КУНИМИЗ КАМЕРАЛАРГА ҚОЛДИ(МИ?)...

КУНИМИЗ КАМЕРАЛАРГА ҚОЛДИ(МИ?)...

Инсонлар тириклик оламининг энг олий вакили сифатида тафаккур, ақл ва фаросатга эга. У ўз ҳатти-ҳаракатини бошқара олади, ҳар бир ишнинг оқибати, фойда ёки зарари хусусида мушоҳада юритади. Лекин, баъзи ҳолларда билиб туриб тартибни, ҳаттоки қонунни бузиши мумкин ва масъулиятдан қочиш учун бу ҳолатни яширишга ҳам уринади. 

 

Бугун атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни асраб-авайлаш, чиқиндиларни дуч келган жойларга ташламаслик, аҳоли ўртасида экологик маданиятни кенг тарғиб қилиш  борасидаги амалий тадбирлар кучайтирилган. Шунга қарамай жойларда ҳали-ҳамон айрим кўнгилсиз ҳолатлар учраб турибди. Хусусан, баъзи фуқароларнинг лоқайдлиги сабаб маиший  чиқиндилар ҳудудларга ўрнатилган ахлат қутиларига етиб бормаяпти.   

Жумладан, Фарғона туманида ҳам кўп қаватли уйлар орасига етарли миқдорда чиқинди қутилари жойлаштирилган. Унга йиғилган ахлатлар белгиланган режа асосида махсус автомашиналар ёрдамида йиғиштириб кетилади. Бу доимий амалдаги тартиб. Шунга қарамай баъзи фуқаролар чиқиндиларни хоҳлаган пайтида, хоҳлаган жойига, хусусан, йўл ва сув бўйлари, кўп қаватли уйлар девори остига, дарахтлар орасига улоқтириб кетишяпти. Натижада бундай жойларда тездагина ноқонуний чиқиндихонлар пайдо бўлиб қоляпти. Бунинг қатор салбий оқибатлари бор. Аввало, шу ҳудуднинг орасталиги, ободлигига путур етади, иккинчидан ундан таралаётган ноҳуш ҳидлар кишиларнинг саломатлигига жиддий хавф туғдиради.  

photo_2025-04-25_17-08-25

Фарғона вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари, уларнинг шаҳар туманлари бўлими инспекторлари томонидан жойларда ўтказилаётган тарғибот тадбирларида бу ҳақда атрофлича тушунтириб бориляпти. Ўзбошимчалик билан қолдириб кетилган чиқиндиларнинг табиат ва инсонларга зарари жонли мисолларда кўрсатиб бериляпти. 

Афсуски, олиб борилган ишларга қарамай, ҳамон ўзбошимчаликнинг охири кўринмаяпти. Табиийки, мана шундай тартиббузар шахсларни доимий кузатиб туриш, содир этган ҳуқуқбузарлиги учун жавобгарликка тортиш осон эмас. Бунинг биргина йўли сифатида ҳудудларга кузатув камераларини ўрнатиш яхши самара беряпти.

photo_2025-04-25_17-08-25 (2)

Шу боис Фарғона вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг Фарғона тумани бўлими давлат инспекторлари томонидан  тумандаги “Водил” маҳалла фуқаролар йиғини, Марғилон  кўчасига кузатув камералари ўрнатилди. Бу камераларнинг асосий вазифаси фуқаролар томонидан белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаш ҳолатларини қайд этиш ҳисобланади. Шунингдек, камералар бундан бошқа турдаги экологик ҳуқуқбузарликларни ҳам аниқлашга хизмат қилади.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Наҳотки, бугун кунимиз мана шу кузатув камераларига қолди?  Нега энди маълум бир тартиббузарликни содир этмаслик учун ўзимизда куч топа олмаймиз? Ахир шу замин, шу Ватан бизники, ўзимизники. Уни пок сақлаш ҳам бизнинг вазифамиз. Поклик барака, соғлик  омили ҳисобланади. Шундай экан, камераларга тушиб қолмасликдан эмас, ўз виждонимиз олдида жавобгар бўлиб қолишдан сақланайлик.

 

Гулноза Тўхтасинова,

Фарғона вилояти экология, 

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва 

иқлим ўзгариши бошқармаси

матбуот хизмати раҳбари.