиши зарурлиги, ҳуқуқий ҳамда экологик маданиятнинг аҳамияти, яшил ҳудуд ҳамда яшил боғларни ташкил қилишда фаол қатнашиш, юртимиз флора ва фаунасини асраб-авайлашда эътиборли бўлишга чақирдилар
Раҳбар ва ёшлар учрашуви очиқ мулоқот тарзида ўтди. Унда сўз олган қатор ёшлар ҳам ўзларининг орзу-интилишлари, таклифлари ва экология соҳасида кўпчиликни қийнаётган муаммолар ечими ҳамда табиатни муҳофаза қилиш борасида ишга солиниши зарур бўлган қўшимча имкониятлар ҳақида сўзладилар.
Учрашувда ёшларга катта ишонч билдирилди. Уларнинг таклиф-мулоҳазалари тингланиб, келгусида табиатни муҳофаза қилиш борасида ҳамкорликда амалга ошириладиган режалар юзасидан келишиб олинди. Зеро, ёшлар бизнинг келажагимиз сифатида бугунги ислоҳотларда фаол бўлишлари лозим. Катталар эса айни йўналишда уларнинг ҳақиқий суянчи бўлишади.
Лочинбек Исомиддинов,
Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши
бошқармаси матбуот хизмати раҳбари.