ОСМОНИМИЗ МУСАФФО БЎЛСИН!
Бугун курраи заминдаги долзарб муаммолардан бири бу – атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, унга ташланаётган тутун ва зарарли газлар миқдорини кескин камайтириш ҳисобланади. Тўғри, бу борада қатор амалий тадбирлар бажариляпти, лекин уларнинг салмоғини янада ошириш, самарадорлигини кучайтириш талаб этилади.
Фарғона вилояти экологи ва иқлим ўзгараши бошқармаси ходимлари томонидан жойларда ўтказилаётган назорат тадбирларида бу масала алоҳида эътиборга олинган. Чунки, қатор ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналари фаолияти натижасида пайдо бўлаётган чиқиндилар, автомобиль ва транспорт воситалари ҳавога чиқараётган, қазилма ёқилғи – нефть, газ ва кўмирдан фойдаланиш оқибатида ҳавога кўтарилаётган зарарли ташламалар бугун атмосфера ҳавоси таркибига жиддий таъсир ўтказмоқда.

Ўтган куни Қувасой шаҳрида ўтказилган ўрганиш жараёнида ҳудуддаги Пакана маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “БМП анд Традинг” масъулияти чекланган жамияти шифер ишлаб чиқариш корхонасида атмосфера ҳавосига таъсир этувчи антропоген омилларни камайтириш, ҳудудда мўътадил микроиқлим шароитини сақлаш ҳамда экологик вазият таҳлил қилинди. Тунги рейд давомида корхонада иситиш жараёни табиий газ ёрдамида амалга оширилаётгани аниқланди. Шунингдек, корхона масъулларига жараёнда резина ва бошқа чиқиндиларни ёқмаслик, атмосфера ҳавосини ифлослантирмаслик, барча экологик талаб ва меъёрларга қатъий риоя қилиш бўйича тушунтириш ва огоҳлантиришлар берилди. Экологик хавфсизликни таъминлаш, ҳаво сифатига зарар етказиши мумкин бўлган омилларнинг олдини олиш ҳамда қонуний тартибни мустаҳкамлашга қаратилган мана шундай ўрганишлардан яна бири Қўштепа туманидаги Хумдон маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган қатор иссиқхоналар фаолияти мисолида ҳам ўрганилди. Тадбир давомида экологик талабларни бузган айрим иссиқхона эгалари аниқланиб, уларга белгиланган тартибда огоҳлантиришлар берилди. Шунингдек, объект эгалари билан амалдаги экологик қоидалар, техник регламентлар ҳамда хавфсизлик талабларига қатъий риоя этиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди. 
Албатта, бугун атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш барчамиз учун бирдек муҳим. Негаки, бу борадаги эътиборсизлик сабаб кейинги йилларда мамлакатимиздаги кўплаб шаҳарлар ўз ҳавосининг ифлосланиш даражаси бўйича дунёдаги катта-катта мегаполисларни ҳам ортда қолдиряпти. Бундан ташқари қатор табиий омиллар – иқлимнинг ўзгариши, сув ресурсларининг камайиб бориши, ерларнинг аста-секин чўлланиши, вулқон отилиши, чанг тўфонлари, ўрмон ёнғинлари ҳам ҳаво тозалигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Демакки, осмонимиз мусаффо бўлсин деган ҳар бир юртдошимиз бугун айни масалага жиддий ёндошмоғи, атмосфера ҳавоси муҳофазасига виждонан ҳисса қўшмоғи лозим.
Баҳодиржон Жўраев,
Фарғона вилояти экология ва иқлим
ўзгариши бош бошқармаси атмосфера
ҳавосини муҳофаза қилишни таъминлаш
шўъбаси бошлиғи.