КУЛАСИЗМИ, ЁКИ КУЯСИЗМИ?..

КУЛАСИЗМИ, ЁКИ КУЯСИЗМИ?..

Кишининг табиатида лоқайдлик деган қусур бор. Айнан шу салбий камчилик уни хатолар домига ташлайди. Натижада унинг ҳаракатларида одамийликка хос бўлмаган кўринишлар ҳам кузатилади. Оқибатда атрофдаги  одамлар, жамият азият чекади. Фикримизнинг исботини Чинобод-Улуғнор йўли  четида ҳосил бўлган ноқонуний чиқиндихона мисолида кўриш мумкин. 

Очиғи, кейинги пайтда катта-катта айтомагистраллар, йўллар четида бу каби ҳолатларни учратиш янгилик бўлмай қолди. Қайсидир бефаросат ҳайдовчи уйидаги ахлатни йўл бўйига ташлаганини  кўрганлар уни тартибга чақириш ўрнига ундан “ўрнак”  олишаётгани ҳам бор гап. Йўқса, Ўрмонбек-Тўрттол йўлининг қирғоғи қисқа муддатда мана бундай ноқонуний чиқиндихонага айланиб қолмасди.

2024-01-05 08.45.07

2024-01-05 08.45.07
Инсон таъбини тирриқ қиладиган бу манзилда ахлатнинг барча турини учратиш мумкин. Улар орасида қоғоз, шиша синиқлари, болалар тагликлари, ҳайвон қолдиқлари ва хаттоки дори-дармон чиқиндиларини ҳам учратиш мумкин. Яхшики, ҳозир кунлар совуқ. Йўқса, атрофда сочилиб ётган тез айнувчи маҳсулот қолдиқларининг бадбўй ҳиди бир неча километр ҳудудга тарқалиши бор гап.

2024-01-05 08.45.232024-01-05 08.45.23
–Афсуски, мазкур ҳолат биринчиси эмас, – дейди “Зиёкор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Рустамжон  Асқаров. – Ўтган йили ҳам шу ҳудудда мана шундай салбий ҳолат бартараф этилганди. Маҳалла фаоллари томонидан назорат йўлга қўйилди. Лекин, шу йўлдан Улуғнорга ўтувчи   юк автомобиллари асосан тунги вақтларда ахлат тўкиб кетишяпти. Бу ҳолатга на кулишни биласиз, на куйишни биласиз. Наҳотки, баъзилар шунчалар тубан бўлиб кетишяпти?!. 

2024-01-05 08.45.27
Дарҳақиқат, икки туман чегерасида, аҳоли яшаш манзилидан нари бўлган бу овлоқ ҳудуд ана шундай инсофсиз ҳайдовчилар учун қўл келяпти. Улар айни  манзилга сира иккиланмай ахлат ташлаб кетишяпти. Юк машиналаридаги чиқинди салмоғи тездагина каттагина майдонга ёйиляпти. 

2024-01-05 08.45.29
Албатта, вазиятни шундай қолдриб бўлмайди. Шу боис Андижон вилояти табиатни, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш  ва иқлим ўзгариши бошқарамаси Балиқчи тумани инспекцияси ходимлари, туман ободонлаштириш бошқармаси, “Фиорензо” масъулияти чекланган жамияти мутасаддилари билан ҳамкорликда ушбу ноқонуний чиқиндихонани бартараф этиш чоралари кўрилди. Қисқа муддат бу ердаги ахлатлар ташиб кетилди. 

2024-01-05 08.45.33
Эндиликда бу ерда доимий назорат юритилади. Хусусан, ушбу ҳудуд маҳаллада яшовчи автомобил таъмирловчи уста Зафарбек Ибрагимов томонидан ободонлаштирилади. Автомобилларга хизмат кўрсатувчи  автосервис барпо этилади. Йўл бўйига дарахтлар экилади. Ҳозирда бунинг учун тегишли ҳужжатлар тайёрланмоқда. Бир сўз билан айтганда, энди бу манзилнинг ўз эгаси бўлади. 

Биз эса юртдошларимизни мана шундай салбий ҳолатларга нисбатан муросасиз бўлишга чақирамиз. Бунинг учун оила, маҳалла, жамиятда экологик маданиятни кенг тарғиб қилиш, атроф-муҳитга нисбатан холисона муносабатда бўлиш талаб этилади. 

 

Иззатилло Тошканов, 

Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни 

муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши 

бошқарамаси Балиқчи тумани бўлими бошлиғи.