КОНЦЕПЦИЯ – МУҲИМ ДАСТУРИЛАМАЛ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 майдаги “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан қабул қилинган Концепция юртимизда экологик маданиятни юксалтиришнинг қонуний асоси бўлиб хизмат қилади. Жойларда жорий йил 17 майдан кучга кирган ушбу ҳужжат тарғиботи қизғин бошланиб кетди.
Экологик маданиятни юкасалтириш тўғрисидаги Концепция беш боб, ўн саккиз банддан ибораб бўлиб, унда умумий қоидалар билан бирга мазкур ҳужжатнинг асосий мақсад ва вазифалари, аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришнинг ҳуқуқий ва услубий базасини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш, экологик таълимни ривожлантириш, экологик маданиятни шакллантириш ва юксалтиришда оиланинг ҳамда таълим ташкилотларининг ролини янада ошириш, экологик маданиятни юксалтиришда давлат органлари, шу жумладан, маҳаллий вакиллик ва ижро органлари фаолиятини такомиллаштириш, экологик таълимни юксалтиришда фуқаролик жамиятлари институтлари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг ролини янада ошириш йўналишлари аниқ белгилаб берилган.
Якунда эса концепцияни амалга оширишдан кутилаётган натижалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилган. Хусусан, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳар бир шахснинг вазифаси бўлишига эришилади. Табиат ва шахс муносабатларида аҳолининг атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳисси шакллантирилади. Аҳоли, айниқса ёшлар онгига табиатга муҳаббат руҳини, қонунларга риоя этиш тушунчалари сингдириб борилади. Экологик маданиятни юксалтиришда тарғиботнинг инновацион усулларидан фойдаланиш, бу борада оммавий ахборот воситалари ролини кучайтиришга эътибор қаратилади. Шунингдек, мансабдор шахслар ва фуқароларда экология ҳамда атроф-муҳитга бўлган ҳурмат ҳиссини кучайтириш, экологик ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг самарадорлигини таъминлашга эришилади.
Яна бир муҳим вазифа – экологик маданиятни юксалтиришда давлат органлари, шу жумладан, маҳаллий вакиллик ва ижро органлари фаолиятини такомиллаштириш йўналишига кўра давлат органлари, корхона ва муассасалар ходимларининг экологик маданиятини ошириш учун бепул ўқув курслари ташкил этилади. Экологик тарғибот гуруҳлари тузилади ва бу борада услубий қўлланма ишлаб чиқилади. Гуруҳ аъзолари эса ана шу қўлланма ва бошқа маълумотлардан фойдаланган ҳолда жойларда доимий равишда экологик маданият тарғиботини олиб борадилар.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 15 майдаги “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига кўра экологик маданият тарғиботи юзасидан асосий вазифалар Ўзбекистон Экологик партияси зиммасига юклатилган. Шу боис бугун партия фаоллари ҳамда депутатларимиз корхона ва ташкилот, таълим муассасаларида мазкур қарор ва Концепция, уларда кўзда тутилган мақсад ҳамда вазифалар тарғиботини бошлаб юбордилар. Ана шундай тадбирлар бугун Избоскан туманидаги қатор касб-ҳунар мактаблари ҳамда умумий ўрта таълим мактабларида ўтказилди. Унда партия фаоллари, депутатлар, туман соғлиқни сақлаш бўлими мутахассислари иштирок этишди.
-Президентимиз қарори асосида қабул қилинган концепциянинг аҳамияти беқиёс, - дейди Избоскан тумани тиббиёт бирлашмаси врач-эпидемиологи Ҳасанбой Сайдалиев. – Чунки, бугун айнан экологик маданият етишмаслиги сабаб табиатда ҳам, жамиятда ҳам муаммолар жиддийлашиб боряпти. Табиатдаги муаммолар сабаб ҳаво булғаняпти, дарахтзорлар камайиб кетяпти, чиқиндиларни дуч келган жойга ташланяпти. Буларнинг ҳаммаси тириклик учун катта хавф ҳисобланади. Ифлосланган ҳаво ва сув танамизни заҳарламоқда, ўсимлик дунёсининг камайиши иқлим ўзгаришларига олиб келяпти, чиқиндилардан тарқаладиган қатор касалликларнинг хавфи ҳам яна бир алоҳда мавзу. Шу боис ушбу Концепция тарғиботида биз – шифокорлар ҳам фаол иштирок этамиз. Негаки, экологик маданият бу соғлом турмуш тарзи, экологик маданият бу ўзликни, тирикликни ҳимоя қилиш демакдир.
Дарҳақиқат, эндиликда Концепция мамлакатимизда экологик маданиятни шакллантириш ва юксалтиришда қонуний асос бўлиб хизмат қилади. Авваллари бу ҳақда кўп ва хўп айтилганига қарамай тадбирлар самараси кўринмаётган эди. Эндиликда концепцияни ўқиб-ўрганиш, бу бўйича иш ташкил қилиш ҳар бир юртдошимизнинг бурчига айланади. Негаки, экологик муаммолар ечими, табиат муҳофазаси ва ундан оқилона фойдаланишда экологик маданиятдан кўра муносиб чора йўқ ва бўлмайди ҳам. Шундай экан, Ўзбекистон Экологик партияси фаоллари ҳамда депутатларимиз Концепцияни туманимиздаги ҳар бир хонадон, ҳар бир фуқаронинг қалбига кириб бориши учун барча имкониятларимизни ишга соламиз.
Муроджон Сирожиддинов,
Халқ депутатлари Избоскан тумани Кенгаши депутати,
Ўзбекистон Экологик партияси туман Кенгаши раиси.