МАҲАЛЛА – ИСЛОҲОТЛАР МАРКАЗИ

МАҲАЛЛА – ИСЛОҲОТЛАР МАРКАЗИ

Халқимизда азалдан маҳаллани Ватаннинг асоси, таянчи деб билишади. Негаки, барча эзгу ташаббуслар аввало шу манзилдан бошланади. Кейинги йилларда мамлакатимизда маҳаллага янада кучлироқ эътибор қаратилишининг сабаби ҳам шу. Хусусан, жорий – “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да бу борада қатор ижобий ўзгаришлар кутилмоқда. 

 

Бизнинг Чордана маҳалла фуқаролар йиғини Наманган вилояти,   Мингбулоқ туманининг энг чекка ҳудуди – Андижон вилояти билан қўшни манзилда жойлашган. Атрофи асосан қўриқ майдонлар, чўл ўрнида ташкил этилган, ҳозирда эса кун сайин обод ва кўркамлашиб бораётган қишлоқлардан бири. Бугун маҳалламиздаги 19  та кўчада салкам мингга яқин хонадон бўлиб, уларда 4794 нафар аҳоли яшайди.Маҳалла еттилиги ва фаолларимизнинг бош мақсади ҳамқишлоқларимиз турмуш тарзини янада юксалтириш, аҳоли даромадларини ошириш, ёшлар тарбиясини кучайтириш, атроф-муҳит ободончилигини таъминлаш, яшил ҳудудларни кенгайтиришдан иборат. 

photo_2026-03-21_19-19-36

Бунда маҳалланинг ҳурматга сазовор нуронийлари,  меҳнат фахрийларининг ҳаётий тажрибасига таянмоқдамиз. Жумладан, Ҳабибулло Худойқулов, Абдумўмин Тангрибердиев,  Адолатхон Бегалиева сингари отахон ва онахонлар ҳар бир ишда нафақат маҳалла еттилигини қўллаб-қувватлашмоқда, балки ҳар бир оилагача кириб бориб ўзларининг қимматли маслаҳатларини беришяпти. Бошқачароқ айтганда, ўзаро ҳамкорлик маҳалладаги муаммолар ечимини таъминлаш билан бир пайтда қатор янгиликларни оммалаштириш, эзгу ташаббусларни, янги ислоҳотларни кенг ёйилишига хизмат қиляпти. 

Ўтган куни маҳалламизда бу борадаги ютуқларни мустаҳкамлаш мақсадида маҳалладошлар билан амалий учрашув ташкил қилинди. Унда барча кўчалардан вакиллар, фаол ёшлар иштирок этишди. Суҳбат жараёнида Ўзбекистон Экологик партияси Мингбулоқ тумани Кенгаши раиси Фахриддин Исҳоқов, тумандаги 1-Қўриқобод сайлов округидан сайланган депутат Содиқжон Одиловлар ҳам қатнашдилар. 

photo_2026-03-21_19-20-09

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 16 февралдаги “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш”  йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги фармонини ўқиб-ўрганиш, унда белгилаб берилган вазифалар ижроси ҳақида сўз борди. Негаки, давлат дастурининг асосий йўналишлари тўғридан-тўғри маҳаллани ривожлантиришга қаратилган бўлиб, унга кўра йил давомида маҳаллаларда 10  мингдан зиёд ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳалари ишга туширилади. Бу ўз навбатида жойларда қўшимча 100  минг янги иш ўринлари яратилишига олиб келади.  Кейинги устувор йўналишда камбағаллик ва ишсизликдан ҳоли маҳаллалар сонини 3,5  мингтага етказиш кўзда тутилган. Маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантиришга 20 триллион сўм маблағ ажратилиб, уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш режалаштирилган. Шунингдек, маҳалладаги  муаммоларни бир вақтнинг ўзида тезкорлик билан ҳал қилишда барча давлат органларининг масъулияти оширилиб, назорат кучайтириладиган бўлди. 

photo_2026-03-21_19-20-18

Учрашув давомида экопартия фаоллари томонидан аҳоли ва ёшларнинг экологик маданиятини юксалтириш, маҳалладошларимизнинг атроф-муҳитга нисбатан бўлган муносабатини ижобий томонга ўзгартириш, бунда соҳага доир қонунларни ўқиб-ўрганиш, айниқса табиий бойликлар – ер ва сувдан оқилона фойдаланиш юзасидан ҳам қатор маълумотлар берилди. Негаки, Чордона маҳалласида томорқадан фойдаланишда бир қатор ижобий натижага эришилган бўлса-да, аҳолини ичимлик суви билан таъминлашда баъзи муаммолар йўқ эмас. Чунки, ҳудуддаги ичимлик сувининг яроқлилик даражаси талабга жавоб бермайди.Демакки, бу неъматни асраб-авайлаш, қадрига етиш зарур бўлади. 

Таъкидланишича, давлат дастурининг тегишли бандига кўра экологик мувозанатни таъминлаш ва сувдан оқилона фойдаланишни ташкил этиш бўйича устувор ислоҳотлар дастури алоҳида илова билан тасдиқланди. Уларнинг ижроси нафақат Мингбулоқ сингари қўриқ туманлар, балки бошқа ҳудудларда ҳам сувдан самарали фойдаланишни тартибга солади.

photo_2026-03-21_19-20-29

Тадбир давомида маҳалладошлар ўзларини қизиқтирган қатор саволлар, жумладан ечимини кутаётган муаммолар юзасидан маҳалла еттилиги, партия фаолларига мурожаат қилдилар. Уларнинг айримлари маҳалла фаоллари билан ўзаро ҳамкорликда ечимини топган бўлса, бошқа мурожаатларни тегишли давлат идоралари орқали ҳал этиш юзасидан келишиб олинди. Учрашув сўнггида эса Ўзбекистон Экологик партияси ҳамда маҳалла фаоллари, ёшлар  биргаликда маҳалла марказига қатор дарахт кўчатлари экишди.  

 

Аҳрорбек Ортиқов,

Мингбулоқ туманидаги Чордона маҳалла 

фуқаролар йиғини раиси, халқ депутатлари 

туман Кенгаши депутати.