НАНАЙ САЙЁҲЛАРНИ ЧОРЛАЙДИ

НАНАЙ САЙЁҲЛАРНИ ЧОРЛАЙДИ

Нанай – Наманган вилоятининг сўлим ва баҳаво, табиати гўзал ажиб қишлоқларидан бири. Бу манзилдан азал-азал сайёҳларнинг оёғи узилмайди. Эндиликда туризм қишлоғи мақомини олган ушбу масканга ташриф буюрувчилар сони кескин ортди. Боиси, қишлоқда табиатни қадрлайдиган, уни севадиган, атроф-муҳит ободлигини янада ривожлантиришга ҳисса қўшаётган фидойи инсонлар бор. Улардан бири халқ депутатлари Янгиқўрғон тумани Кенгаши депутати Равшанбек Мирзаалиевдир.

 

Аслида Равшанбек Мирзаалиев Нанай қишлоғини туризм масканига айлантиришнинг бош ташаббускорларидан дейиш мумкин. Чунки, айнан унинг фаолияти билан ҳамоҳанг тарзда Нанайга сайёҳлар оқими кўпая бошлади. Бугун “Равшан бешбармоқ” дейилса, ҳаттоки Қорақалпоғистоннинг “Борса келмас” деб номланадиган олис манзилидаги юртдошларимиз ҳам яхши билишади. Табиати бетакрор, бир ёни шарқироқ сойга, бир томони пурвиқор тоғларга туташиб кетган қишлоқнинг асл қиёфасини намоён этиш учун қаҳрамонимиз жуда кўп бош қотирди. Алалхусус, хонадонида тайёрланиши бошқа ҳудудлардан ўзига хослиги, таъм ва кўриниши билан бутунлай фарқ қиладиган бешбармоқ пиширишни бошлади. 

CZ3B1049

-Даставвал 2019  йилда турмуш ўртоғим иш бошлаганмиз, - дейди Равшанбек Мирзаалиев. – Икки хонали уйимизнинг бирида таом тайёрладик, иккинчисида  меҳмон кузатардик. Шунда узоқ йиллар қишлоғимиздаги дам олиш масканида тўплаган тажрибам қўл келди. Бешбармоқ  тайёрлашда бутун билимимни ишга солдим, энг муҳими  таомнинг ҳамири, масаллиқларига алоҳида эътибор қаратилди. Натижада кун сайин харидорларимиз кўпайди. Аввал ҳамқишлоқлар, кейин тумандагилар, сўнгра вилоят марказидан ва Наманганнинг барча туманларидан меҳмонлар кела бошлади. Бугун эса орадан беш йилдан зиёд вақт ўтиб бутун мамлакат “Равшан бешбармоқ” ҳақида яхши билади ва ташриф буюрувчилар ҳам шунга яраша.

CZ3B1046

Равшанбек Мирзаалиевнинг ютуқларидаги асосий омил у экотуризм ва гастрономик туризмни бирлаштира олди. Унинг саъй –ҳаракатлари давлатимиз раҳбарининг Наманган вилоятига ташрифларидан бирида алоҳида эътироф этилди. Шундан сўнг у ўз хонадони ўрнида “Гулизебо Гулноза” деб номланган оилавий корхона ташкил қилиб, уй меҳмонхонасига асос солди. Меҳмонхона билан ёндош қилиб янги ошхона барпо этилди. Унда ҳозирда бешбармоқ билан бир пайтда барча ўзбек миллий таомлари тайёрланади. Уй меҳмонхонадаги шароитларнинг қулайлиги, ҳудуддаги турфа дарахтларнинг жойлаштирилиши, бетакрор ландшафт-дизайн ҳар қандай меҳмонни дарров ўзига мафтун қилади. Чунки, улар орасида ўта камёб ҳисобланган, хорижий давлатлардан келтирилган 70 турдан ортиқ дарахтлар ҳам бор. Буларнинг барчаси учун тадбиркор томонидан 6  миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Лекин, бунёдкорлик жараёни асло тўхтагани йўқ.

CZ3B1066

-Уй меҳмонхонамиз 200 ўринга мўлжалланган, - дейди тадбиркор –депутат суҳбатимиз давомида. – Шунингдек, унга ёнига яна бир нечта дала ҳовлиларни жойлаштирдик. Бу дала ҳовлиларда меҳмонларнинг бир неча кун қолиб мароқли ҳордиқ чиқариши учун барча имкониятлар бор.  Жами бўлиб бир кунда 500 нафардан зиёд меҳмонларга хизмат кўрсата оламиз. Тоғнинг мусаффо ҳавоси, сокин ва сўлим табиат, тинч ва осуда қишлоқ ҳаёти, таъбга кўра барча таомларнинг борлиги ҳар қандай одамга маъқул келади. Мақсадимиз, шароитларни янада кенгайтириш, хизмат кўламини ошириш, сайёҳлар сонини бундан-да кўпайтиришга эришиш. Бунинг учун имкониятларимиз етарли.

Дарҳақиқат, бугун Равшанбек Мирзаалиевнинг ишлари қизиган. Бошида эр-хотин иккиси иш бошлаган бўлса, бугун бу ерда 30 дан зиёд янги иш ўринлари яратилган. У қишлоқдаги бешта кам таъминланган оила аъзоларини доимий иш билан таъминлади. Маошдан ташқари уларга моддий ёрдам, озиқ-овқат, ҳаттоки кийим-кечак масаласида ҳам ёрдам беради. Бундан ташқари депутатнинг жонсараклиги билан ҳудуддаги барча кўчаларга навбат билан асфальт ётқизилди. Навбат охирги кўча – депутатнинг ўз кўчасига келди. Галдаги “Ташаббусли бюджет”  лойиҳасида ғолиб бўлган маҳалладошлар айни ютуқни қўлга киритишда депутатнинг ҳиссаси катта эканлигини эътироф этишади. 

CZ3B1078

-Бу сафар иккинчи марта депутат бўлиб сайланишим, - дейди Равшанбек Мирзаалиев. – Биринчи сафар 2019  йилги сайловда қишлоқдаги азалий муаммо – ичимлик суви масаласини ҳал этаман, деб ҳамқишлоқлар ишончига сазовор бўлгандим. Ишонч катта масъулият, сайлов ўтиши билан маҳаллада иш бошладик. Қисқа фурсатда барча хонадонларга ичимлик суви кириб борди. Барча бирдек ҳурсанд бўлди, оқсоқоллар, нуронийларимизнинг дуоси янги ютуқларга йўл очди. Шунинг учун бўлса керак, бу галги сайловда ҳам ҳамма  бир овоздан яна менинг номзодимга овоз берди. Демак, халқимизга керак эканман, бу менинг бахтим, уларнинг ишончини оқлаш учун янада астойдил меҳнат қиламан.

Ўзбекистон Экологик партияси фаоли, табиат  муҳофазасининг асл жонкуяри, гўзаллик ва яратувчилик шайдоси Равшанбек Мирзаалиев ҳалол меҳнати  билан камол топаётир. Унинг қишлоқда туризмни ривожлантириш, янгидан-янги сервис ҳамда хизмат кўрсатиш шаҳобчаларини барпо этиш борасида қатор режалари бор. Бу ўз навбатида Нанайнинг туризм салоҳиятини бундан-да оширади. Қишлоқ ёшлари учун қўшимча иш ўринлари яратилади. Янги бинолар ҳудудга ўзгача чирой бахш этади. Эзгу ниятлар эса ҳамиша ўз ижобатини топади. Бу борада депутат ва тадбиркор, меҳнаткаш ва ташаббускор Равшабек Мирзаалиевнинг ишларига ривож, сиҳат –саломатлик тилаймиз.

 

Гулнора Бозорова,

Ўзбекистон Экологик партияси 

Янгиқўрғон тумани Кенгаши раиси.